Фарғонадаги барча туман ва шаҳар ҳокимларига Ялтадаги санаторийда соғлиғини тиклаш имконияти берилди

Фарғонадаги барча туман ва шаҳар ҳокимларига Ялтадаги санаторийда соғлиғини тиклаш имконияти берилди

Ўзбекистон президенти томонидан барча маҳаллий ҳокимлик ҳамда сектор раҳбарларининг меҳнат таътилига чиқиши ва даволанишини 2 босқичда ўтказиш маъқулланди, деб хабар беради ЎзА.

Маълумотларга кўра, таътил «Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси асосида ва Президент администрациясининг 25 декабрдаги топшириғига асосан ўтказилмоқда. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари ва ёрдамчилари, ташкилий-кадрлар гуруҳлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари учун меҳнат таътиллари тегишли муддатга белгиланган.

Биринчи босқичда таътилга чиқаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг вазифалари вақтинчалик ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклатилган. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қарорлар ва фармойишлар туман ва шаҳар ҳокими вазифаларини бажариш вақтинча юкланган ҳоким ўринбосарлари томонидан туман ва шаҳар ҳокими билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

Шунингдек, ҳокимларга уларнинг ўринбосарларини 2022 йил 17 январдан соғлиғини тиклаш мақсадида меҳнат таътилига чиқаришни таъминлаш топширилган.

Шаҳар ва туман ҳокимлари Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон ва 2-сон шифохоналари, «Қибрай», Россиядаги Ўзбекистон ва Ялта санаторийларида ҳамда Касаба уюшмалари федерациясининг «Чинобод Плаза», «Турон» ва «Оқтош» санаторийларида соғлиғини тиклайди. Қувасой шаҳар ҳокими яқинда иш бошлагани боис иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги тиббиёт бош бошқармаси рўйхатида туради. Уларга зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида.