Эрдўғоннинг ташрифи доирасида яна бир муҳим воқеа содир бўлди

Эрдўғоннинг ташрифи доирасида яна бир муҳим воқеа содир бўлди

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи доирасида яна бир муҳим воқеа – Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлди. Ушбу лойиҳалар Туркиянинг «Cengiz Enerji» компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маросимда нутқ сўзлар экан, лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталди, ушбу мажмуалар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик самараларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Охирги бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга ошилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ушбу станцияларнинг умумий қуввати бугунги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда 1,4 минг мегаваттга етади.

Ўзбекистон энергетика тармоғини модернизация қилиш натижасида 2026 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши таъкидланди. Улар қўшимча 71 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини яратади, йилига 12 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари электр станциясини бунёд этишда қатнашган муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди. Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ва Ховос туманидаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб бердилар.

Қибрайдаги ИЭС қуввати 240 мегаватт бўлиб, йилига 2 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради.

Ховос туманидаги янги иссиқлик электр станцияси 220 мегаватт қувватга эга, унда йилига 1 миллиард 700 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.