Яширин иқтисодиётни қандай қисқартиришади?

Яширин иқтисодиётни қандай қисқартиришади?

Жамият ва давлатдан яшириладиган яширин иқтисодий фаолият ҳисоб ва солиқ солишдан ташқари бўлади, ҳам жамиятга, ҳам виждонли бизнесга зарар келтиради. Унинг даражасини пасайтириш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун тенг рақобат шароитларини яратиш мақсадида Президентнинг «Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ни фармони лойиҳаси тайёрланди. Бу ҳақда «Норма» хабар бермоқда.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида лойиҳа билан солиқ маъмурчилиги бўйича қуйидаги чора-тадбирлар таклиф қилинмоқда.

  1. Юмшатиш чораларибизнес учун солиқ тартиб-таомилларини соддалаштириш ва осонлаштириш, уларни шаффоф қилиш, солиқ юкини камайтиришга қаратилган. Хусусан, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) 2022 йил 1 январгача бўлган муддатга, умумий овқатланиш соҳасидаги кичик бизнес субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умумбелгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида жами даромадга киритилмайди;

б) жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида енгил автомобиль транспортида (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли) ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Бунда ушбу шахслар томонидан мобиль иловалар орқали олинган даромадларга даромад суммаси 50%га камайтирилган ҳолда ЖШДС солинади;

в) риелторлик фаолияти билан шуғулланадиган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25%дан 13%гача пасайтирилади;

г) қурилиш корхоналарига ишчиларни иш ҳақини унинг ҳажми МҲФнинг жами миқдорининг 10%идан ошмаган ҳолда нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилади.

  1. Солиқ солиш базасини ошириш, айрим операциялар бўйича имтиёзларни бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар:

а) 2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни олиб киришнинг энг юқори меъёрини, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 AҚШ долларидан 200 AҚШ долларигача туширилади ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмайди;

б) бюджет ташкилотлари томонидан 2021 йил 1 февралдан бошлаб гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, ташкилий техника ва транспорт воситаларининг бутловчи қисмлари давлат харидлари ҚҚСни тўлаш билан амалга оширилади;

в) Молия вазирлиги ва ДСҚга ҚҚСни тўлаш билан сотиб олинадиган товарлар ва хизматлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

  1. Электрон маъмурчиликни такомиллаштириш чора-тадбирлари

а) хўжалик юритувчи субъектларга корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда товарларни (хизматларни) шартнома тузмасдан, лекин улар учун электрон счет-фактураларни ёки онлайн-НКМнинг чекларини мажбурий равишда олиш шарти билан сотиб олишга рухсат берилади;

б) товарларни ташишни амалга оширувчи транспорт воситаларининг электрон ҳисобварақ-фактуралар, тўлов терминаллари квитанциялари ва улардаги онлайн-НКМнинг чекларини расмийлаштирмаган ҳолда ҳаракатланиши тақиқланади;

в) ҳисобварақ-фактураларни электрон алмашинуви билан бир қаторда товарларни (хизматларни) етказиб бериш шартномаларини ва ТМҚни олиш учун ишончномаларни мажбурий электрон рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилади;

г) товарлар (хизматлар) учун аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда контактсиз технологияларнинг кенг жорий этилиши бўйича таклифлар киритилади.

  1. Солиқ текширувлари бўйича:

а) солиқ органлари сайёр солиқ текшируви тайинланиши* ҳақида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Президент ҳузуридаги Вакил билан келишмайди, балки унга хабар беради;

б) НКМ ва тўлов терминалларидан фойдаланиш бўйича сайёр текширувлар солиқ тўловчилар кесимида чораклик жадвал асосида текширув натижалари ва улар бўйича солиқ низоларини кўриб чиқиш натижалари эълон қилинган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Бугунги кунда жадвал тузилмайди.

5.Ташкилий чора-тадбирлар:

а) Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Махсус комиссия, шунингдек ҳудудий комиссиялар тузилади;

б) 2021-2025 йилларда яширин иқтисодиётни қисқартириш стратегияси ишлаб чиқилади;

в) вазирлик ва идораларнинг яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланади;

г) 2020 йил 1 ноябрдан солиқ органлари ходимлари сони 10%га қисқартирилади;

д) ДСҚнинг ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг тузилмалари қайта тасдиқланади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Жорилла Абдуллаев, 
«Норма» етакчи эксперти. 


* бизнес-омбудсманни солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида хабардор қилиш тартиби 30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-моддаси 4-қисмига асосан 2022 йил 1 январга қадар бўлган даврда жорий этилган.