“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили – амалда

“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили – амалда

Мазкур тамойил давлат солиқ идоралари фаолиятидаги асосий йўналишга айланиб бормоқда. Натижада тадбиркорлик субъектларининг солиқ идораларига ишончи ортади, уларнинг фаолият йўналиши кенгайишига кўмак кўрсатилади.

Жиззах вилояти давлат солиқ идоралари томонидан фаолиятини вақтинча тўхтатган ёки уни кенгайтирмоқчи бўлаётган тадбиркорлик субъектлари билан доимий равишда ўрганиш ишлари ўтказилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳрида савдо ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи “Аlbekov trade Group” МЧЖ фаолияти  вақтинча тўхтаб тургани аниқланди. Бунга сабаб озиқ-овқат дўконида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари кетаётганлигидир. МЧЖ раҳбари солиқ идораси ходими билан суҳбатда ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режаси борлиги, бунинг учун тижорат банкидан 1000,0 млн. сўм кредит олиш нияти ҳақида билдирди. Бу орқали 30 та янги иш ўрни яратилади. Жиззах вилояти ДСБ томонидан “Аlbekov trade Group” МЧЖ фаолиятини кенгайтириш учун банкдан кредит олишда кўмак кўрсатиладиган бўлди.

Шароф Рашидов туманида рўйхатдан ўтган “Сonstruction initiative” МЧЖ қурилиш соҳасида фаолият кўрсатади. Мазкур тадбиркорлик субъекти ҳам фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги техникалар харид қилиш учун банкдан 900 млн. сўм кредит олиш зарурати борлигини билдирди. Мазкур мурожаат ҳам вилоят ДСБ томонидан эътиборга олиниб, ижроси мутасаддиларга йўналтирилди.

 - Тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, пандемия оқибатларини юмшатишга кўмаклашиш мақсадида Жиззах вилояти ДСБ томонидан ўтказилаётган ўрганишлар давомида асосий мурожаатлар кредит олиш масаласида бўлмоқда. Тижорат банклари билан мазкур масалада ҳамкорлик қилиниб, мурожаатларни имкон қадар қондириш чоралари кўрилади, - дейди Жиззах вилояти ДСБ юридик шахслар билан ишлаш бўлими бошлиғи Сарвар Сулаймонов.

 

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати