Тасаввур ва тафаккур инқирози: ижтимоий тармоқларда машҳурлик васвасаси қачон пайдо бўлди?

Тасаввур ва тафаккур инқирози: ижтимоий тармоқларда машҳурлик васвасаси қачон пайдо бўлди?

Бир зум болаликка қайтиб, кўп эшитганимиз, ўқиганимиз “боши тоғдек, оғзи ғордек” девни қандай тасаввур қилганимизни эслайлик. Табиийки, ҳаммамизнинг хаёлимизда ҳар хил қиёфалар намоён бўлган. Чунки ҳаммамиз бир-бирига ўхшамайдиган тоғларни, ғорларни кўрганмиз. Биз бу пайтда ўз тасаввуримизга таянганмиз, уни ишлашга мажбурлаганмиз, ана шунда онгимиз балки ўзининг илк ижодини бошлагандир.

Аммо бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган интернет бизни тасаввур ва тафаккур қилишдан маҳрум қилмоқда. Бундай имкониятдан маҳрум бўлган айрим кимсалар эса ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиш илинжида ҳар хил аҳмоқона ишларга қўл уришаяпти. Ачинарлиси, ушбу қилғиликлар орасида инсонни ғазабга келтирадиганлари кўплаб топилади. Мисол учун, энаганининг бир ёшли гўдакни электрошокер билан қийноққа солгани, Алишер Навоий ҳамда Мотамсаро она ҳайкали олдида куракда турмайдиган хатти-ҳаракатлар содир этилгани ва 9-13 ёшлар атрофидаги болаларнинг итнинг бўйнидан арқон билан боғлаб дарахтга осгани кенг жамоатчиликни ҳам ғазабга ҳам чуқур қайғуга солди.

Бундан ташқари ижтимоий тармоқларни кузатсангиз кўплаб кўнгилсиз ходисаларнинг, хусусан, одамларнинг турли даражада оғир тан жароҳат олгани, автоҳалокат қурбони бўлгани, гуруҳлар ўртасидаги ўзаро жанжаллар тасвирига гувоҳи бўласиз. Ушбу видеоларни кимдир ҳаммани қойил қолдириш, яна кимдир мўмай пул топиш мақсадида олган рост. Бироқ инсон азобланаётган пайтда унга далда бериш, ёрдам кўрсатиш ўрнига телефони хотирасига олаётган кимсаларни ким деб аташ мумкин?

Тўғри, ҳеч ким қила олмаган ишларни бажараётганларни, турли ҳалокат-у, кўнгилсиз ҳодиса ва вазиятларни кузатиш инсон табиатига хос. Аммо ҳар нарсани ўзида синаб кўришга интиладиган ёшларни кўнгилсизликларга эш тасвирлардан ҳимояламоғимиз жуда муҳим.

Шу ўринда савол туғилади, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиш, “қора реклама” бизда қачондан авж олди? Нега ёшлар енгил-елпи, тутруқсиз видеолар олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатишга шунчалар берилиб кетишди? Ушбу вазиятда салбий иллатларга қарши бизда қандай тасирчан чоралар мавжуд?

Фикримни бир мисол билан изоҳласам:

Икки стакан сув олайлик. Бири лойқа, бири тиниқ. Агарда иккаласини аралаштирсак нима бўлади? Ярим лойқа ёки ярм тиниқ сув бўлади, дейишга шошманг. Бу сувни биз лойқа сув деб атаймиз. Сабаби, шишадек тиниқ бўлмаган сув ўз номи билан лойқа деб аталишига маҳкум.

Яна бир ҳолатда эса бир бочка тиниқ сувга бир стакан лойқа сувни аралаштиринг. Энди сувнинг тиниқ ҳолати сақланиши аниқ. Демоқчи бўлганимиз, айнан ижтимоий тармоқларда маънавий-маърифий дастурларимизни оширмоғимиз лозим. Улар юқоридаги каби кўнгилсиз тасвирлар акс этган видеоканларнинг ўрнини босиб кетсин. Ахир жаҳолатга қарши маърифат тантанаси тайин эканлигини биздан аввалги олимларимиз ҳам бир неча маротаба таъкидлаб ўтишмаганми?

Шунингдек, масаланинг яна бир ечими инсонда болаликдан китобга меҳр уйғотишдир. Бунда ишимизни фарзандимизга яхши китоб совға қилишдан бошламоғимиз зарур. Қолаверса, муаллимлар бу борада фаоллик кўрсатишлари лозим. Улуғлардан бири бежизга “Китобдан яхши дўст йўқ” деб таъриф бермаган.

Хуллас, ўз даврида Монтескье “Мутолаага берилиш турмушда содир бўлиб турадиган зерикиш соатларини чексиз ҳузур-ҳаловат соатларига айлантиришдир” деган эди. Ана шу ҳаловат қалбингизни бутун умр тарк этмасин. 

 

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

“Юксалиш” умумиллий ҳаракати

Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати