Ташкилот раҳбари мухбир қизни «ётоққа» таклиф қилгани айтилмоқда

Ташкилот раҳбари мухбир қизни «ётоққа» таклиф қилгани айтилмоқда

Қашқадарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи А.Ё. 14 июнь куни ўзи ишлайдиган ташкилотга матбуот котиби сифатида ишга олиш учун фуқаро А.Г.ни «ётоққа» таклиф қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Nasafnews» хабар бермоқда.

«Бу таклифни менга аввал ҳам билдирган эди. Кейин эса ҳазиллашдим, деб қўйди. Бир неча кун ўтгач эса яна шу мавзуда гап очди. Мен эса энди бошлиқнинг бу гапини тобора жиддий қабул қила бошладим. Ишдан кўнглим совиб, ташкилотга боргим келмай қолди», — дейди A.Г.

Маълум бўлишича, 5 ойдан бери расман ишга олинмаган матбуот котиби A.Г.га бошқарма бошлиғи A.Ё. Шаҳрисабзда ташкил қилинган «Ёшлар фестивали» да ташкил қилинган фитобар лойиҳасини ёритиш таклифи билан чиққан ва Қарши шаҳридан ўз машинасида олиб кетишини айтган.

Машинага минган мухбир ҳали ҳам нега расман ишга олинмаганинг сабабини раҳбардан сўраган. Раҳбар эса «Мен билан бир кеча қоласизми?» дея таклиф қилган. Мухбир нима учун қолиши сабаби билан қизиққан. Раҳбар «эркаклар билан бир кеча қолган вақтда нима қилишни биламайсизми?» деб гапирган. Шундан сўнг, мухбир машинадан тушириб қолдиришларини сўраган.

«Охирги марта яна шу ҳақда очиқчасига ҳайдовчисининг олдида тап тортмай, уялмай гап очганида, таклифи жиддий эканлигини тушундим ва бу ерда бошқа ишламасликка қарор қилдим. Очиғи, менга қилинган бу муносабатдан сўнг, ҳамма ёш, ўқиб, ишлаб, карьера қиламан деган қизларга нисбатан раҳбарлар шунақа муносабатда бўлар экан, деб кечгача йиғлаб ўзимга кела олмадим. Шок ҳолатидаман. Наҳотки, мен шунақа қиз бўлсам. Юриш-туришим, ўзимни тутишимда бирор камчилик бўлса, атрофимдагилар айтишган бўларди. Унақа тарбия олмаганим учун бу ҳолат руҳиятимга шунақа таъсир қилдики, ҳалигача ўзимга кела олмаяпман», — дейди қиз.

Орадан бир неча кун ўтиб, матбуот котиби сифатида ишга олиниши айтилган қиз Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котибига воқеа ҳақида хабар берган. Воқеадан Қашқадарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси масъул ходими ҳам хабар топиб, мухбирни тинчлантиришга уринган. Бошқарма масъул ходими мухбирга аввалига телефон қилган, кейинчалик СМС хабар ёзиб, бошқарма бошлиғининг укаси «катта жойда ишлашини» ва тинч юрмаса ўзига қийин бўлишини айтган.

Нашр мухбири ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котиби билан боғланган. Матбуот котиби ҳолатни рад этмаган.

«Ҳа, хабарим бор. Эшитган кунимоқ буни тегишли тартибда раҳбариятга билдирганман. Ҳозир шу иш бўйича суриштиришаяпти. Яхши иш бўлмабди. A.Ё.нинг ўзи билан гаплашганимда «Ҳазиллашдим, шунчаки ҳазиллашдим», — деб жавоб берди. Қизни синглимдек кўраман. Бўлиб ўтган ишдан афсусдаман. «Командировка»га кетиб қолган эдим. Энди масалани тўлиқроқ ўрганаман», — деган у.

Таҳририятнинг билдиришича, ўша «ошиқ раҳбар» аудио ёзувининг қолган қисми ва бошқарма ходимининг маслаҳатмонанд «таҳдиди» ҳам бор.