Абдулла Азизов давлат хизматчиларининг дам олиш кунлари ишлаши ҳақида

Абдулла Азизов давлат хизматчиларининг дам олиш кунлари ишлаши ҳақида

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Азизов Ўзбекистон энди оёққа тураётганини, шунинг учун давлат хизматчилари дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, битта одамга боғланиб қолган бошқарув тизимдан босқичма-босқич воз кечиш керак.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Азизов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида давлат хизматчиларининг дам олиш кунлари ҳам ишлашлари тўғрисида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда «ҳаммаси ўз жойига тушиб кетгандан кейин» давлат хизматчилари шанба ва якшанба кунлари ишлашни тўхтатади.

«Биз ҳозир фундаментимизни қуряпмиз. Агар фундаментимизни тўғри қурсак, узоққа ва барқарор боришимиз керак, ўшанда биз шанба ҳам, якшанба ҳам дам ола оламиз. Нима учун Дания, Швеция, Норвегияларда иш вақтини қисқартиришяпти? Чунки уларда ҳаммаси ўз жойига қўйилган. Тизим ишлаяпти. Сиз бунчалик машаққат билан ишламайсиз. Бизда ундай эмас. Биз эндигина мамлакатни оёққа турғизяпмиз, ҳамма нарсани жойига қўйяпмиз. Агар қўлимиздан келса, балки ўшанда буни алоҳида қилармиз. Қайсидир идора олдинда бўлади, унда бошқалар ҳам тезроқ ҳаракатланиши учун уларга ёрдам бериш керак. Поезд юришни бошласа, биз узоқ ишлашимизга тўғри келмайди», — дея таъкидлади у.

Абдулла Азизов дам олиш кунлари ҳам ишлашини, лекин бу ҳақида афсусланмаслигини тан олди.

«Бошида мен нега Дания кам ишлашса ҳам, самараси кўпроқ бўлишини, бу ерда кечалари билан ишланса ҳам ҳеч нарса бўлмаслигини тушунишга ҳаракат қилардим. Албатта, нимадир бўляпти. Ўшанда мен биз ҳали керакли даражада эмаслигимизни тушундим. Чунки бизда тизим раҳбар бўлмаса ҳам ишлайдиган сифатида йўлга қўйилмаган. Мен доим шундай тизимни қуришга ҳаракат қиламан, чунки ҳар қандай жараён одамга боғлиқ бўлмаслиги керак. Ўшанда бизда ҳам яхши ривожланиш бўлади», — деб ҳисоблайди у.

Вазир ўринбосарининг фикрича, тизим ўз йўли билан кетиши ва барқарор ишлаши учун 5 атрофида вақт керак бўлади.

«Данияда доим „Одамни автобус уриб кетса нима бўлади?“ деймиз. Шунинг учун тизимни шундай йўлга қўйганмизки, бировнинг ўрнини бошқа киши эгаллай олсин. Бизда эса бундай эмас. Кўпинча бир одамнинг ўрнига бошқа кишини топиб бўлмайди. Турли хил лойиҳаларни бошлаганимизда ҳам, мен доим бу мавзуни кўтараман: „Бизда „замена“ бўлиши керак. Агар одам кетса, унинг ўрнига кимдир ишлаши керак“. Афсуски, биз бу ҳақида ҳозирча кам ўйлаймиз», — дейди ССВ раҳбари ўринбосари.

Ўзбекистон давлат идораларида иш вақтидан кейин ҳам қолиб ишлаш ва дам олиш кунларини ишхонада ўтказиш муаммоси ўнлаб йиллардан буён мавжуд. Давлат хизматчиларига тўлақонли дам олиш имкониятини яратиш ҳақида биринчи маротаба 2018 йилнинг август ойида президент Шавкат Мирзиёев гапирган эди.

2019 йил 9 декабрь куни давлат раҳбари имзо қўйган қарор билан «йўл харитаси» тасдиқланган эди. Унга кўра, давлат идораларида мажлислар сони камайтирилиши, уларни байрам ва дам олиш кунларида ўтказишга тақиқ қўйиш, шунингдек ишчиларга хос бўлмаган вазифаларни юклашга тақиқ қўйилиши керак эди.

2020 йил февралидаги ҳукумат топшириғига кўра, давлат органлари меҳнат қонунчилиги ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилишлари шарт. Давлат органларига ходимларни иш вақти тугаганидан кейин ва дам олиш кунлари ишга жалб қилиш тақиқланган эди. Лекин бир қанча вақтдан сўнг давлат хизматчиларини дам олиш кунлари ишга жалб қилиш тажрибаси давом этди.