Хабибахон оиламизга келин эмас, қиз бўлиб келган, у ҳар он эсланади

Хабибахон оиламизга келин эмас, қиз бўлиб келган, у  ҳар он эсланади

Ҳайит ҳожи ота мени катта қайноғам бўладилар. Турмуш ўртоғимнинг акалари. Оиламизда қайнотам Юлдаш ҳожи отадан кейин келин ойимиз Маъмура опа иккалалари оиламизнинг энг яқин маслакдоши бўлиб қолишган. Улар етти нафар фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб камолга етказдилар. 5 нафари қиз, икки нафари эгиз Ҳасанжон ва Ҳусанжонлар барчаларини ўқитиб, олий маълумотли қилишди. Улар ҳозирда турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.

Чамамда бундан беш йил олдин яхши ниятлар билан хонадонларига икки нафар келин келди. Эсимда жуда файзли тўй бўлганди. Каттаси Мунирахон, кичиги Ҳабибахон. Иккаласи ҳам тарбияли, одоби гўзал келин бўлиб, опа-сингилдек бўлиб кетишди. Қайнота ва қайнонага астойдил хизмат қилиш билан бирга қайин опалар, қариндошларга ҳам хушмуомила эди. Гап шундаки, инсонни бошида қувончли кунлар билан бирга синовли кунлар ҳам бўлади. Синовли кунлар эса инсонни сабрга чорлайди. Жорий йилнинг 3 сентябрь куни бу оилани бошига оғир мусибат тушди. Ўзи шу куни келин ойимиз Маъмура опа уйларига меҳмонлар чақирган эдилар. Хонадонда қуръони каримдан тиловатлар бўлаётган эди. Тўсатдан кичик келинлари Хабибахонни тоби қочди. Мен яхшиман дейишига қарамасдан келин ойим тез ёрдам машинасини чақириб, касалхонага олиб кетишди. Унгача бирон маротаба саломатлигидан шикоят қилмаган келинимиз Хабибахон шу куни ўйнаб, кулиб, хизматларни қилган.
Ўша онларни эслайман Маъмура ойимни уйи тўла меҳмон. Ойим тиканни устида ўтирдилар манимча. Қўлларида телефон меҳмонларга ноқулайлик туғдирмай деб, боғ тарафга бориб тез-тез касалхонага қўнғироқ қилиб, келинлари Хабибахонни саломатлигидан хавотир олаётган эдилар. Ойимни бу холатини кўриб, касалхонага жўнатдим. Меҳмонларни бир-бир кузатдимда, дархол касалхонага отландим. Минг афсуслар бўлсинки, келинимиз шу куни кечга бориб, 27 ёшида оламдан ўтди. Ўзини гўзал одоби, ширин сўзлиги билан ҳаммамизни меҳримизни қозонган эканми, бу жудолик жуда оғир бўлди. Ўлим ҳақ. У биз кутмаганда ҳозиру нозир, биз кутмаганда ёнимизда юрган яқинларимизни олиб кетар экан. Зеро, яхши инсонлар эсланганда юрак покланади, хаёлингизга у билан боғлиқ илиқ хотиралар келади. Акамни уйларига оилавий меҳмонга бориб қолсак, Хабибахон келинимиз ўзини таббасуми, ширин сўзлиги, пазандалиги билан доим илтифот кўрсатиб, кутиб олиши кўз олдимдан кино лентасидек ўтмоқда. Унинг муомаласини кўриб, беихтиёр оилага келаётган келинлар ҳам шундай гўзал одоб соҳиби бўлсин деб ният билдириши бор гап. Хабибахон Ҳусанжон билан бир-бирларини севиб, турмуш қуришган эди. Қисқа турмуш бўлсада бир-бирларига бўлган муҳаббатлари орқали бахтли ҳаёт кечирдилар.

Сулоламизда бир анъана бор. Иложи борича оиламизга тушган келинларниям олий маълумотли бўлиши учун етарлича шарт-шароит яратилади. Хабибахон ҳам ўтган йили Тошкент иқтисодиёт университетига ўқишга кириб, бу йил иккинчи курсда ўқиши керак эди. Олий маълумотли бўлиш унинг орзуси эди. Келинимиздан бир нафар фарзанд Мўмина қизимиз ёдгорлик бўлиб қолди. Бир кун келиб Мўмина қизалоғимиз ҳам катта бўлади. Тарбияси онаси каби гўзал бўлишига ишонаман. Хабибахонни дунёга келтирган ота-онасига, меҳрибон жигарларига раҳмат айтаман. Фарзандларига яхши таълим-тарбия беришган. Фарзандлари нафақат эл-юрт хизматига камарбаста бўлди, балки оилада турмуш ўртоғига вафодор ёр, фарзандига меҳрибон она, яқинларига ширинсуҳан инсон бўлди. Таъзия билдиришга келган таниш-нотаниш кишилар Хабибахон тўғрисида фақат яхши одатлари ҳақида гапириб, унинг ҳақига дуои фотиҳа қилишди. Хабибахон оиламизга келин эмас қиз бўлиб келган эди. Қайнопаларнинг ҳаммасини кўнглидан жой олиб, уларнинг меҳрини қозонган эканми улар ҳам жонажон сингилларидан айрилгандик бўзлаб қолишди. Хабибахонни ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди.
Аллоҳ бу оилага фазилатлар онаси бўлган сабрни берсин. Хабибахонни маконлари жаннат бўлсин. Охиратлари обод бўлиб, энг буюк мукофатлари Аллоҳни жамолини кўриш бўлсин. Хабиба келинжоним ҳаммамиздан рози бўлинг. Урдушевлар сулоласи сиздек келин билан доим фахрланади. Сиздан мингдан- минг розимиз.


Гулчеҳра Урдушева


Ушбу мақола Ҳайит ҳожи ота Урдушевнинг илтимосларига кўра 3 ёшли севимли набиралари Мўминахон учун ёзилди