Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлиси бўлиб ўтди

Кеча Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши аъзолари, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т. Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди.

Йиғилишда давлат раҳбарининг Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида илгари сурилган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида келгуси беш йилда амалга ошириладиган 7 та устувор вазифалар, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан ҳам муносиб баҳолаб борилаётганлиги, хусусан, Жаҳон одил судлов лойиҳаси томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йил ҳисоботида Ўзбекистон 19 поғонага, 139 та мамлакат орасида 89-ўриндан 70-ўринга кўтарилгани эътироф этилди.

Қайд этилганидек, сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди, бу иллатга қарши курашишда ташкилий-ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди, қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тизими такомиллаштирилди.

Олий таълим, соғлиқни сақлаш, капитал қурилиш ҳамда давлат харидлари соҳаларини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича “йўл харита”лари қабул қилиниб, улар устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилди.

Хусусан, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларидаги бир қатор тартиб-таомиллар соддалаштирилди, инсон омили камайтирилди, айрим хизматларнинг рақамлаштирилиши ҳисобига коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилди.

Йиғилишда давлат раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди.

 

 

 

 

 

 

Мажлисда олий ва ўрта махсус таълим ҳамда қурилиш вазирларининг ҳисоботлари эшитилиб, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати