Президентдан сўралган чойхона қуриб бериладиган бўлди

Президентдан сўралган чойхона қуриб бериладиган бўлди

2021 йил 23 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи 93 ёшли отахон билан суҳбатлашганди. Суҳбат давомида отахон маҳаллада кичикроқ чойхона қуриб беришларини илтимос қилганди.

«Бўлди, сизнинг айтган гапларингиз учун ўзим бир чиройлигина чойхона қилиб бераман», — деганди давлат раҳбари.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Шайхонтоҳур туманидаги «Гулобод» маҳалласида «оталар чойхонаси», савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, спорт майдончаларини барпо этиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Объектда қурилиш ишларини олиб бориш бўйича буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси белгиланди.

Объектни лойиҳалаштириш ва қуриш ишлари учун талаб этиладиган маблағларни Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиш режалаштирилмоқда.