Бухорода тўй столи хлорли сув солинган бокаллардаги тирик балиқлар билан безатилди. Уларнинг бир қисми нобуд бўлган

Бухорода тўй столи хлорли сув солинган бокаллардаги тирик балиқлар билан безатилди. Уларнинг бир қисми нобуд бўлган

Бухоро вилоятида ўтказилган тўйларнинг бирида меҳмонлар учун ёзилган дастурхон хлорланган сувли идишдаги балиқлар билан безатилган. Бу ҳақда Telegram’даги «Ekologuz» канали хабар берди.

Маълумотларга кўра, Бухоро вилоятида жойлашган «Ҳавас» тўйхонасида 21 январь куни ўтказилган никоҳ тўйида меҳмонлар учун ёзилган дастурхонларда газак учун қўйилган гўшт маҳсулотлари орасида ичимлик ичиладиган идишларга икки донадан тирик аквариум балиқлари солиб қўйилган.

«Тўйхонада 30 та стол, унда ҳар бир газак идишига икки донадан балиқ солинган бўлиб, жами 180 дона балиқнинг уволига қолдик. Балиқчалар солинган идишларга ичимлик суви солинган эди. Табиийки, ичимлик суви хлорланган бўлади. Балиқлар эса бу сувда яшай олмайди ва ўлади. Кеча айрим столлардаги балиқчалар ўлиб бўлган эди», — дейилади хабарда.

«Икки соатлик тўй учун 180 та декоратив балиқчаларни қийнаб, ўлимига сабаб бўлиш, тўй эгасининг обрўсини ошириб, ёшларни бахтли қиладими? Аксинча, эндигина оила қураётган ёшларни ўлган балиқларнинг уволи тутмайдими?», — дея таъкидланади хабарда.

Хабарда Бухоро шаҳар Экология бошқармаси, Экопартия вилоят бўлими, ички ишлардан тўй соҳиби ва тўйхона эгасини жаримага тортиб, жазо қўллаш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг сентябрида Олий Мажлис Сенати кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг қўшма мажлисида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар борасида сўз юритилганди. Октябрда эса Олий Мажлис Сенати тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомни эълон қилганди. 2020 йил 1 январдан бошлаб, тўй-ҳашамларни тартибга солиш ҳақидаги Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма қарори (юридик жиҳатдан кучи қонунга тенг) кучга кирган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тўйларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик  белгиланган эди.