Пуфаклар ва дартс. Истироҳат боғларида ота-оналар ва болалар юз мингларга чув туширилмоқда

Пуфаклар ва дартс. Истироҳат боғларида ота-оналар ва болалар юз мингларга чув туширилмоқда

Ўзбекистон истироҳат боғларида ота-оналар ва уларнинг ёш болаларини алдаб, пул ишлашнинг янги усуллари тобора кўпайиб бормоқда. Бу билан боғлардаги пуфаклар ва дартс каби аттракцион эгалари шуғулланишни бошлаган. Бу ҳақда “Истеъмолчи.уз” ҳамжамияти хабар бермоқда.

“Фарзандларингиз билан истироҳат боғига боришдан аввал, уларга пуфаклар ва дартснинг суратларини кўрсатиб, рухсатсиз яқинлашишни тақиқлаб қўйинг. Кўплаб кишилар юз минглаб пулларини йўқотмоқда”, - дея ёзишмоқда фойдаланувчилар.

Алдаш схемаси қуйидагича. Одатдагидек, болалар ота-оналаридан олдин югуриб бориб, шу дартс эгаларининг тузоғига тушмоқда. Улар мажбуран болаларнинг қўлига дротикларни бериб, бу учун бор-йўғи 10-15 минг сўм тўланилишини айтишади.

Сўнгра “тадбиркорлар” “яна бир бор”, “қайтадан ташла”, дея   болаларга тинимсиз янги дротикларни бераверишади. Хуллас, ота-оналар фарзандларига етиб олгунича, 1-2 дақиқа ичида улар 20-25 та дротикларни улоқтиришга улгуради.

Етиб борган ота-онага эса ҳар бир дротик 10 ёки 15 минг туришини айтиб, болалари учун пулини тўлашни талаб этишади. Қарабсизки, тўланилиши лозим бўлган сумма юз мингларга етади.

Изоҳларда қайд этилишича, 100, 200, 300, 500 ва ҳаттоки 800 минг сўмгача тўлаган кишилар бор.

“Агарда болаларингиз дартс каби ўйинга мажбуран жалб этилган бўлса, дарҳол боғ маъмуриятига бориб, хизматлар   кўрсатиш тартиби бузилгани, вояга етмаганлар мажбуран таваккалчиликка асосланган ўйинларга жалб этилгани ҳақида арз қилинг. Боғ маъмурияти эса ўз обрўси ҳақида ўйлаб кўриб,   болалар ишончини суистеъмол қилишга асосланган бу каби ёлғоннинг олдини олиши керак”,   - дея ёзмоқда фойдаланувчилар.