Бухорода эркак ўғлининг кўз ўнгида ўзини ёқиб юборди

Бухорода эркак ўғлининг кўз ўнгида ўзини ёқиб юборди

Бухорода қурувчига пул ўтказиб, маблағини қайтара олмаган эркак ўзини ёқиб юборди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.

1 февраль куни Бухоро вилоят ИИБ навбатчилик қисмига фуқаро Ф.Ҳ. ўзини ёқиб, тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Бухоро филиалига мурожаат қилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойига вилоят прокурорининг ўринбосари, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи, Бухоро шаҳар прокурори ва ИИО ФМБ бошлиғи ҳамда тергов - тезкор гуруҳи етиб борган.

Аниқланишича, Пешкў туманида яшовчи Ф.Ҳ. 2021 йил март ойида қурувчи Р.Шга уй олиш мақсадида 150 млн. сўм пул маблағларини берган.

Лекин Р.Ш. уйни расмийлаштириб бермаганлиги сабабли, пул маблағларини қайтаришни сўраб, 2022 йил 1 февраль куни такроран мурожаат қилган, Р.Ш.дан рад жавобини олинганидан сўнг, ўзини устидан бензин сепиб, ёқиб, ўз жонига суиқасд қилган.

Тўпланган ҳужжатларга кўра, Ф.Ҳ. ўзини ёқиб юборган пайтида ёнида ўғли З.А. бўлганлиги маълум бўлди.

Тиббиёт муассасасининг дастлабки маълумотномасига кўра, Ф.Ҳ танасининг 50 фоиз қисми куйганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.