Тошкентда ит ва мушукларни пневматик милтиқдан отган эркак 15 кунга қамалган

Тошкентда ит ва мушукларни пневматик милтиқдан отган эркак 15 кунга қамалган

ИИББ маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда ит ва мушукларни пневматик милтиқдан отган эркак 15 кунга қамалган.

Мудҳиш воқеа кеча ошкор бўлган. Пойтахтлик уч нафар фуқаро томонидан имзоланган ариза ҳайвонларни ҳимоя қилувчи Mehr va Oqibat жамиятига юборилган. Эркак мушукни яралаган, шунингдек, аризада айтилишича, ҳуқуқбузар бошқа ит ва мушукларни мўлжалга олган.

ИИББ маълумотларига кўра, ҳуқуқбузарликни Миробод туманида яшовчи 29 ёшли Иномжон А.   содир этган.

Эркакка нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111 моддаси 1 қисми (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) ва 185 модданинг 3 қисми (Ўзбекистон ҳудудида фуқаролик ва хизмат қуроллари сифатида муомаласи тақиқланган буюмларнинг ноқонуний айланмаси)га мувофиқ баённома тузилган. Тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилган.

Маъмурий ишлар бўйича Миробод тумани судининг қарорига кўра, Иномжон юқоридаги моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор деб топилган ва у 15 кун муддатга маъмурий қамоққа ҳукм қилинган.