Уч ойдан кейин Ўзбекистонда алимент бўйича қарздорларга машина бошқаришни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинади

Уч ойдан кейин Ўзбекистонда алимент бўйича қарздорларга машина бошқаришни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинади

Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура ва Адлия вазирлигига уч ой ичида алимент бўйича қарздорларга   автомобиль бошқаришни тақиқловчи янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни топширган. 

Хусусан, янги ҳужжатда қуйидаги меъёрлар назарда тутилиши керак:

  • алимент бўйича қарзи мавжуд бўлганда, бу қарз тўлиқ тўланмагунча қарздорнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш, шунингдек қарздорга лицензияланадиган ва рухсат этиладиган хусусиятдаги давлат хизматларини вақтинча тақдим этмаслик жорий этилади;

  • алиментдан қарздорликнинг мавжудлиги никоҳ тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолатга айланади.

 Шунингдек, президент Мажбурий ижро бюроси ҳузурида "Алимент тўловлари" давлат мақсадли жамғармасини ташкил этиш ва унга 50 миллиард сўм ўтказишни топширган. 

Алимент тўлаш мажбурияти суд қарори билан юклатилган шахслардан маблағларни ундириш имкони бўлмаган тақдирда, уч ой мобайнида "Алимент тўловлари" давлат мақсадли жамғармасининг маблағлари алимент тўловлари бўйича ҳосил бўлган қарзни бир йўла тўлашга йўналтирилади, кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти суд қарорисиз мажбурий тартибда тўловчидан ундирилади.

Бош прокуратурага икки ой муддатда "Алимент тўловлари" давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан алимент тўловлари бўйича қарздорликни тўлашни ташкил этиш ва тўлаш тартибини, шунингдек алимент олувчи шахслар тоифасини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш юклатилган.