Оилавий зўравонлик: Ноҳақлик ва тўлиқ назорат

Оилавий зўравонлик: Ноҳақлик ва тўлиқ назорат

Ўхшаш тақдирлар

1989 йил. Дилобарни турмушга узатишди. Орадан бир йил ўтиб, қизи Гулзода туғилди. Эри қўрс феълли бўлса-да, Дилобар билан қизини кўп хафа қилмас эди. Ёш оила ишига қайнона, қайинсингиллар аралашавергач, арзимаган баҳона билан эри томонидан калтакланадиган бўлди. Энг аламли томони, Дилобарга қўшиб Гулзодани ҳам жазолашадиган бўлишди: гоҳ овқат бермай она-болани оч қолдиришар, гоҳ совуқ кунларда юпун ҳолда ташқарига чиқариб, уйга киритишмас эди. Айби – “лалайган, овқатни ширин қилмайсан, уйни тоза тутмайсан”, каби бўлар-бўлмас иддаолар эди. “Масаллиқ етарли бўлса, овқатни ширин қилишни ёш болаям эплайди”, дегани учун эридан роса тепки еди. 3 ёшга кириб қолган қизи Гулзода ҳам юрак олдириб қўйган эди. 1993 йилнинг қишида онаси ўзини поезд тагига ташлаганини элас-элас хотирлайди.

2012 йил. Калтаклару қийноқларга чидай олмаган, ўзини ўлдирган онаси туфайли эркак зотидан безиллаб қолган Гулзодани 22 ёшида мажбурлаб турмушга беришди. Афсус, тақдири онасиникига ўхшаш экан. У янги оилада ўзига нисбатан бўлаётган адолатсизлик ва хўрликларни раҳматли онасининг бошига тушган кунлар билан солиштириб, кечалари йиғлаб чиқар эди. Барибир бўлмади, беш ойлик ёш келинчак қорнидаги ҳомиласи билан онасининг тақдирини такрорлади – ўз жонига қасд қилди.

Муаммо борми ёки бўлиб келганми?

Бугун аксарият ўзбек нашрларини варақлаб, электрон сайтларга кўз югуртирсангиз, авваллари кузатилмаган бир ҳолатга гувоҳ бўласиз. Нодавлат матбуот ҳам, расмий ОАВ ҳам фавқулодда фаоллик билан аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусини дадил ёритишда давом этяпти. Ҳар куни қўша-қўша бир-биридан ваҳимали хабарлар нашр саҳифалари-ю, компьютер ва смартфон мониторларини эгаллаб олган.

Оилавий-маиший зўравонлик оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзоларининг мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи зўравонлигидир ва у асосан оила ичида рўй беради. Жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин.

Савол туғилади: аёлларга нисбатан зўравонлик охирги 2-3 йилда авж олдими ёки бу аввалдан мавжуд эдими?

Аёлга турмуш ўртоғи томонидан зўравонликнинг қайд этилиши соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари бузилиши йўлидаги жиддий муаммодир. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Турмуш қурган аёлларнинг 30 фоизи ҳамроҳи томонидан зўравонлик ҳолатларига дуч келганлари ҳақида маълум қилади. Зўравонликка дуч келган аёлларнинг 42 фоизигина муаммо ҳақида очиқ сўзлайди. 

Оилавий зўравонлик - глобал муаммо. У дунёнинг барча мамлакатларида кузатилади. Аёллардан нафратланувчи эркакларни фақат қашшоқ ёки бадавлат, олий маълумотли ёки маълумоти йўқ, европалик ё осиёлик деб ажратиб бўлмайди.

Афсуски, бу муаммо Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. Мамлакатимизда маиший ёки "уй зўравонлиги"га кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралган. Одамлар буни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони шармандлик ва турли гап-сўзлардан қўрқиб, жим юришга мажбур бўлади. Бундай вазиятда қолган аёлларнинг индамаслигига бир нечта сабаб бор. Кимлардир молиявий ёрдамсиз қолишдан қўрқса, бошқалари фарзандлари ва ўз ҳаёти учун хавфсирайди. Зўравонлик қурбони бўлган аёл ҳар томонлама қийин ҳолатда қолади. Айниқса, ҳатто энг яқин инсонлари ҳам бу муаммони ҳал қилишдан ўзини олиб қочганда. Охир-оқибат, бу доимий қўрқув, депрессия, ўз жонига қасд қилиш кабилар билан тугайди.

 

Дунё мамлакатларида бу борадаги вазият қандай?

 

Аёллар энг кўп хўрланадиган мамлакатлар рўйхати эълон қилинди.


Жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонликнинг сабаблари нимада?

Менимча, оилавий зўравонликнинг бир неча сабаблари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси тизимли ҳарактерга эга.

  1. Зўравонлик маданияти. Бизнинг жамиятда куч ва қўрқув ҳали ҳам ота-она ва болалар, шунингдек ишқий муносабатлардаги муаммоларни ҳал қилишнинг тўғри усулларидан ҳисобланади. Зўравонлик ва севги бир-бирига мос келмаслигини тушунмагунимизча, бу ҳолат давом этаверади.
  2. Эрта никоҳлар, босим остидаги никоҳлар, келишилган никоҳларнинг мавжудлиги оилавий зўравонликка олиб келувчи сабаблардан бири бўлиши мумкин. Болалик ва ўсмирлик узайтирилиши натижасида, 18-20 ёшда тузилган никоҳлар, аслида, болалар ўртасида тузилган ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, никоҳ ва ота-оналикка тайёр бўлиш 25-ёшдан бошлаб пайдо бўлади, бундан олдин эмас.

Бу бирданига бир неча муаммоларни келтириб чиқаради – эрта турмушга чиққан қиз таълим олиш ва карьера қуриш имкониятидан маҳрум бўлади, бу эса уни ҳимоясиз ва қарамлик ҳолатига келтиради. Иккинчи муаммо шундаки, у ўзини ҳимоя қилишни билмайди ва зўравонликни ҳар доим ҳам эрта босқичда аниқлай олмайди.

  1. Ижтимоий босим. Аввало оила қуришга мажбурлаш ҳолати бўлади, сўнгра эса қизга оилавий муаммолар ва зўравонликка “Сабр қил” деб ўргатилади ва уни ўз уйига қабул қилишмайди. Гўё турмуш қурган аёлнинг қадр-қиммати хавфсизлик, соғлик ва ҳаётидан кўра муҳимроқдек.
  2. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу турдаги аксарият ҳолатларга аралашмаслиги ва ҳаракатсизлиги. Оилавий зўравонликка учраган аёллар ёрдам ва ҳимояга эга бўла олмаганликлари ҳолатлари ҳам кам эмас. Бунинг оқибатида, бу зўравонликни амалга оширган одамлар ўзларини эркин ва жазосиз ҳис қиладилар. Бу эса, ушбу жиноятларни яна такрорланишига замин яратади.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, ҳудди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабабларининг чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича таклифларнинг инобатга олиниши ва давлат томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг ўз самарасини беришидан умидвормиз. Зеро, мақола бошида номлари келтирилган, тақдирлари ўхшаш бўлган Дилобар ҳамда Гулзода каби аёллар ҳеч қачон ўз жонларига қасд қилишмасин.

 

Ҳакимжон Фозилов – Sangzor.uz сайти бош муҳаррири