МИБ 13 ёшли болани алимент тўламаганликда айблаб, мамлакатдан чиқишга тақиқ қўйган

МИБ 13 ёшли болани алимент тўламаганликда айблаб, мамлакатдан чиқишга тақиқ қўйган

Ўзбекистонликлар Мажбурий ижро бюроси ходимлари билан боғлиқ ҳодисаларни ёритишни давом этишмоқда. Яқинда тошкентлик бир оиланинг умрида кўрмаган мулкига тақиқ қўйилгани ҳақида ёзган эдик. Навбатдаги ҳодиса шундан иборатки, 13 ёшли бола алиментдан қарздор деб топилиб, самолётга қўйилмаган.

Бу ҳақда боланинг онаси “Истеъмолчи.уз” ҳажмамиятига ёзиб, адолат излаш билан овора бўлиб юрибди.

"2022 йил 1 февралда Россияга учиб кетаётганимизда, вояга етмаган ўғлимда “алимент тўламаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишга тақиқ” борлиги маълум бўлди.   Менинг ҳам, ўғлимнинг ҳам даҳли бўлмаган Миробод тумани МИБ маълумотларига кўра, болам 2018 йилдан бошлаб алимент бўйича 7,5 млн. сўм қарздор экан, бироқ бу масала бўйича 4 йил ичида ҳеч қаерга чақирилмаганмиз", - деб ёзмоқда аёл.

Улар самолётдан туширилганидан сўнг, аёл Бош прокуратуранинг ишонч телефонига мурожаат қилса, у ерда МИБ тизимида "сбой" юзага келганини айтишган.

"Ўзбекистон Президенти порталига қилган мурожаатимдан сўнг текширув ўтказилди ва орадан уч ҳафта ўтгач, улар паспорт рақамидаги битта сон чалкаштириб юборилгани ва шу тариқа менинг вояга етмаган ўғлим алимент тўловчи бўлиб чиққанини айтишди. Чипталарни сотиб олишдан олдин, мен веб-сайтда тақиқ бор ёки йўқлигини текшириб кўрдим, ҳамма нарса тоза эди. Тақиқ амал қилиш муддати тўрт йил олдин - 2018 йил июнь ойида тугаган паспортга ўрнатилган бўлиб, у ҳам аллақачон йўқ қилинган. Шундан сўнг, у янги паспорт олган, 2019 йилда биз икки ҳафтага чиқиб келганмиз, янги хорижга чиқиш паспортини 2021 йил декабрда олганмиз", деб ёзди у.

Аёл адолатли савол билан мурожаат қилмоқда – мавжуд бўлмаган паспортга қандай қилиб тақиқ қўйиш мумкин?

“Аэропортда ўзим ва ўғлим нима ҳис қилганимизни сўз билан айтиш қийин. Бироқ, МИБ ходимларининг фикри бошқача. Улар “нима бўпти, 1-2 кундан кейин учарсиз”, -деб айтишди. Қўшимча харажатларни ким қоплашини сўраганимда, ҳеч нима дея олишмади. Бундай муносабатдан ҳайратда қолдим. Менинг ўрнимда ёш аёл бўлганида, эрининг “четда” боласи бор деб ўйласа, нима бўлади? Ёки дейлик, кекса эр-хотин иложсизликдан чет элга даволанишга кетаётган бўлсачи? Қанча инсонларнинг тақдири синган бўлади? Бундай хатолар боис, аэропортда жон бериш ҳам эҳтимолдан холи эмас”, -деб ёзмоқда фойдаланувчи.

“МИБда ўзи ким ишлайди? У ерга ишга қабул қилишда қайси мезонларга қаралади? Туғилган сана, исми-шарифи, қўзғатилган ижро ишининг рақамига қарамасдан ҳам маълумотларни киритиш мумкинми? Юқорида қайд этилган МИБ раҳбарияти билан гаплашиб, шундай хулосага келдимки, улар учун инсон ҳаёти бир тийин экан. Менга ўша ходим “ҳайфсан” олиб, энди “бир йил ичида мукофот олмаслигини” айтишди”, - деб қўшимча қилди аёл.