Президент ўлим жазоси ҳақида фикр билдирди

Президент ўлим жазоси ҳақида фикр билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича келиб тушган таклифлар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда. Давлат раҳбари ўз нутқи давомида ўлим жазосини тақиқлаш тўғрисидаги нормани конституцияга киритиш таклифини билдирди.

«Муқаддас динимизда ҳам, буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида ҳам, инсон – ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўъжиза сифатида улуғланади. Муқаддас Қуръони каримда Аллоҳ инсонни барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам қилиб яратгани таъкидланган. Улуғ бобомиз Мир Алишер Навоий ҳам инсонни қийнаётган муаммолар тўғри ҳал этилиб, унинг қадри жойига қўйилса, албатта «эл шод, мамлакат обод бўлади», деб ёзганлар», — деди Шавкат Мирзиёев ўз таклифини асослар экан.

Шунингдек, давлат раҳбари инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланишини таъкидлаб ўтди.

«Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда, энг олий қадрият бўлиши лозим.
Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун «Инсон қадри ва халқ манфаати, ҳамма нарсадан устундир! Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқи давомида ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтирилиб, бу жазо тўлиқ бекор қилинганини таъкидлар экан, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилаётганини айтиб ўтди.

«Ваҳоланки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган. Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади», деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқида ушбу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ қолишимизни алоҳида таъкидлаб ўтди.

скачать dle 12.0


Flag Counter