Алишер Қодиров бошқа давлатлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга чақираётган ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум қилиш зарурлигини айтди

Алишер Қодиров бошқа давлатлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга чақираётган ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум қилиш зарурлигини айтди

“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодировнинг фикрича, бошқа мамлакатлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга чақираётган ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум этиш ва мамлакатга киритилмаслик керак.  

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун беш йиллик қамоқ жазоси белгиланган бўлсада, бу самарасиз ҳисобланади.

“Бундай шахслар хизматга кирган кундан бошлаб фуқароликдан маҳрум қилиниши ва Ўзбекистонга умрбод кириши тақиқланиши керак", - деб ёзмоқда у ўзининг Телеграм-каналида.

Шунингдек, Алишер Қодиров қонунчиликка тегишли ўзгаришлар киритилиши режалаштирилаётганини айтган. Ушбу масала бўйича аллақачон маслаҳатлашувлар бошланган.

Аввалроқ "Пермь ўлкаси Марказий Осиё ўзбеклари жамияти” раҳбари Жаҳонгир Жалолов Амир Темур номидаги ўзбек кўнгилли батальони ташкил этилганини маълум қилганди.

"Фарзандларимиз болалар боғчаларига қатнайди, мактаб ва университетларда ўқийди. Биз Россияда яшаймиз ва ишлаймиз. Биз еб турган нонимизни оқлашимиз керак. Кўнгилли батальон тузиб, уни Амир Темурнинг буюк номи билан аташни таклиф қиламан. Шунингдек, Россиянинг Украинани ҳарбийсизлантириш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлаш лозим. Мен ўзбек эканлигимдан, Россия Федерацияси фуқароси бўлганимдан ва президентим Владимир Путин эканлигидан фахрланаман. Россия учун, Ватан учун, Россия Федерациясига хизмат қиламан", - деди у.

Бунга жавобан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан огоҳлантирган. Дипломатлар ушбу фаолият учун жиноий жавобгарлик белгиланганини таъкидлашган.