«Қонунни бузган инсон, ер юзини исталган бурчагида тергов қилинади, айби бўлса жазоланади. Айби йўқлар қўйиб юборилади» — Алишер Қодиров

«Қонунни бузган инсон, ер юзини исталган бурчагида тергов қилинади, айби бўлса жазоланади. Айби йўқлар қўйиб юборилади» — Алишер Қодиров

Алишер Қодиров Қорақалпоғистондаги тартибсизликларнинг мингдан ортиқ иштирокчиси «айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида» қўйиб юборилганини маълум қилди. Қолганлар тергов қилинмоқда (қанча одамлиги айтилмади). Ҳеч қандай репрессия ва босим йўқ, дея қўшимча қилди депутат.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича конституциявий комиссия ва июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни тергов қилиш бўйича парламент комиссияси аъзоси Алишер Қодиров «Қорақалпоғистонда ҳеч қандай репрессия ва босим йўқ"лиги ҳамда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Ўхшаш мавзуларда суриштирувлар АҚШ, Қозоғистон, Шри-Ланка, Мянма каби давлатларда ҳам узоқ вақт олиб борилган ва айримларида давом этмоқда, бу жуда табиий ва тўғри», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

«Қонунни бузган инсон, ер юзини исталган бурчагида тергов қилинади, айби бўлса жазоланади. Айби йўқлар қўйиб юборилади», — дея таъкидлади депутат.

Унинг қўшимча қилишича, «Қорақалпоғистонда мингдан ортиқ инсон айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилган. Қолган қисм билан тергов якунланмади».

«Провокация қилманг, суриштирувга халақит берманг», — деб ёзди у.

Аввалроқ Омбудсман Қорақалпоғистондаги намойишларда ҳибсга олинганларнинг адвокатларига таяниб, учрашувларга тўсқинлик қилингани ва терговда қийноққа солишлар бўлганини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.

«Газета.uz» июль охирида Нукусдан тайёрлаган репортажида ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги, шу жумладан, уларнинг айримлари вафот этганлиги ҳақида ёзганди. Ўшанда Алишер Қодиров «Газета.uz» репортажини ёлғон деб баёнот берганди.

Эртаси куни у бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботига ҳаволани эълон қилди. Ҳисоботда 20 нафар ҳалок бўлгани, 91 нафар бедарак йўқолган, 315 нафар қамоқхонада ва 53 нафар озод қилинганларнинг исмлари аниқлангани ҳақида сўз юритилган. Депутат ушбу ҳисоботни ёлғон ва провокация деб атади.

Расмий равишда ҳалок бўлганларнинг исм-шарифлари рўйхати эълон қилингани йўқ (ҳукумат воқеа қурбонларининг 21 нафари ҳақида хабар берган).

15 август куни омбудсман Феруза Эшматова бошчилигидаги Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия терговнинг иккинчи босқичи бошлангани, бу босқич давомида айрим маълумотлар қайта текширилиши ва янги объектларда ўрганишлар ўтказилишини маълум қилди. Комиссия фаолиятини ёритиш учун Telegram-канал ва Twitter аккаунти очилди.

Воқеаларни ўрганишда холисликка таъсир қилмаслиги учун ўрганиш натижалари комиссиянинг якуний хулосаси эълон қилинмагунча ошкор қилинмайди, дейилади комиссия хабарида.