«Алатау доим қалбимизда яшайди» – Тошкент ҳайвонот боғида 9 ёшли жирафа ўлиб қолди

«Алатау доим қалбимизда яшайди» – Тошкент ҳайвонот боғида  9 ёшли жирафа ўлиб қолди

Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти 2016 йилдан буён ташриф буюрувчиларнинг меҳрини қозониб келаётган «Алатау» лақабли жирафа ўлганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, сўнгги ҳафта давомида Алатаунинг иштаҳаси пасайиб борган ва тез суръатда вазн йўқотишни бошлаган. Ҳайвонот боғи ветеринария мутахассислари жирафанинг овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилаш учун симптоматик даволашни олиб борган, бироқ ичак паразитлари мавжудлигини текшириш бўйича ўтказилган копрологик кўрик салбий натижа берган.

Ветеринар ва киперларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан жирафа 2022 йил 20 август куни тунда ўлиб қолган.

Айни дамда Давлат Ветеринария бўлими вакиллари иштирокида жониворни ёриб кўриш жараёни ўтказилмоқда. Барча зарур патологоанатомик материаллар Ҳайвонлар касалликларига қарши курашиш бўйича давлат ветеринария маркази лабораториясига юборилади.

«Барча лаборатория таҳлиллари натижалари олингандан кейин якуний ташхис қўйилади ва жонивор нега вафот этгани сабаби аниқланади», – деб изоҳ берди Юнусобод тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шавкат Габдулхаков.

Алатау 2016 йилда 3 ёшлигида Олмаота ҳайвонот боғидан Тошкентга олиб келинган эди.

«Алатау доим қалбимизда яшайди», – дейилади Ҳайвонот боғи маъмурияти хабарида.