“Ҳеч қачон аям ва дадамга ўхшаган жинни булмайман". Ватанига қайтган террорчилар фарзандларининг ҳикоялари

“Ҳеч қачон аям ва дадамга ўхшаган жинни булмайман". Ватанига қайтган террорчилар фарзандларининг ҳикоялари

Мақола сарлавҳасидаги сўзлар - ота-онаси ўзлари билан "Сирли Шом мамлакати" (Сурия)га олиб кетган ўзбекистонлик оддий йигитнинг гапи бўлиб, унга ер юзида жаннат ваъда қилинган. Аммо, ҳақиқат бошқача бўлиб чиққан - бола ўлимни кўрган, отасини, амакисини, жиянларини йўқотган, ярадор онасини ўқ остидан қутқаришга мажбур бўлган. Унинг вакуумли бомба портлашидан бир қулоғи кар бўлиб, очликдан азият чеккан ва ҳар куни боши устидан учиб турган ўқ овозини эшитган. Уни мужоҳид жангариси қилмоқчи бўлишган. Лекин, унинг ҳозир айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг меҳрибонлиги туфайли омади чопиб, ўз Ватанига қайтиб келган. Ҳатто у “устозлари” “ислом ва мусулмонлар учун муқаддас жанг” деб айтган уруш қандай даҳшатли алдов ва ҳийла-найранг эканлигини тушуниб етган.

2019 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон фуқароларимизни Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар ҳудудидан қайтариш бўйича бешта махсус "Меҳр" операциясини ўтказган. Натижада 500га яқин аёллар ва болаларни олиб чиқишга муваффақ бўлинган. Ҳужжатларни тиклаш узоқ давом этган, тиббий ва психологик реабилитациядан сўнг улар жамиятимизга қайтарилди.

Шу билан бирга, кўплаб ўзбекистонликлар бундай меҳрибонликнинг нақадар мақсадга мувофиқлигидан ҳайрон бўлишмоқда. Ижтимоий тармоқларда "Уларни ҳеч ким у ерга жўнатгани йўқ", "Улар жамият учун хавфли", "Улар жангари-эрларига ёрдам беришган" каби шарҳлар учраб турди.

Нега Ўзбекистон бундай қадам ташлашга қарор қилди? Тарих фанлари доктори, диншунос олим Бахтиёр Бобожоновнинг айтишича, бу ерда гап фақат меҳр-шафқатда эмас. Ўзга юртда ташлаб кетилган бу аёл ва болалар кейинчалик каттароқ хавфни туғдириши мумкин эди. Мутахассис Batafsil.uz мухбирига ушбу ноёб акция кандай амалга оширилгани, шунингдек, жангарилар томонидан автомат қурилмаси ва портловчи моддалар асосларини мукаммал ўрганган ўсмирнинг бошидан кечирганлари ҳақида гапириб берди. Аммо бугунги кунда ўша йигит бутунлай бошқача одам - у футболни яхши кўради, китоб ўқийди ва порлоқ келажак ҳақида орзу қилади.

- Кўпчилик Ватанга қайтган жангариларнинг аёллари ва фарзандларини жамият учун хавфли деб ҳисоблайди. Бу хавотирлар асослими? Уруш зоналарида ўсган болалар ота-оналарининг изидан боришлари мумкинми?

– Дастлабки бир неча ой ичида ҳақиқатан ҳам жамият томонидан бу ҳаракатимиз яхши қабул қилинмади. Одамлар нега бу инсонларни қайтариш керак эди, ахир уларни ҳеч ким у ерга юбормаган, дея фикр билдиришди. Фаолларимиз ва психологларимиз ушбу аёллар ва болалар қайтиб келган маҳалла ва мактабларда жиддий иш олиб боришди. Вақт ўтиши билан биз аҳолига давлат нима учун бундай қилганини тушунтиришга муваффақ бўлдик. Натижада, кўпчилик бу ҳаракатни тушунди ва маъқуллади.

Операциянинг номига эътибор беринг - "Меҳр" дегани "раҳм-шафқат" маъносини англатади. Унинг ташаббускори президент бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан унинг номи билан боғлиқ. Халқимиз учун "меҳр" тушунчаси мутлақо табиий туйғу. Биз бу адашган одамларга раҳм – шафқат кўрсатишимиз керак эди, зеро улар у заминда омон қололмасдилар. Улар сақланадиган лагерларда даҳшатли шароитлар – антисанитария, касалликлар, очлик ва калтаклаш ҳукм сурган. Бу том маънода қамоқхона муассасаларига ўхшаш лагерлар эди. Бомбардимондан қочиб у ерга бориб қолганлар халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган инсонпарварлик ёрдамини тортиб олишган. Болаларни бу даҳшатда қолдириш мумкин эмас эди, чунки улар ота-оналарининг хатти-ҳаракатлари ва хатоларида айбдор эмас.

Қайтариш операциясидан олдин репатриантлар (қайтарилганлар) контингенти жуда диққат билан ўрганилди, рўйхатлар тузилди ва уларнинг таржимаи ҳоллари тикланди. Бу хавфсизлик масалалари билан боғлиқ бўлган, чунки биз кимни қайтараётганимизни билишимиз керак эди.

Шу билан бирга, биз хавфсизлик билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ҳам ёдда тутишимиз керак эди. Тасаввур қилинг, ўзбек тилини яхши биладиган бу йигитлар бизнинг ҳарбийларимиздан кам бўлмаган ҳолда автоматни қисмларга ажрата олишар эди. Улардан фойдаланиб, маълум мақсадлар учун Ватанимизга юборилиши мумкинлигини тушунганмиз. Мен аниқ биламанки, улардан айримларини у ерда шубҳали шахслар ёллашга ҳаракат қилган. Афсуски, ҳозирги замонда “ухлаб ётган агентлар”ни жорий қилиш амалиёти мавжуд.

Шунинг учун, маънавий мотивлар билан бир қаторда прагматик мотивлар ҳам бор эди: кун тартибининг бошида хавфсизлик масаласи турган. Уларни олиб келиб, шу ерда қайта тарбиялаш, заҳарланган мияларини тозалаш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Чунки такрор айтаман - уларни ўша ерда қолдириш жуда хавфли ҳисобланган.

Бугун ишонч билан айта оламанки, аёллар ҳам, болалар ҳам реабилитация қилиниб, уларнинг жамиятга интеграциялашуви амалга оширилди. Ҳар қандай хавотирлар асоссиздир. Лекин бу муваффақият ортида психологлар, фаоллар, дин пешволари ва оддий фуқароларимизнинг машаққатли меҳнати турган ва бу борадаги ишлар ҳанузгача давом этмоқда.

Дарвоқе, болалар тезроқ мослашишди. Шундай бўлдики, у ерда "қайта форматлаш" остида бўлган йигитлардан бири билан гаплашиб, мен ўқитувчилар ва психологнинг рухсати билан унга ёрдам бера бошладим. Қайтиб келганида, у 14 ёшда эди. Жиддий нигоҳ ва юзидаги чандиқ уни жуда катта кўрсатарди. Унга қараб, ҳикояларини тинглар эканман, ёшим – 64 ёшда бўлишига қарамай, баъзида у мендан анча катта экан, деган таассурот уйғонарди. Бола жуда кўп қайғуни бошидан кечирган. У кўплаб жасадларни кўрган, очликдан мадори қуриган бўлсада, урушда вафот этган отасини, ярадор онасини қаергадир судраб боришга мажбур бўлган.

Дастлаб у ўзини жуда тажовузкор тутди. “Меҳрибонлик уйи”да у тенгдошларини намозга туришга мажбурлаган. Болалар ундан қўрқишни бошлаган. У билан бирга ишлаган психолог унга ўз кучини спортга йўналтиришни маслаҳат берган, бу ҳам унинг тезроқ ижтимоийлашишига ёрдам бериши керак эди.

Айни пайтда у Олимпия захиралари мактабида таҳсил олади, ажойиб футбол ўйнайди. У футбол жамоасига қўшилди, йигитлар билан дўстлашди. Мактаб ўқув дастурини аъло даражада ўзлаштирмоқда. Мен унга китоб ўқишни ўргатганман. Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарини кулиб айтиб берганини эшитиб, жуда мамнун бўлдим.

Яқинда у бокс билан шуғулланишни бошлади. Психологнинг тавсияси тўғри бўлиб чиқди - жамоавий ўйин ва гуруҳдаги умумий қизиқиш уни тезда ижтимоийлаштирди ва яхши ижтимоий тажриба берди. Бир куни у менга одамлар бошқача эканлигини, уларни ҳурмат қилиш кераклигини тушунганини айтди. Бундай эътироф жуда аҳамиятлидир.

Биз у билан сайр қиламиз, турли нарсалар ҳақида гаплашамиз. Унга сингдирилган штампларни йўқ қилиш учун кўп куч сарфланди. Энди у бутунлай бошқача: шаҳарнинг қурилиш майдонлари, тинч ҳаётдан баҳраманд бўлмоқда, кўп китоб ўқийди, спорт билан шуғулланади, рангли кийимларни яхши кўради ва ҳар доим янги кийимлардан завқланади, қизларга ёқишга ҳаракат қилади. У ўзининг диний қарашларига амал қилишда давом этмоқда, лекин энди уларни ҳеч кимга мажбур қилмайди. Аввалги тажовуздан асар ҳам йўқ.

Вақти -вақти билан ногиронлар уйида яшаётган онасининг олдига борамиз: уруш пайтида унинг умуртқа поғонаси синган, у фалажга чалиниб, нутқида нуқсони бор. Йигит ҳар доим у ердан ёмон кайфият билан қайтади, лекин психологнинг маслаҳати билан мен уни у ерга атайлаб қайта олиб бораман: шошқалоқ қарорлар қандай тугашини кўрсин. Бир марта, яна бир учрашувдан сўнг у “Ҳеч қачон аям ва дадамга ўхшаган жинни булмайман", -деб айтди. Қўпол бўлсада, лекин жуда самимий гапирди.

Йигитда етакчилик фазилатлари бор, у бақувват гавда ва кучли руҳга эга, араб тилини яхши билади, автомат тузилиши ва портловчи моддалар асосларини яхши ўзлаштирган. Энди тасаввур қилинг, агар биз уни олиб чиқмаганимизда нима бўлар эди? Айтганча, омон қолган жангариларнинг кўпчилиги ИШИДнинг “Вилояти Хуросон” бўлинмаси жойлашган Афғонистонга олиб борилган. Ахир у ҳам улар орасида бўлиши мумкин эдику. Ёки бундан ҳам ёмони – юртимизга юборилсачи?

Эҳтимол, ундан нима учундир ва кимлар учундир тушунарсиз кураш олиб борадиган зўр жаннгари чиқарди. У ерда ўлиб кетарди, бундайлар узоқ умр кўрмайди. Буни боланинг ўзи жуда яхши тушуниб турибди. Бир куни у: “Агар мени ватанимга олиб кетишмаганида, барибир қайтган бўлардим, лекин бу ерда нима қилган бўлардим, номаълум”,- деди. Бу эътироф ва тушуниш ҳам кўп нарсани англатади.

- Айтинг-чи, бу одамларни қайтариш ва реабилитация қилиш ишлари қандай ўтди?

– Аёллар ва болаларни қайтариш бўйича ишлар кўп босқичли эди. Буларнинг барчасидан олдин бир қатор узоқ муддатли дастлабки тадқиқотлар ва музокаралар олиб борилди. Ҳаво коридорларини сотиб олиш ва бир неча давлатлар билан музокаралар олиб бориш, чартер рейсларини ташкил қилиш зарур бўлди. Бизнинг экипажларимиз чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар, чунки уруш давомида ишламаётган аэропортларга қўниш жуда қийин эди.

Эсимда, аёлларнинг биринчи гуруҳи ватанига қайтишга тайёр бўлганларида, қайтарилганлардан бири ҳамроҳларига қарата: "Майди ўлсам ҳам, мени қамаб қўйишса ҳам, лекин Ўзбекистонга қайтмоқчиман", -деди. Улар қон ва ўлимни кўриб туриб, ўз ватанларини соғинишган, азоб чекишган. Уларнинг кўз олдида юзлаб одамлар, шу жумладан эрлари ва болалари вафот этган. Бир аёл қандай қилиб беш ёшли боласининг бошига плита қулаб тушиб, боши эзилиб кетганини айтиб берди. 90% аёлларнинг таналарида фосфор бомбаларидан куйиш излари, жиддий яралар бор, улардан бирининг белидан 32 та бомба парчалари олинган. Баъзилар ҳатто ногирон бўлиб қайтишди.

Кутилган эйфория ва ҳақиқат ўртасидаги зиддият уларга жиддий таъсир кўрсатган. Уларни жаннат кутаётгани айтилган, лекин аслида улардан фойдаланилган холос. Афсуски, улар буни фақат ўша ерда тушунишган. Аммо у ердан ортга қайтишнинг иложи йўқ бўлмаган. Шу боис, ҳукумат томонидан уларнинг қайтарилиши жуда доно ва эзгу қарор эди.

– Репатриантларни ижтимоийлаштириш ва реабилитизация қандай амалга оширилди?

- Ўзбекистонга келгач, улар Чирчиқ яқинидаги махсус лагерга жойлаштирилди. Уларнинг ҳужжатлари тикланди, тиббий-психологик ёрдам кўрсатилди. Энг қийини болаларга эди. Дастлабки кунларда улар самолёт товушларини эшитганларида, бирор жойга – дарахтлар остига, ариқларга яширинишарди. Буни кўриш жуда қўрқинчли ва оғриқли эди. Улар билан ишлашга Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги психологик реабилитация гуруҳи жалб қилинди ва турли хусусий клиникалар мутахассислари ихтиёрий равишда ёрдам беришди.

Албатта, қайтганлар аввалига уларга ишончсизлик билан муносабатда бўлишди, истар-истамас "ғалати" саволларга жавоб беришди. Аммо, охир – оқибат, мутахассислар уларга ёрдам беришга муваффақ бўлишди. Бизнинг психологларимизга гап йўқ! Мамлакатимизда психология ва психотерапия ҳали тўлиқ ривожланмаганлигини айтишади. Аммо бу ҳолда улар ўзларини энг ажойиб тарзда намоён қила олишди.

Юристлар ҳам мураккаб ишларни амалга оширдилар. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда илгаридан репатриация тажрибаси мавжуд. 2002 йилда давлат Афғонистондаги террористик ташкилот – Ўзбекистон Ислом ҳаракати (ЎИҲ/ТИҲ) сафига кирганларни қайтаришга муваффақ бўлди. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам, мақсад бу одамларни кечириш бўлишига қарамай, бизнинг ҳуқуқшуносларимиз принципиал позицияни эгаллашди. Юристлар барча вояга етган аёллар бир қатор қонунларни бузганлиги ва жавобгарлик чораси белгиланиши лозимлиги таъкидлаб туришди.

Натижада прокурор ва ҳимоячилар иштирокида ҳақиқий суд жараёнлари ўтказилди. Уларнинг барчасига бир қатор моддалар - чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, ҳужжатларга зарар етказиш, баъзиларига эса террорчилик гуруҳлари ва тўдаларида иштирок этиш ва бошқа айбловлар бўйича ҳукм ўқилди.

Албатта, улар қабул қилинган тартиб бўйича президентга мурожаат қилиб, тавба хатлари ва афв этиш тўғрисида илтимосномалар ёзгандан кейин ҳукм раҳмдиллик томонга қаратилди. Натижада, ҳақиқий жазо шартли жазо билан алмаштирилди. Аммо шартли жазони ўташ билан боғлиқ қонунчилик тартибларини ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Шу боис, “ҳол-аҳвол сураш” тамойили бўйича жисмоний шахслар устидан беғараз кузатув олиб борилади.

- Реабилитация билан боғлиқ муаммолар борми?

- Ҳа, бор. Асосий муаммо шундаки, мамлакатда реабилитация марказлашган тарзда олиб борилмайди. Ушбу тартиб ҳокимликлар зиммасига юкланди, уларнинг эса ўз иши етарли. Ҳокимлик вакиллари имкон қадар репатриантларни бориб кўришади, болаларга велосипед ёки бошқа майда-чуйдалар совға қилишади. Лекин бу мавжуд муаммоларни ҳал этмайди.

Хонадон бериш, иш билан таъминлаш ҳокимликлар бюджети учун осон иш эмас. Мамлакатнинг ресурслари ҳам чексиз эмас. Албатта, қаергадир тадбиркорлар ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Масалан, Андижонда тадбиркорлар бир кўчада қолган аёлга уй қуриб беришди. Кимгадир квартира берилди. Аммо уларнинг баъзилари ҳали ҳам оғир шароитларда яшайди. Шу боис ижтимоий реабилитация жараёнини қуриш ҳали тугалланмаган, уни республика даражасига олиб чиқиш зарур.

Менимча, бу ишни марказлаштириш ва дейлик, Вазирлар Маҳкамасига топшириш керак. Менга реабилитация марказимиз борлигини айтишди, лекин ҳеч ким унинг фаолияти билмайди. Уни жонлантириш керак. Биз бу мажбуриятларни ўз зиммамизга олганимиздан сўнг, охиригача бажаришимиз шарт. Бундан ташқари, ган мамлакат Президентининг тўғридан-тўғри топшириғини бажариш ҳақида кетмоқда.

- Уруш зонасига кетаётган ўзбекистонлик аёлнинг социологик портрети қандай?

- Биринчидан, баъзи статистик маълумотларни кўриб чиқсак. Ватанга қайтганлар орасида 18 ёшдан 62 ёшгача бўлган 194 нафар аёл бор. Уларнинг аксарияти Фарғона водийси аҳолисидир. Улар ёлловчи фирибгарлар тузоғига тушиб қолишининг умумий сабаби - бу жаҳолатдир. Биз уларнинг мактаб шаҳодатномаларини ўрганиб чиқдик, аксарияти уч баҳога ўқиган. Мактабларда кимга ва нима учун уч баҳо қўйилишини яхши биласиз ва тушунасиз, деб ўйлайман.

Яхши таълим болаларда содир бўлаётган воқеаларни оқилона баҳолаш қобилиятини шакллантиради, чаласавод ёлловчи "ер юзидаги жаннат"ни ваъда қилиб, номаълум жойга боришни таклиф қилганда, "илмоқ" га тушмасликка имкон беради.

Ортга қайтган аёллардан бири менга: “Агар ўшанда озгина бўлса ҳам тушунганимда, бу бахтсизликлар бошимга тушмасди, мен аҳмоқ, ўқишим, ўқитувчиларни тинглашим, дангасалик қилмаслигим керак эди...”, -деб айтди.

Бундан ташқари, кўпинча тўлиқ ижтимоийлашув муаммоси аёлларнинг ўзида яширинган. Масалан, аёлларнинг билим ва касб-ҳунарга эга эмаслиги уларни қарам ҳолатга олиб келади. Аёлларнинг иқтисодий ва оилавий боқимондалиги борасидаги анъаналаримиз уларнинг қайта интеграциялашувини жиддий равишда мураккаблаштиради.

Улардан баъзилари мутлақо ижтимоий ва иқтисодий фаолликни йўқотган. Энди эрсиз қолиб, улар ўз муаммолари билан яккама-якка қолишди. Ахир, давлат уларни тўлиқ таъминотга қабул қила олмайди ва буни қилмаслиги ҳам керак. Улар ишлашлари, пул топишлари, болаларни боқишлари ва тарбиялашлари керак. Бу жуда қийин, аммо ҳокимликлар ва ҳомийлар уларга тикув машиналарини сотиб олиб бериб, касб-ҳунар ўргатмоқда. Бунга нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам қўшилди. Кимдир мослашади, лекин кимдир хоҳламайди.

Бундай аёллар қайта турмуш қуришга ва яна эрлар қарамоғида бўлишни умид қилишади. Баъзи қайтиб келган аёллар биздан "эр топиб беринг", деб илтимос қилишади. Улар эркакни "боқувчи" деб билишади. Тўғри, исломда бундай қоида бор: турмуш қурган аёл эрининг тўлиқ қарамоғида бўлади. Айнан бу қоида аёлда шундай боқимондаликни келтириб чиқаради. Хуллас, ислом динини консерватив идрок этиш ва тегишли тарбия, таълим ва касб-ҳунарнинг йўқлиги бу ишга жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Такрор айтаман, реинтеграция дастури доирасида барча қайтиб келган аёлларга касб-ҳунар ўргатилди, уларга иш берилди, тикув машиналари ва бичиш столлари, мини-новвойхоналар ва бошқа уй бизнеси учун жиҳозлар берилди. Мен ўз боқимондалигини енгишга қодир бўлган аёлни биламан. Бир йил ичида у тикувчилик бўйича бутун ўқув циклини ўзлаштирди, бугунги кунда тахминан 12 миллионга яқин пул олади. У ижарага олинган квартирани ташлаб, қулай ҳовлини ижарага олган ва икки фарзандини ёлғиз тарбиялаб келмоқда.

Бироқ, қайтиб келган барча аёлларнинг тахминан 30% ишнинг дастлабки босқичларида тўланадиган 3-4 миллионга ишлашга рози эмас, уларнинг баъзилари уларга бепул тақдим этилган ускуналарини сотишган.

Бир мисол келтираман: аёллардан бири ҳозир 60 ёшда, кетаётганида 54 ёшда бўлган. Бир пайтлар саккизинчи синфни тугатган холос, кейин турмушга чиққан. У боқимондаликдан бошқа нарсани билмган. Энди у тишини даволаш учун давлатдан пул сўрайди, оширилган нафақа талаб қилмоқда. Ижтимоий хизматлар, албатта, эътироз билдирмоқда: агар у ҳаётида бир кун ҳам ишламаган бўлса, қандай қилиб катта пенсия олиши мумкин? Шу билан бирга, унга ногиронлик берилган. Гарчи бу ногиронликда давлатнинг айби йўқ.

- Сизнингча, биз репатриантларнинг салбий тажрибасидан оммавий қарши ташвиқотда фойдаланишимиз мумкинми?

- Албатта. Ундан фойдаланишимиз керак. Айниқса, радикаллашувга қарши курашда бу асқотади. Баъзилар бу мавзуни унутишни хоҳлашади. Мен буни хато деб ҳисоблайман. Бугунги ижтимоий тармоқларга қаранг. Янги қурбонларни қидириб, ёлловчилар Голливуд филмлари услубида яратилган видеоларни юборишмоқда, уларда ўзини қаҳрамон деб кўрсатаётган мужоҳидлар ислом учун кураши ҳақида гапиради. Жиҳодни қахрамонлаштириш амалиёт ҳали ҳам таъсир кўрсатиб, тажрибасиз қизлар ва йигитларнинг онгини заҳарлашни давом эттирмоқда.

Ушбу аёлларни ватанига қайтариш учун жуда кўп маблағ сарфланди ва улар жамиятга фойда келтириши мумкин ва шарт. Уларнинг кўплари буни қилишга тайёр. У ерда қандай даҳшатларни кўрганликлари, "бахтли халифалик" ҳақидаги орзулари қандай қилиб кулга айлангани ҳақидаги самимий ҳикоялари яхши самара бериши мумкин.

Бундай ижобий мисоллар мавжуд. Анъанавий тадбирлардан (гап) бирида иштирок этган репатриант аёл ёш, ҳеч нимани тушунмайдиган қизни ҳалокатли ҳаракатдан қайтаришга муваффақ бўлган. Аниқланишича, у қиз турли хил видеоларни онлайн томоша қилгандан сўнг Сурияга кетмоқчи бўлган экан.

Мужоҳидларнинг хотинлари сифатида уруш зоналарига кетмоқчи бўлган бир нечта қизлар чегарада ҳибсга олинганлигини билиб, жаҳл билан гапирган бир аёлнинг сўзларини эслайман. Аёл "уларни олдимга олиб келинг, мендан қанча эркак кўрганимни сўрашсин. Ҳамма вафот этди! Баъзан у бир кечалик эр эди. Қанча қон кўрдим, танишларимнинг жасадлари парчаланиб кетди! Бу аҳмоқ қизлар уларни қўлларида кўтариб юришади деб ўйламасинлар. Улар бошимиздан кечирганимизни билишсин!", - деди.

- Фуқароларимизни ёллаш қандай амалга оширилаётганини айтиб берсангиз?

– Биз ишлаётганларнинг тахминан 80 фоизи уруш зоналарига ишлаш учун кетган Россиядан бориб қолишган. 2011-2012 йилларда улар халқаро террорчилик ташкилотлари сафига жуда фаол ёлланган. Улар, қоида тариқасида, бегоналашган одамлар - ноқонуний мигрантлар, динга ҳаддан ташқари берилиб кетганларни танлаб олишган.

Ёллаш механизми жуда оддий бўлган. Масалар бир кишига қалбаки пул берилади. У бечора қалбаки пулларни ишлатишга ёки уйига юбормоқчи бўлади. Шу пайтда “қаердандир” ва қандайдир “офицер”, яъни ички ишлар идораси кийимни кийган шахс пайдо бўлиб, ё қамоқни ё жанговор ҳаракатлар зонасига боришни таклиф этади. Бу каби томошалар кўплаб кишиларни ёллашга асқотган. Ўз ихтиёри билан бориб қолганлар унчалик ҳам кўп эмас, 20 фоиздан ошмайди.

2017 йилда биз Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳаётини, уларнинг қуролли тўқнашув зоналарига қандай бориб қолганини ўргандик ва жуда бир қизиқ хулосага келдик. Илгари “Нега у ерга бориб қолишган?” деб сўрардик. Ўрганиб чиққанимдан сўнг эса: "Уларни бундай қилмишдан нима тўхтатиб туради?", дея ўйлаб қолдим. Негаки, бир неча минг меҳнат мигрантлардан бор -йўғи 1-2 нафаригина ёлловчилар “тузоғига” илинган.

Аслида, тўхтатувчи омиллар жуда кўп. Асосий омил – бу дунёвий таълим, шунингдек, оила ва бошқалар томонидан берилган фикрлашнинг рационаллиги ҳисобланади. Ижтимоий алоқалар ҳам муҳимдир, улар ўз ўрнида ёллашдан сақланиш усули бўлиб хизмат қилади.

Масалан, ўзбекларда азалдан маҳалла институти мавжуд. Мен ҳудудий бўлинмаларига эга бўлган Маҳалла вазирлиги ҳақида эмас, балки ижтимоий алоқалари, мулоқот учун (гап) йиғилишлари ва учрашувлари бўлган жонли маҳалла ҳақида гапиряпман. Буларнинг барчаси, олимларнинг таъкидлашича, ички ахлоқ ва ижтимоий алоқалар узвийлигини шакллантиради. Бу жамоаларни доимо ҳақиқий авторитетлар - оқсоқоллар ёки хожи-оналар бошқариб келган, уларга маслаҳат сўраб мурожаат қилишади, уларнинг атрофида ана шу каби кўзга кўринмас ижтимоий алоқалар шаклланади.

Шундай қилиб, маҳалла ижтимоий тузилма сифатида меҳнат мигрантлари билан бирга том маънода Россияга кўчиб ўтган. Яъни, одатда оқсоқол ролини бригадир ўйнайди: у ўзига тегишли одамларини жуда яқин тутади ва ҳатто уларнинг телефонлари текшириб боради, шубҳали контентни ўчиришга мажбур қилади. У ўз ишчиларига қонуний мақом берадиган, турли масъул шахслар билан гаплашадиган жуда обрўли шахс. Шунинг учун, йигитлар унга бу шартли қатъийликни ва назоратни кечирадилар, бу уларнинг манфаати учун эканлигини тушунишади. Бригадирлар қўл остидагиларни шошқалоқ ҳаракатлардан қутқаради.

Ноқонуний мигрантлар деярли ҳеч нарсадан ҳимояланмаган: уларда ижтимоий алоқалар мавжуд эмас, шунингдек баъзи кичик жамоалар олдида жавобгарлик юкланмайди.

- Аёллар ёки ёшлар ёлловчилар тузоғига тушиб қолишининг олдини олиш учун қандай муаммоларни ҳал қилишимиз керак?

– Муаммолар тизимли, мураккаб ва шунинг учун мураккаб ечимни талаб қилади. Масалан, ёшларимизнинг диндорлигини оширишимиз керак, деб кўп айтилади. Менинг тадқиқот тажрибам шуни кўрсатадики, ҳали улғаймаган ёшлар онгига киритилган диндорлик экстремистик мафкураларга нисбатан очиқлик сабабларидан биридир. Мен исломга ҳурматсизлик билдирмоқчи эмасман, лекин ҳар қандай дин рационалликни назарда тутади.

Шу боис, аввало ёшларда рационалликни тарбиялаш керак, деб ҳисоблайман, шунда ҳар кимнинг ўзи онгли танловни амалга оширади. Эътиқодга онгли равишда, соддаликсиз ва кўр-кўрона эътиқодсиз, бу мураккаб дунё ҳодисаларига оқилона баҳо бериш қобилияти билан кириб бориш муҳимдир. Шунинг учун энг оддий нарсадан бошлашимиз керак, яъни дунёвий таълим даражасини ошириш лозим.

Болаларни бағрикенглик руҳида тарбиялаш керак, ҳаммамиз бир-биримиздан фарқ қиламиз ва шу билан биз яхшимиз, деган тушунчани сингдириш шарт. Уларга ҳуқуқий маданиятни ўргатиш керак. Шунингдек, бизда маънавий-маърифий ишлар билан боғлиқ катта муаммолар мавжуд. Афсуски, айни пайтда мафкуравий маконимиз бўм – бўш ва уни дунёнинг муаммоларини яхши билмайдиган, консерватив фикрлашнинг исломий тарғиботчилари эгаллаб олишмоқда. Улар нега замонавий мусулмонлар технологик жиҳатдан бошқа мамлакатларга етиб боролмайдилар, нега биз доимо йирик давлатларнинг глобал ўйинларининг "пиёда"сига айланиб қоляпмиз, деган саволга жавоб бера олишмайди. Аслида, улар мусулмонларни модернизация қилишга қаршидирлар.

Маҳаллаларимиз ҳаддан ташқари “уюшқоқликка” берилган ва улар вазирлик ва кўрсатмаларсиз тирик организм бўлиб қолиши керак. Кўпчилик ҳаттоки ўз раисларини танимайди. Улар жўшқин ҳаракатларни кўз-кўз қилиш, маълумотномалар бериш билан банд. Албатта, бу ҳолат баъзи амалдорлар учун қулайдир. Лекин назаримда, биз бу борада жуда кўп хатоларга йўл қўйдик, назоратни ва одамлар билан жонли алоқани йўқотдик.

Албатта, дин масаласида давлатнинг аниқ позициясини ҳимоя қилиш зарур. Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг жуда аниқ, аммо бироз ҳиссиётли нутқини кўрдик ва эшитдик. Аммо менимча, бу билан чекланиб қолмаслик керак. Масалан, баъзи масъул шахслар, имом-хатиблар динга дахл қилмайдиган ва ўз қонунларига эга дунёвий демократик давлатимиз борлигини очиқ эълон қилишлари керак.

Бундан ташқари, айнан бошқарувнинг дунёвий шакли диний жамоалар, хусусан кичик диний уюшмалар ҳуқуқларини тартибга сола олади. Аслида демократик давлатгина барчанинг диний ҳуқуқларини ҳимоя қила олишини англаб етиш зарур. Буни асло “диний анархия”га айлантирмаслик керак.

Барча жамоатчилик минбарлари, оммавий ахборот воситалари орқали давлатимизда одамларнинг муайян диний қарашларга амал қилишига ҳеч ким тўсқинлик қилмаётганини тинимсиз тушунтиришимиз керак. Лекин, шу билан бирга, бемалол айтишимиз керакки, ўз диний эътиқодини мажбуран сингдириш - қонунбузилишидир, бу эса жавобгарликни назарда тутади. Мен мўминларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунаман, улар олдида ҳамманинг жаннатга кириши учун “Ҳақиқат нурини етказиш" вазифаси турибди. Бу ҳар бир диннинг табиий интилишдир. Лекин қизил чизиқлар қаерда эканлигини тушуниш, яъни амалдаги қонунчилик меъёрларини ҳисобга олиш, диннинг сиёсийлашувига йўл қўймасликни эътиборга олиш муҳим.

Биз динни ўрганиш ва унинг қадриятларини тарғиб қилишда хатога йўл қўйдик. Юртбошимиз қайта-қайта таъкидлаган ислом маданияти ўрнига биз негадир ислом ҳуқуқшунослари таълимоти – ислом ақидасини (фиқҳ, калом)ни тиклаб, уларни “мерос” сифатида қабул қилмоқдамиз. Ўрта аср муаллифлари, асосан ислом ҳуқуқи ва удумлари бўйича мутахассисларнинг минглаб китоблари мерос белгиси остида нашр этилган. Ахир бу ақида-ку! Замонавий ҳуқуқ нуқтаи назаридан, ҳатто исломий мамлакатларда ҳам, аксарият ҳолларда бу эскирган меъёрлар ҳисобланади!

Бу бизнинг кундалик ижтимоий ахлоқимиз, яъни ижтимоий ва ҳуқуқий хулқ-атворимиз учун қайта тиклашимиз керак бўлган мерос эканлигига қўшила олмайман. Лекин аслида, биз ўрта аср ислом ақидасини жонлантирмоқдамиз. У бутунлай бошқача шароитларда пайдо бўлган ва бугунги кун воқелигига тўғри келмайди. Бу фақат мусулмон диншунослари ўртасида академик тадқиқотлар ва ички мунозаралар мавзуси, мўминлар ҳатти-ҳаракатининг меъёри бўлиб қолиши ва асло ҳам замонавий ҳуқуқ мавзуси ёки дунёвий давлат мафкурасининг бир қисми бўлмаслиги лозим.

Биз ислом мероси, маданияти ёки цивилизациясининг тикланиши ҳақида гапирамиз, лекин негадир табиий исломий фанлар - математика ва астрономия, фалсафа, санъат, меъморий мерос, унинг нақшлари ва ёзувлари, хаттотлик, миниатюра, мусиқани унутамиз. Буларнинг барчаси жаҳон цивилизацияси улкан заҳирасининг бир қисмига айланиб бўлган. Аммо, кечирасиз-у, бу бизнинг ақида эмас.

Қолаверса, исломда анъанавий элитар билимлар, шу жумладан, диний фанлар соҳасидагилар ҳам йўқ қилинади. Дин ҳар доим фақат диний элита учун муҳокама қилинадиган мавзу бўлиб келган. Бу мунозаралар ҳеч қачон оддий ва саводсиз одамларнинг ҳукмига ҳавола қилинмаган. Бугунги кунда имомлар армияси оммавий ахборот воситалари орқали тайёр бўлмаган жамоага амри-маъруф қилмоқда, муқаддас Қуръон ва ҳадисларнинг таржимасини истаган киши ўқиши мумкин. Менимча, биз хавфли ҳодисага дуч келдик. Гап чала савод оломон Қуръон ва ҳадисларнинг таржималари билан "ўзига ўзи имом” бўлиб қолгани ҳақида кетмоқда.

Мен тасодифан террористик ташкилотларга ёлланган одамлар ўқиган адабиётларни ўрганиш имкониятига эга бўлдим. Биринчи навбатда, бу шўрлик ва алданган ёшларнинг муқаддас китобни қандай қабул қилишини ва қандай ўқишини тушуниш учун Қуръон маъносининг расмий равишда чиқарилган таржималарини ўрганиб чиқдим. Масалан, шундай нусхалардан бирида мен Қуръоннинг баъзи оятлари жуда кўп хато шарҳлар билан берилганини кўриб қолдим.

Масалан: “Кофирларни ўлдириш фарз экан” ёки: "Исломда жиход бор-ку!" деган шарҳлар учрайди. Бундай “ўқувчилар”га энди Муқаддас битикни талқин қила оладиган имом ёки шайх керак эмас. Уларда Қуръон, Пайғамбар ҳадисларининг таржималари бўлган китоблар мавжуд бўлиб, бу китобларни "мужоҳид учун оддий китоблар" деб қабул қилишади.

Муқаддас китоб ва бошқа кўплаб битиклар том маънода тайёрланмаган, аниқроғи, диний саводсиз кишилар қўлига тушган пайтдан бошлаб диний экстремизм, диний мотивлашган терроризм каби кўринишларнинг ўсиши кузатилди. Қуръон, ҳадис ва бошқа ўзига хос китоблар исломий олимлар (уламо) сифатида тан олинган тайёр кишилар томонидан ўрганилиши ва талқин қилиниши лозим.

Уларни таржима қилиш ва диний билимлардан йироқ инсонларга бериш катта хатодир!

Бундан ташқари, мамлакатда замонавий академик меъёрлар доирасида ишлай оладиган, тегишли муассасаларга эксперт таклифларини киритиш ва диний сиёсат стратегиясини тузишда ёрдам берадиган профессионал исломий олимлари етишмайди. Бизга холис, барча динларга нейтрал муносабатда бўладиган зўр исломшунослар керак.

Бизда улар тайёрланмайди. Ислом Академияси минглаб талабаларни ва юзлаб фан номзодларини чиқармоқда. Аммо аслида, уларнинг барчаси илоҳиётчилардир. Бир диннинг тарафдори бўла туриб, бошқа дин вакилларига нисбатан бетараф ва холис бўлиш, давлатнинг демократик тузилиши тарафдори бўлиш жуда қийин. Бунинг натижасида инсон ўз дини нуқтаи назаридан таклиф ва қарорлар қабул қилишига, бошқа одамларнинг хулқ-атворига, шунингдек, демократик давлат қонунларига айнан шахсий эътиқоддан келиб чиқиб   баҳо беришига мажбур бўлади.

Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчиманки, Сурияда ИШИД деярли тугатилган, аммо тирик қолган барча жангарилар шундайгина ёнимизга, Афғонистонга ўтиб кетган. Бу йигитларнинг ҳар бири йигирма нафар кишининг жойини боса олади - улар урушни кўрган, ўқнинг товушига ўрганган, ғоявий жиҳатдан ҳам қуролланган. Бу хавфсизлигимиз учун ҳам таҳдидлардан биридир.

Биз жуда мураккаб дунёда яшаяпмиз, ҳар бир уруш ортида кўплаб ҳаракатланувчи шасхлар ва давлатлар манфаатлари туради. Шунинг учун хавфсизлик масалаларини ортга суриб қўйиш мумкин эмас, улар шу ерда ва ҳозир ҳал қилиниши керак. Агар беш йил олдин бизни нима кутаётганини тахминан айтишим мумкин бўлса, энди буни айтиш мушкул. Кўплар глобал ва минтақавий муаммолар мавжуд. Уларнинг ҳаммаси бир дарёга оқиб келади. Шуни тушунишимиз керакки, агар бугун хато қилсак, бу хатоларнинг меваларини фарзандларимиз татиб кўришлари лозим бўлади.

Лойиҳа устида Зарина Тоҳирова, Александр Ким, Андрей Тешаев ишлашди.