Кўпчиликнинг кўзини очиши керак бўлган воқеа. Сурияга жўнаётган аёллар бошидан нималар кечади?

Кўпчиликнинг кўзини очиши керак бўлган воқеа. Сурияга жўнаётган аёллар бошидан нималар кечади?

Ўзбекистон 400дан ортиқ аёл ва болаларни уруш ҳудудларидан олиб қайтган. Ҳар-бир ҳолат ортида оғир тақдир, уруш ва йўқотишлар даҳшати турибди. Қайтганлар бошидан кечирган тажриба бугун Ўзбекистон учун радикаллашувга қарши кураш борасида муҳим аҳамиятга эга. Сурия, Ироқ ва Афғонистондан қайтиб келганларнинг у ерда кўрган даҳшатлари, "бахтли халифалик" ҳақидаги орзулари қандай парчалангани ҳақидаги самимий ҳикоялари бошқаларга ибрат бўлиши ва ижтимоий тармоқларда тарғиботчилар томонидан алданган кўплаб йигит-қизларни ҳалокатли қадамлардан қайтариши мумкин. Шунинг учун бу ҳақда бутун мамлакатга, айниқса кино воситасида ҳамма тушунадиган образлар орқали айтиб бериш жуда аҳамиятлидир.

Дилмурод Саидов режиссёрлигидаги “Аёл қисмати” бадиий филмининг премьераси шу йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтди. Ноябрдан бошлаб филм мамлакатимизнинг барча ҳудудларида катта экранларда намойиш қилинади. Филмнинг сюжети “Меҳр” операцияси доирасида Суриядан қайтиб келган аёлларнинг ҳикояларига асосланган. Диққат марказида акасининг иродасига бўйсунган ҳолда ёлғон йўллар билан жангарилар қўлига тушиб қолган Сожида исмли аёлнинг фожиаси турибди. Бош қаҳрамоннинг прототипи 10 йил давомида уруш ҳудудларида яшаган ва Ватанига қайтарилган андижонлик аёл бўлган. Сценарийга асос қилиб унинг ҳикояси олинган.

Реал воқеалар, сценарий устида ишлаш

"2019-йилда “Қўқон шамоли” филмимни суратга олиш ишлари олиб борилаётганда илк "Меҳр" операцияси амалга оширилаётган эди. Президент ташаббуси билан аёллар ва болалар Суриядан уйга қайтаётган эди. Ўшанда кино учун зўр материал ва воқеа чиқади, деб ўйлаган эдим”, - деди мухбиримизга Дилмурод Масаидов.

Орадан бир ой ўтиб, Қўқонда филмни суратга олиш ишлари тугаб, уни монтаж қилиш ишлари бошлангач, Масаидовга Суриядаги махсус операция ҳақида филм суратга олиш таклиф қилинган.

“Дарҳол ичимда филм шакллана бошлади. Бошиданоқ айнан ўша воқеаларни бошидан кечирган аёллар тақдирини кўрсатмоқчи эдим. Деярли дарҳол, махсус хизматлар билан ҳамкорлик туфайли асосий қахрамон аёл топилди. Аёллар Ўзбекистонга қайтгач, терговчилар улар билан суҳбатлар ўтказишган. Ушбу саҳналар филмда ҳам бор. Филмнинг бош қаҳрамонларидан бири – Санжар исмли терговчи”, - дея таъкидлади режиссёр.

Масаидов Ўзбекистонга қайтиб келган 10 нафар аёл билан суҳбатларда иштирок этган. Ҳар-бир учрашув режиссёрга нима бўлганини чуқурроқ кўриб чиқишга, келажакдаги филм учун муҳим тафсилотлар топишга ёрдам берган. Ушбу аёлларнинг ҳар бирининг ўз воқеаси бўлган. Кимдир ҳақиқий жаннат ва ҳақиқий халифаликка ишонган, бошқалари – ака-ука ва эрларнинг чақириғи билан ҳийлаларга тушган.

Ана шундай учрашувларнинг бирида у асли андижонлик бўлган филмнинг бош қаҳрамонини кўриб қолган.

“У гапирарди, мен йиғлардим. Мен уни тингладим ва томошабинга қандай етказишни англадим. Суҳбат сўнгида терговчи ундан сиз ҳақингизда ёзсак бўладими, деб сўради. Аёл: "Агар хоҳласангиз, китоб ёзинг ёки филм тайёрланг. Агар бу одамларга нима эканлигини тушунишга ёрдам берса, бу ҳақда айтиш керак”деган”, - дея эсламоқда Дилмурод Масаидов.

Унинг қўлида сценарийга киритилиши керак бўлган жуда кўп материаллар буўлган. Уни Сардор Хамроев ва Анвар Абдуллаев билан биргаликда ёзишга киришган.

"Биз нафақат алдов ёки соддалик билан Сурияга бориб қолган аёлларнинг фожиасини баён этишни, балки шу билан бирга воқеани қизиқ қилишни истадик, чунки томошабинларимиз 16 ёшдан ошган. Ёшлар ушбу қийин мавзуни томоша қилишларига ва нима ҳақида гаплашаётганимизни эшитишларига эришиш учун нима қилиш керак? Филм устида ишлайдиган бутун жамоа мазкур воқеа кўпчиликнинг кўзини очиши кераклигини тушунди. Филм нима оқ ва нима қора эканлигини аниқ кўрсатиб беради", - деди Масаидов.

Масаидов “Бўстон” санаториясида танишган яна бир аёлни эслади. Унинг қўлида гўдаги бўлган 16 ёшли қизи бор эди. Аёл ҳақиқий динни топиш учун эридан Сурияга қочиб кетган. Ўша эри уни кўриш учун келган.

“Аёл қочиш арфасида ким биландир Телеграм орқали гаплашиб турган. Шу йўл билан тузоққа тушиб қолган. У она бўлган қизини ҳам олиб келган. Ўша эркакнинг ҳолатини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Унинг йиғисига чидашнинг имкони йўқ”, -деди у.

Филмда уруш ҳудудларида бўлган аёл ва болалар болалар бошидан кечиргани ҳаққоний кўрсатиб берилган.

Сожиданинг тақдири

Ушбу ҳикоянинг ҳақиқий қаҳрамони уруш зонасига борганида 33 ёшда эди. У ўн йилдан сўнг Ўзбекистонга қайтиб келган. Шу давр давомида у 7 маротаба турмушга чиққан ва 7та фарзанд кўрган. Филмда эса фақат учта никоҳи ва битта туғилмаган боласи акс этган.

“Кўп маротаба турмушга чиқишдан мақсад шуки, аввалом бор, эри бўлган аёлни ҳеч ким зўрламайди, иккинчисидан – уни боқишади. Эри йўқ аёлни истаган жангари зўрлаши мумкин. Шу боис, хавфсизлик учун ҳам аёллар такроран турмушга чиқишган”, - деди режиссёр.

Сожиданинг воқеаси акаси ва эри Россияга ишлашга кетганлиги билан бошланган. У ерда улар ИШИДга жалб қилинган ва улар аввал Покистонга, кейин Сурияга бориб қолишган. Тез орада бу ҳақда Ўзбекистонда маълум бўлган. Бош қаҳрамон яшайдиган маҳаллада учрашув ўтказилиб, унда участка инспектори акасининг террорчилар билан тушган фотосуратни кўрсатган. Аҳоли бу хабарни кескин қабул қилиб, аёллар Сожидани икки фарзанди билан ҳайдаб юборишни таклиф қилишган. Қайнонаси шундай қилган.

Андижонда сарсон юриб, аёл ишлаш учун Қозонга синглисининг ёнига боради, у ерда акаси алдов йўли билан уни даставвал Москвага, кейин Покистонга олиб чиқади. Тез орада у Сурияга бориб қолади. Йўлда у тўнғич ўғли Салоҳиддинни йўқотиб қолади, аммо олти йилдан сўнг у билан учрашади. Бироқ, отрядлардан бирида жангари бўлган Салоҳиддин вафот этади.

Саҳналардан бирида онаси Салоҳитдиннинг узилган қўлини ушлаб тургани акс этган.. Аёл қайта турмуш қуради ва яна фожеа юз беради. Отишмада унинг иккинчи ўғли ҳам вафот этади.

Сожида ётоқдан тура олмайди, ҳарбийлар “Ал-хол” қочқинлар лагерига олиб боргунча унга маҳаллий фуқаро қараб туради. Ўша ердан унинг Ватанига қайтиши бошланади.

Филмда яна бир қаҳрамон – Шахзода исмли қиз борки, у саҳналардан бирида терговчи Санжарга “барибир Сурияга кетаман”, деб бақиради. У уни Ватанига қайтиб келганидан кейин санаторияда тикланаётган Сожида билан учрашувга олиб боради. Филмнинг асосий қаҳрамони билан ҳар-бир суҳбатдан сўнг қизнинг ниятлари ўзгариб боради.

"Мен актрисаларимга репатриация қилинган ҳақиқий аёллар билан учрашишга рухсат бермадим. Мен уларнинг ўзлари материалга тўлиқ кириб боришларини хоҳладим.   Улар аёлларни тинч ҳаётда кўрганларида, бундай ўйнамас эдилар”, - деди Дилмурод Масаидов.

Деярли бир ой давомида режиссёр гримчи ва костюмлар бўйича рассом билан бирга Сожида образини яратган. Филмнинг бошида ва охирида икки хил образ, бир аёлнинг икки хил кўриниши намоён бўлади.

Раъно Шодиева сценарийнинг бир парчасини проба пайтида ўқиётганда: "Буни қандай ижро этиш мумкин?", -дея таажжубланган. Дастлаб, актриса учун ушбу образга ҳар-бир кириш осон бўлмаган, аммо қисқа вақтдан кейин у образ билан қоришиб кетган.

Нима учун бундай ҳикояларни кўрсатиш муҳим?

Ўзбекистонлик ёллар ва болаларнинг Суриядан қайтишига ўзбекистонликлар турлича муносабат билдиришган, кимдир буни қўллаб-қувватлаган, кимдир эса уларни колдириш керак эди, деган фикрни билдирган. Филм нима учун улар қайтарилганига жавоб беради, шунингдек, ҳозирги қизларни ҳеч қачон бундай ҳолатларга тушмасликлари учун қандай тарбиялаш ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

“Уларни қолдириш керак эди, дейиш осон. Лекин уларнинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўришимиз керак. Барча олиб келинганлар ўз иродасига кўра кетмаган, билимсизлик ва жаҳолат туфайли бу куйга тушиб қолишган. Қайтарилганларнинг тақдири қандай бўилишини вақт кўрсатади. Уларнинг ҳаёти 100 фоизга синган ва ҳеч қачон тўлиқ тикланмаса керак”, - дея таъкидлади режиссёр.

Шунингдек, унинг фикрича, уруш ҳудудларида ўтган йиллар давомида доимий қўрқувда яшаб, улар ёмонни яхшидан аниқ ажрата бошлашган, аммо ҳамдардликни унутишган.

“Ҳақиқий қаҳрамон ўз ҳикоясини қандай айтиб берганини эслайман, унинг юзида ҳиссиёт умуман йўқ эди, овози ҳам монотон эшитиларди. Раъно Шодиева ўз қаҳрамони нима учун бундай бўлиб қолганини филмда жуда яхши кўрсатиб берди”, - деди режиссёр.

“Улар нима сабабдан бориб қолишганини тушундингизми?”, - дея сўрадим Дилмурод Масаидовдан.

“Менимча, улар жуда енгил фикрлашган. Улар итоаткор бўлиб, эрларнинг таъминотига ўрганиб қолишган ва дин асосларининг нотўғри талқинини тинглаб юришган”, -деди у.

Тошкентдаги халқаро кинофестивалда “Аёл қисмати” премьерасида томошабинлар 20 дақиқа давомида унинг ижодкорлари ва актёрларига   қарсақ чалишган.

Ҳозирда Тошкентда ишлар давом этмоқда. Филм турли тилларга, шу жумладан рус тилига дубляж қилинмоқда. Тез орада у Туркиядаги кинофестивалда намойиш этилади.

Хўш, нима учун бу филмни кўриш керак? Атрофимизда содир бўлаётганини билиш, доимо хавфсизликни асраш, фарзандлар билан кўпроқ суҳбатлашиш ва диний масалаларга эътибор бериш учун лозимдир. Шунингдек, Сурияга келган аёлларни тушуниш, уларга қарши стигматизацияни тўхтатиш учун филм муҳим саналади.