«Қишда уйи иссиқ ва ёруғ бўлиши ҳамманинг эҳтиёжи ва ҳаққи...»

«Қишда уйи иссиқ ва ёруғ бўлиши ҳамманинг эҳтиёжи ва ҳаққи...»

Электр ва газ бизда 30 йилдан бери ечилмас муаммо. Лекин нега шундай қийинчилик ва муаммода эканимизни билмайман. Қанча газ ёки электр керагу, ҳукумат нега булар билан таъминлай олмаётганини тушунмайман. Кичик ва ночор бир рўзғорда ҳам муаммолар аста-секин ечилади. Лекин катта ва энергия ресурсларига бой мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери бу масала нега ҳал этиб бўлмаётганини англамайман.

Совуқ хонада тонг оттириш нима эканини эса биламан. Тана ҳолсизланиб, совуйдиган, шу сабабли ташқаридан иссиқликка муҳтож бўлган қари ва хасталарнинг ҳолларини яхши тушунаман. Қоронғуда дарс тайёрлай олмаётган авлоднинг келажагини, метангаз заправкаларида вақтлари увол бўлаётган аҳолининг дардларини яхши ҳис қиламан. Буларни шунинг учун ёзяпман.

Демакки, муаммо бор, ечим йўқ экан (ҳукуматда), келинглар масалани оммага ошкор қилайлик. "Аҳолимизга қанча газ ва қанча электр керак, шундан қанчасини ҳукумат етказа олади ва қолганини қай йўл билан ҳосил қилиш мумкин". Шу каби саволларга жавобларни ҳамма билсин ва ҳамма бош қотирсин. Чунки нон каби зарур бу эҳтиёжларни халқ ҳар йили умид билан кутади. Ёлғон ваъдаларга ишонади ва катта қисми совуқ ва зулматдан қийналиб қиш ўтказса, оз бир қисми ис газидан заҳарланади ва бир неча ўнлаби ўлиб кетади. Қишда машинасини ҳайдай олмайди, қоронғу ва совуқда болалари дарс тайёрлай олмайди. Касал, заиф ва қарилари совуқ ва қоронғуликдан туни билан инграб чиқади.
Муаммо ҳамманики экан, ҳамма бош қотирсин. Уларнинг ечилмас эканини билса, англаса сабр қилсин ва ваъдаларга суянмасин. Кўмирини, тезагини ғамласин, ёқиб-битирилган дарахтзорларнинг ўрнини тўлдирсин, кейинги ўн йилликлардаги қишларга тайёрлансин. Ҳар кузда дардини достон қилавермасин.
Европа қитъаси уруш гирдобида. Мамлакатларнинг асосий ғами ва бош оғриғи - аҳолини иссиқ ва ёруғликда қишдан олиб чиқиш бўлиб қолган. Россия газидан узилган иқтисодлар олти ой ўтмай энергиянинг янги манбаларини излади, уланди, келтирди ва масалани ҳал қилди. Аҳолисининг энергия таъминотини ечди. Ҳатто урушнинг маркази - Украина учун ҳам босқинчиларга қарши жанглардан кейинги ўринда аҳолини газ ва электр билан таъминлаш асосий масала бўлиб турибди. Рус қўшини электр манбаларига ракета зарбаси берганда, яксон бўлган электрлинияларни тезкор янгилаш ёки таъмирлашга ҳаракат қиляпти. Қўшни давлатлар бу борада ҳамкорлик қиляпти.
Тўғри, бизда ҳам қуёш ва шамол энергиясини ҳосил қилувчи улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги газ конлари очилаётгани ҳақида тез-тез ўқиб турибмиз. Лекин ҳар куз муаммо ўша-ўшаку. Нега бундай бўлмоқда? Нега оз бўлса-да ҳолат яхшиланмаяпти? Ўзи энергия муаммоси қачон батамом ҳал бўлади?
Қишда уйи иссиқ ва ёруғ бўлиши ҳамманинг эҳтиёжи ва ҳаққи. Бу ҳақни омматан бера олинмаса ва ҳал қила олинмаса, жуда бўлмаганда муаммо нимада эканини айтиб, ҳисоб-китобни маълум қилиш лозим. Халқнинг ўзи билан маслаҳатлашиш керак. Балки яхши ечим ва таклифлар бўлиб қолар, балки ҳақиқат юзага чиқса, қишга олдинроқдан ўзи тайёргарлик кўрар ёки ҳеч қандай имкони бўлмаса, сабр қилиш учун халқ сабабга эга бўлар.
Лекин нима бўлганда ҳам муаммодан кўз юммаслик керак. Ваъда ва режалар билан аллаламаслик керак. Ҳақиқатнинг юзига тик қараш керак. Ечим бўлса ечиш, бўлмаса изланиш керак. Аммо булардан ноласи осмонга ўрлаётганлар хабардор бўлиши керак. Шояд уларнинг қарғишлари дуога, норозиликлари тушунишга ва энг асосийси муаммолари ечимга айланса!

Мубашшир Аҳмад