Пора деманг, шунчаки «байрам савати»

Пора деманг, шунчаки «байрам савати»

Коррупцияга қарши курашяпмиз, деярли барча давлат корхоналари-ю муассасаларида «Биз коррупцияга қаршимиз!» шиори остида йиғилишлар, тадбирлар ўтказяпмиз, уларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутассаддилари узундан-узун маърузалар қилишяпти...

Турмуш тарзимизга, жамиятдаги реал воқеларга қараб баъзан, олди-бердилар қон-қонимизга сингиб кетган эканда, деган фикрга бориб қоламан. Айниқса, турли байрамлар арафасида бу янада яққол кўзга ташланади: кимгадир, одатда юқорироқ лавозимдагиларга байрам совғаси, ҳадя ниқобидаги ўзига хос «дастурхонлар» серқатнов бўлиб қолади.

Ишхонамиз «Олой» бозори яқинида жойлашгани боис ҳар куни тушликка шу атрофдаги ошхоналарга қатнаймиз. Истаймизми-йўқми бозорга бир бош суқамиз. Номи деҳқон бозори бўлса-да, деҳқонлардан асар ҳам йўқ, қишин-ёзин ўз жойини бўшатмайдиган бугунги тил билан айтганда, тадбиркор аталмиш сотувчилар. Ҳамма билади, бу бозор пойтахтдаги бошқа бозорлардан нархларнинг анча юқорилиги билан машҳур. Ҳар ким ўзича талқин қилади: мева-сабзавотлари жуда сараланган, «элитный» жойда жойлашган, пулдорлар асосан шу ердан харид қилишади, хорижий сайёҳлар кўп ташриф буюради... Лекин гап булар ҳақидамас ҳозир.

Айни дамда бозор ҳар кунгидан гавжум, юргани йўл йўқ, ҳисоб. Сотувчилар қўли қўлига тегмайди. Сал анграйсангиз, аравакаш нақ босиб кетади... Катта-кичик саватларга қадоқланган мева-чеварар-у ичимликлар «гулдастаси»дан иборат Янги йил совға (ҳадя, пора)лари ақлингизни шоширади. Нархлари ўзига қараб: 500 мингдан етти миллионгача. Олмасак ҳам бир сўраб қўямиз одатда. Ҳар байрамда бу манзарани кўравериб кўзимиз ҳам ўрганиб кетган. Аммо бу йил аввалгиларидан ҳам жуда кўплиги гувоҳи бўлдик совғаларнинг. Нафақат турли ўлчамдаги саватларга қадоқланяпти, сандиқчалари, жимжимадор қутилари ҳам пайдо бўлган. Ошхоналар аксарияти ёпилган: совға тайёрловчиларга ижарага берилган.

Ҳар бир одамда орзу-ҳавас бор, фақат кимгадир пора учунмас, балки қуда-андаларга, эҳтимол ўзларининг байрам дастурхонига сотиб олишар, дейдиганлар ҳам топилади. Бўлса бордир бундайлар ҳам, бироқ сотиб олаётганларни кузатсангиз, гап-сўзларига қулоқ солсангиз, қайсидир раҳбар(ча)нинг кўнглини олиш учун эканлигини билиб олишингиз қийинмасда. Фарқи йўқ – ҳурмати учунми, рози қилишми, уялганиданми, қўрққаниданми?.. Қўрқмаса ҳурмат қилармиди...

Бир танишим айтиб қолди: «Анча йиллар олдин бир вазирликда ҳайдовчи бўлиб ишлаганман. Байрамларда  ҳали у ёқдан, ҳали бу ёқдан саватли совғалар ёғилиб кетарди. Ишхонадан шеф уйига сават ташиб чарчардим. Ичида йўқ нарсанинг ўзи бўлмасди. Баъзан кичикроқларидан бир-иккитасини менга ҳам берарди. Шунча мева-чевани... еб юборишармикан, деб ҳайрон бўлардим. Кейин билсам, керагидан ортиқчаларини бозорларга тарқатишаркан сотишга...»

Хуллас, биз коррупцияга қаршимиз, бу йўлда қатъий курашга бел боғлаганмиз. Фақат реал ҳаётимиз бизни аслида ким эканлигимизни билдириб қўйяпти, холос.

Усмонжон Йўлдошев, журналист