Супермен — гей, мусулмон болаларингиз эса ҳамон унинг мультфильмларини томоша қилади

Супермен — гей, мусулмон болаларингиз эса ҳамон унинг мультфильмларини томоша қилади

Либерализм чўпчакларидан бири шуки, гўё у инсониятни урушлар қаъридан тинчликка олиб чиққан эмиш.

Лекин реал ҳаётда инсоният аввалгидан ҳам ёмонроқ қамал ҳолатида турганини кўриш мумкин. Бу қамал баъзида худди Ғарб зулми остидан қолган мусулмон давлатларида бўлгани каби ҳарбий шаклда бўлади. Бироқ аксарият ҳолларда иқтисодий ва маданий шаклда бўлади.

Ҳақиқат шуки, барча халқлар ҳозир яширин уруш ҳолатида турибди. Тинчлик пардасининг ортида, қалбаки табассам қобиғида яширин ишораларга бепарво бўлмаслигимиз лозим.

Америкалик таҳлилчи Жозеф Най 90 йилларда тушунтириб берганидек, давлат ўз сиёсатини ёки қаттиқ куч воситасида – яъни ҳарбий ва иқтисодий ресурслардан фойдаланиб; ёки юмшоқ куч воситасида – яъни имиж, обрў ёхуд маданият каби номоддий ресурслардан фойдаланган ҳолда амалга оширади.

Мазкур назария асосан халқаро сиёсатга тегишли бўлсада, лекин у Ғарбга хос айрим мафкуралар тараққиётини тушуниш учун фойдали. Мазкур призма орқали биз Ҳолливуд фильмлари ёки Marvel ҳамда Netflix маҳсулотларини тарқатиш учун халқаро даражада кўрсатилаётган босим кўламини англай оламиз.

Бу ўзгаришларга яққол мисол – Саудия Арабистони ҳукуматининг мамлакатда LGBTQ + контентига рухсат бергани бўлди. Бунинг эвазига Netflix ўз платформасида Саудия ҳукуматига қарши контентни тақиқлади. Демак, ҳукумат ўз тинчини ўйлаб, болалар онгини LGBTQ + га қурбон қилиб юборди.

Мазкур “келишув”га биноан, 2019 йилда Netflix америкалик қизиқчи Ҳасан Минҳожнинг “Ватанпарварлик акти” шоусидан бир эпизодни ўчириб ташлашга рози бўлди. Чунки Саудия Арабистони ҳукуматининг даъво қилишича, ушбу қизиқчи шоусида (MBS лақаби билан машҳур) валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни танқид қилиш асносида Саудия қонунлари бузилган.

Netflix директори Ред Ҳастингс бу ҳақда шундай деганди: «Бу жуда қийин қарор бўлди. Натижада биз ўша эпизодни YouTube да сақлаб қолдик, негадир Netflix да эмас. Бунинг шарофати билан эса Queer Eye, Sex Education и Orange Is the New Black каби барча қолган контентларимиз Саудияда эркин кўрсатилишига муваффақ бўлдик”.

Маданий ишлаб чиқариш саноатининг вазифаси – бутун дунё одамлари билан бадиий асарларда илгари сурилаётган - LGBTQ +ни қўллаб қувватловчи либерал стандартлар ўртасида эмоционал ришталар боғлашдан иборат.

Охирги пайтларда Лут қавми болаларимизни янада бузиш учун яна бир тактикани қўллаяпти. Масалан, душанба куни энг йирик контент ва комикслар ишлаб чиқарувчиларидан бири DC Comics “Янги Супермен, Жонатан Кент, Кларк Кентнинг ўғли ва Луис Лейн, тез орада ўз эркак дўстлари билан романтик муносабат бошлашади”, деб эълон қилди.

Ушбу бир жинсли муҳаббат – Жон тахаллуси остида машҳур Жонатан Кент ўзининг машҳур отасидан фарқланувчи бошқача Супермен эканини исботловчи усуллардан бири холос. Июл ойида «Супермен: Кал-Эл ўғли» номли янги сериал бошланишидан аввал Жон иқлим ўзгариши сабаб бўлган ўрмон ёнғинларига қарши курашди, ўрта мактабдаги отишманинг олдини олди ва Метрополисдаги қочқинларни депортация қилишга қарши норозилик билдирди.

Бундай нарсалар глобал миқёсда қандай таъсир кўрсатишини англаш учун атрофга боқиш етарли. Аниқроғи болалар учун чиқарилган маҳсулотларнинг шаклу-шамойили ва улардаги суратларни кузатиш кифоя.

Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган давлатларнинг кўпчилигида ўқув йили бошланиш арафасида дўконлар Marvel ва DC суперқаҳрамонларининг логотиплари, сурат ва ранглари туширилган ўқув қуроллари ҳамда дафтар-китобларга тўлиб тошади. Шунингдек, ҳар куни болалар суперқаҳрамонлар, жумладан, Супермен сурати туширилган идишлардан ичимлик ичишади.

Бундай вазиятда суперқаҳрамонлар ва уларнинг хулқ-атвор модели ёшликдан болалар онг остига муҳрланиб бораверади. Агар бу суперқаҳрамонлар баччабоз бўлсачи? Ўз гомосексуалликларини ошкора кўрсатишса ва ҳатто бу билан фахрланишсачи? Бу маълумотни “ҳазм” қилган авлод ким бўлиб вояга етади?..

Аслини олганда, янги "ҳаворанг" суперқаҳрамонлар аллақачон мурғак мияларни заҳарлаб бошлаган: Бетменнинг шериги Робин яқинда эркак дўстига севги изҳор қилди. Янги «Аквамен» комиксида эса қора танли гей бош қаҳрамон бўлиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, замонавий Лут қавмининг маданияти бутун кўнгилочар саноатни эгаллаб олган. Бироқ мусулмон ота-оналар буни билармикан? Қолаверса нафақат катта ёшли болалар учун медиа-контент, ҳатто ундан ёши кичиклар учун мўлжалланган маҳсулотлар ҳам “ҳаво ранг”га бўялиб бўлган. Масалан ўтган йили “Шимигич Боб – квадрат шим» болалар мультфильмининг ижодкори “Боб персонажи ҳам LGBTQ + жамиятининг бир қисми”, деб эълон қилди. Бу мультфильмни эса болалар 2 ёшдан бошлаб кўришади!

Шуни унутмаслик керакки, фарзандларимиз бундай контент билан ошно бўлганида, уларда дунё ва охиратларини хароб қиладиган хулқ-атвор шакллана бошлайди. Фаҳш ва Лут қавми ишига аввал бефарқлик, кейин ижобий муносабат, охирида эса иштиёқ уйғонади.

Шундай экан, биз болаларимизга ҳақиқий қаҳрамонлар – Умар ибн Хаттоб, Ҳамза, Холид ибн Валид, Умар Мухтор каб тарихий мусулмон шахслар ҳақида, қолаверса барча жиҳатдан мукаммал инсон - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида кўпроқ гапириб берайлик. Уларнинг ҳаёт йўли фарзандларимиз учун дунё ва охират ишларида ўрнак бўлишига эришайлик. Акс ҳолда келажак авлодларимиздан Амир Темур, Бухорий ва Улуғбеклар эмас, бугунги кунда атрофимизни ўраб олган гей-қаҳрамонларнинг нусхалари етишиб чиқади холос.


Манба: Azon.uz