Ортиқхўжаев оут. Жамоатчилик нима демоқда?

Ортиқхўжаев оут. Жамоатчилик нима демоқда?

16 январь, душанба куни Шавкат Мирзиёев ўтказган энергия ресурслари таъминотига доир йиғилишда Тошкент шаҳрини 2018 йилдан бери бошқариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан олинди. Бунга собиқ ҳокимнинг қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани сабаб қилиб кўрсатилган. Шу пайтгача ҳоким ўринбосари сифатида ишлаб келган Бахтиёр Раҳмонов эса вақтинча ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Оёғи ердан узилган

Президент йиғилишда Ортиқхўжаевни ишдан олиш сабабига тўхталиб, собиқ ҳоким фақат қуруқ гап, ёлғон маълумот билан бўлиб, пастга тушмагани айтган.
«Ноинсофнинг оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим», — деган Мирзиёев.

Хўш, Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими лавозимидан кетиши ижтимоий тармоқларда қандай қарши олинди? Жамоатчилик нима демоқда? Қуйида фикр етакчилари бўлган блогерларнинг Twitter, Facebook, Telegram’даги эътиборга молик фикрларини улашамиз.

Умумий айтганда, жамоатчиликнинг ушбу ҳолатга бўлган қарашлари, асосан, икки хил. Бирлари Ортиқхўжаевнинг кетганини маъқуллаб, буёғига шаҳарда ижобий ўзгаришлар бўлишини тахмин қилаётган бўлса, бошқалари тизим тубдан ислоҳ қилинмас экан, ҳокимлар ўзгарганидан тайинли фойда йўқ, деб ҳисоблайди. Собиқ ҳоким тарафдорлари эса нисбатан камчиликни ташкил этмоқда.

Энг ёмон Тошкент
Хусусан, публицист, мустақил журналист Никита Макаренко Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «Тошкент шаҳрининг замонавий тарихидаги энг ёмон раҳбар» деб атаган. Унинг фикрича, собиқ ҳоким даврида шаҳар ривожланишда анча орқага қайтган. Блогер, айниқса, бетартиб «снос»лар, шаҳар инфратузилмасидаги нотўғри қарорлар, коммунал хизматларнинг талабга жавоб бермаслиги, коррупция ва ОАВга бўлган очиқдан-очиқ нафратга эътибор қаратган.

Фото: Telegram / макаренко_чаннел
Макаренко бу сурат Ортиқхўжаев давридаги Тошкентнинг адабий рамзи бўлиб қолишини ёзган.

Журналист, Human.uz интернат-портали бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ҳам собиқ ҳоким давридаги дарахткушликларга эътибор қаратган.

«Шаҳарда озроқ бўш жой ёки дарахтзор кўрсак, ‘Ишқилиб, шу ергаям дом қурворилмаса бўлди’, деган хавотирлардан қутиладиган бўлдикми шундай қилиб?!», — деб ёзади Мирзажонов.

Ўрнига ким келиши аҳамиятсиз
Иқтисодчи Ботир Қобилов ўзгаришга пессимистик ёндошяпти. Унинг фикрича, Ортиқхўжаевнинг ўрнига ким келиши унчалик ҳам катта аҳамиятга эга эмас. Чунки барибир ҳокимларни тийиб турадиган ричаг йўқ.

«У (янги ҳоким — таҳр.) қандай шахс бўлишидан қатъий назар, унинг ҳаракатлари ва ваколатини тийиб турадиган механизм, жавобгарлик / ҳисобот йўналиши бўлмагунча, қизиқ эмас», — дейди Қобилов.

Яна бир иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг фикри бундай:
«Ўрнига ундан ҳам ёмони қўйилади ва Ортиқхўжаевни ҳам ҳимоя қиламан, деб ўйламагандим. Давлат раҳбари туб ўзгаришларни кейинга қолдирди, деб умид қиламан».

Журналист Лазиз Ҳамидов эса раҳбарликка ўз касбининг мутахассиси бўлган муносиб кадрларни олиб келиш кераклигини айтмоқда.

«Ҳар бир ишидан манфаат, бизнес кўзламайдиган, дунё кўрган, халқаро олийгоҳларда таҳсил олган, тил биладиган ўз касбини яхши мутахассисларига лавозим беринглар, барака топгурлар, илтимос, унинг шапкасини бунга, бунинг шапкасини унга кийдиравермай»,— деб ёзади «Улар» лойиҳаси асосчиси.

Пружина эффекти
Айрим блогерлар Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокимлигидан кетгани билан, сиёсатдан кетмай қолади, деган ҳадикда. Хусусан, ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов «Ишқилиб, ака (Жаҳонгир Ортиқхўжаев — таҳр.) бош вазир ўринбосари бўлиб кетмаса бўлди», — деб ёзди.

Troll.uz’нинг (Умид Ғофуров) кутилмалари ҳам ўхшаш:
«Ердан узилган оёқлар юқорироқ лавозимга қараб шаҳдам қадам ташласа, ажабланмайман».

Менга ҳоким ёқарди
Спорт журналисти Жамолиддин Бобожоновнинг фикрича, Ортиқхожаевнинг тизимдан чиқмагани унинг ютуғи бўлган.
«‘Честнў манга ҳоким ёқарди. Қинғир ишлари бўлгандир. Ман билмайман. Аввалги ҳокимларда ҳам бўлган бу ишлар, деб ўйлайман.
Ортиқхўжаевнинг ютуғи тизимдан чиқмаганида эди. Ўрнига бир камолотчи, маддоҳ, бюрократ, бешикдаёқ оқ кўйлак, қора шимда ётган давлат тизимидан кимдир келса керак
», — деб ёзади у Twitter’даги саҳифасида.

Тармоқдаги ҳазиллар
Ортиқхўжаев — Ванга
«Gazeta.uz» муҳаррири Нуруллоҳ Шариф Facebook’да ёзган постида Ортиқхўжаевни Баба Вангага ўхшатган. Бунинг исботи эса мана бундай экан:

«2022 йилнинг август ойида ҳоким тарғибот яхши амалга оширилса, Тошкентга бир ойга қолмай туристлар оқиб келишини айтганди. Шундан сўнг шаҳарга россиялик релокантлар кўчиб келди.
Икки кун туриб беришимиз керак, деганди. Ростдан икки кун туриб, кейин ишдан бўшади
».

«Добби» энди озод
Журналист Хуршид Далиев Ортиқхўжаев лавозимидан олинишига «Тошкон озод бўлди», дея муносабат билдирган.

«Жоҳа ака (Жаҳонгир Ортиқхўжаев — таҳр.) кетишини билиб ош берганга ўхшайди. Текин ош бўляптими ҳалиям Тошконда?», — дея қўшимча қилган у.

Ортиқхўжаевнинг ҳайфсанлари
2018 йилнинг апрель ойидан бери ҳоким вазифасини бажариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев шу йилнинг 21 декабрь куни расман Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинланганди. Президент уни инвесторларга таништираётиб, Ўзбекистон тарихида илк бор ўзи ишонадиган тадбиркорни ҳоким этиб тайинлаганини айтганди.

«Бу жорий ислоҳотларни тушунадиган, бюрократиядан узоқ бўлган, Тошкент шаҳрининг эртанги куни қандай бўлишини тасаввур қиладиган замонавий йигит Ўзбекистонга тоза ҳаво кириши учун, инвесторларни қўллаб-қувватлаш учун тайинланди», — дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг, ҳоким сифатидаги қарийб 5 йиллик фаолияти давомида Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлат раҳбаридан икки марта ҳайфсан қабул қилиб олган:

- биринчиси — 2020 йил 15 июль куни коронавирусга қарши курашни самарали ташкил қилмагани учун;
- иккинчиси — 2022 йил 8 август куни дарахткушлик авжига чиққан пайт масъулиятсизликка йўл қўйгани учун.

Тармоқдаги сўнгги маълумотларга кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 январь куни эрталаб, президент йиғилиши бошланмасидан аввал шаҳарни тарк этмоқчи бўлган. Журналист Никита Макаренконинг ёзишича, собиқ ҳоким оиласи билан Тошкент аэропорти орқали шаҳарни тарк этмоқчи бўлган пайт хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган.