Қисқаришга тушдингизми? Иш жойингизни сақлаб қолмоқчимисиз?

Қисқаришга тушдингизми? Иш жойингизни сақлаб қолмоқчимисиз?

Айни кунларда мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар, хусусан, яқинда вазирлик ва идораларнинг қайта ташкил этилиши ҳамда бирлашишига оид хабарлар тарқалгач, аҳоли ўртасида иш ўринларининг қисқариш ёки қандай қилиб иш жойини сақлаб қолиш тўғрисида саволлар кўпаймоқда.

Шу жумладан, шартли савол: «Ассалому алайкум. Менга қисқариш бўйича 2 ойлик огоҳлантириш беришди. Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайдилар. 2та фарзандим бор 4 ва 6 ёшли. Илтимос, маслаҳат беринг қандай қилиб иш жойимни сақлаб қолсам бўлади? Барибир бўшатамиз, ҳеч нарса қўлингдан келмайди ундан кўра 2 ойлик огоҳлантиришни компенсация билан алиштир дейишяпти. Нима қилай?».

Меҳнат кодекси 92-моддаси 2-қисмига кўра, агар обектив сабабларга кўра (100-модда иккинчи қисмининг 1, 2 ва 6-бандлари ва 106-модданинг 2-банди) меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бир мунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, — корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин.

Яъни содда қилиб айтганда, ходим қисқаришга тушса ёки аттестациядан ўта олмаса иш берувчи бу тоифа ходимларга бошқа иш таклиф қилиши шарт.

Иш берувчи 2 ойлик огоҳлантиришнинг бутун муддати давомида ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт, ҳаттоки, огоҳлантиришнинг сўнги куни ҳам.

Иш жойингизни сақлаб қолишнинг қуйидаги усуллари бор:

1-усул: 2 ойлик огоҳлантириш муддати давомида ҳомиладор бўлинг! Ҳаттоки, огоҳлантириш муддатининг сўнгги куни ҳам ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома олиб келсангиз иш берувчи Сизни бўшата олмайди. Чунки, Меҳнат кодекси 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

Ҳомиладорлик муддатининг аҳамияти йўқ. УЗИ (ултратовуш) ёрдамида ҳомиладорлик 2-, 3-ҳафтада аниқланиши мумкин. Агар шунга қарамай иш берувчи сизни бўшатса, у ҳолда жиноий жавобгарликка тортилади.

Диққат! Жиноят кодекси 148-моддаси 2-қисмига кўра, аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

2-усул: Меҳнат кодекси 235-моддасига кўра, янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга ҳам аёлларга оналик билан боғлиқ ҳолда бериладиган кафолатлар ва имтиёзлар тақдим қилинади. Шунингдек, юқоридаги кафолатлар ва имтиёзлар ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни амалда тарбия қилаётган бувига, бувага ёки бошқа қариндошларга ҳам берилади (Асос: Меҳнат кодекси 238-моддаси).

Ходим қисқаришга тушганда 2 ойлик огоҳлантириш муддатини пулли компенсацияга алиштириш тарафлар келишувига кўра амалга оширилади. Агар рози бўлмасангиз, иш берувчи 2 ойлик муддатни пулли компенсацияга алиштира олмайди.

Тасаввур қилайлик, корхонада бошқа иш йўқ ёки юқоридаги кафолатларга мос тушмайсиз! Хафа бўлманг! Бу ҳолатда ҳам меҳнат қонунчилиги сиз учун бир қатор кафолатларни тақдим қилади. Иш берувчи сизга меҳнат шартномаси бекор қилинган куни Меҳнат кодекси 109-моддасига кўра, ўртача ойлик иш ҳақингиздан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўлайди. Шунингдек, иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида сизнинг ўртача ойлик иш ҳақингиз ҳам сақланиб қолади.


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив