Ахборот сиёсатининг самарадорлиги нима билан ўлчанади?

Ахборот сиёсатининг самарадорлиги нима билан ўлчанади?

Ахборот сиёсатининг самарадорлиги нима билан ўлчанади?

Матбуот эркинлиги, эркин ахборот оқимлари – давлат институтлари ва мулозимларидан муаммолари йиллар давомида тўпланиб қолган Ўзбекистон жамияти билан самарали мулоқот қилиш ва ечим топиш борасида юқори малака талаб қилади.

“Келажакни хотирлаб” дастурининг ўтган сонида “Ўзбекистонда тўлиқ цензура ўрнатилса, бунинг давлатга қандай оқибатлари бўлади?” саволи атрофида фикрлашдик.

Лекин ушбу масала билан боғлиқ бўлган бошқа муҳим саволлар ҳам бор. Яъни “нима учун ислоҳотларга интилаётган давлатларда ҳам, ҳукуматлар эркин ва жўшқин ахборот оқимларидан чўчишади?” “Нима учун қаттиқ авторитаризмдан воз кечган давлатлар ҳам эркин ахборот оқимларини секинлатишга интилишади?”

Ўзбекистонда ахборот оқимлари, ахборот сиёсатини таҳлил қилишда учта муҳим компонент, унсурнинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапириш мумкин.

Биринчиси,ижтимоий кайфият. Ўзбекистон 2016 йилга қадар жуда ёпиқ давлат эди. Жамиятнинг қарашлари, кайфиятлари каналлаштирилмади, одамларнинг маиший, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа муаммолари эшитилмади.

Аксинча, ижтимоий муаммолар қаттиқ ва тизимли бир шаклда бостирилди. Натижада, жамиятда, табиий равишда давлатга ишончсизлик кристаллашди, жиззакилик, яъни фрустрация чуқурлашди.

Ижтимоий онг бу – жонли жараён. Жамиятнинг ижтимоий кайфияти муттасил бостирилгач, давлатга ишонмаслик ва у билан курашишга мойиллик – ижтимоий онгдаги энг марказий қарашлардан бирига айланди. Ҳалига қадар мана шу қараш йўқолгани йўқ, давлат билан ҳамкорлик сиёсий маданияти мустаҳкам шакллангани йўқ.

Иккинчи унсур бу – ОАВнинг бугунги ҳолати. Кейинги йилларда Ўзбекистонда сўз эркинлиги – давлатни нормаллаштириш, ижтимоий муаммоларни самарали каналлаштириш воситаси сифатида кўрилди. Ҳақиқатда ҳам эркин матбуот, шижоатли ОАВ – бутун дунёда жамиятнинг муаммоларини билиш ва уларга муносабат билдиришнинг энг кучли воситаси ҳисобланади.

Учинчи унсур бу – давлат ва ҳукуматнинг малакаси. Ҳозирги давр тақозо қиладики, очиқлик шароитида, глобаллашаётган даврда ишлай оладиган давлат институтлари ва мулозимларига эҳтиёж ошиб бормоқда.

Матбуоти тўлиқ эркин, ОАВ эркин ишлайдиган давлатда, ҳокимиятга жуда катта вазифалар, босимлар пайдо бўлади. Глобаллашган замонда, ижтимоий тармоқлар соат сайин ривожланиб бораётган даврда, ахборот оқимлари билан самарали курашиб бўлмайди. Агар ОАВга босим қилиб, улар назоратга олинса, ахборот оқимлари шу заҳоти мустақил ва глобал бўлган ижтимоий тармоқларга ва хорижий ахборот каналларига ўтиб кетади.

Агар эркин матбуот, ОАВ жамиятдаги комплекс муаммоларни тезкор ва эркин каналлаштиришда давом этса ва бу муаммолар билан ишлаш борасида давлатда етарлича малака бўлмаса, бу жамиятда ижтимоий зўриқишлар, портлашлар кутилади. Яъни жамиятда чорак аср давомида тўпланиб қолган муаммолар, норозиликлар бор.

Нима учун Ўзбекистон шароитида давлат ахборот оқимларини секинлатишдан манфаатдор? Чунки ҳали кўплаб давлат институтлари ва мулозимларининг жамият билан сифатли мулоқот қилиш малакаси шаклланмади, ривожланмади.

Лекин ҳозирги даврда давлатнинг айнан мана шу малакаси сўз ва фикр эркинлигини таъминлашда, ижтимоий барқарорликни куч ишлатмасдан таъминлашда, давлатнинг глобал репутациясини ижобийлаштиришда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Давлат ўзининг айнан шу малакасини ўстиришда, тезлашиши катта зарурат бўлиб қолаверади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи