Эри Россияга кетган аёлнинг ҳикояси...

Эри Россияга кетган аёлнинг ҳикояси...

“Эрим Россияда. Қариндошларимдан келадиган ёрдам ҳам тугаган, эрталабки чойимизга бир бурда нон билан қаноатландик.

Қўшнимникига меҳмон келадиган бўлиб қолиб, бир ошхамирлик ун, 200 та чучварага етгулик қийма чиқариб: “Мана шуни тугушиб берсангиз” деб, ташлаб чиқиб кетишди.
Ёрдамим текканига бир хурсанд бўлсам, болаларимга овқат келганига минг хурсанд бўлиб, ишни бошладим.

Хамирни ёйиб бўлдим, чучвара тугуш давомида хаёлимдан нималар ўтяпти, сувга қайнатаман, азгина ёғимиз бўлганда эди, қайлали қилиб пишириб берар эдим, деб турсам, бирдан бошқа хаёл келиб қолди.
Фарзандларимга ўғирланган овқат егизаманми, йўқ, бўлмайди, сўрашим керак.

Шайтон ғулув қилади, сўрасанг аччиғи келади, озиб-ёзиб бир иш айтган эдим шунга ҳам суқланяпти дийди, иш айтганига пушаймон қилдирасанми?
Яна бири, бермасачи, мехмонга яраша эди, десачи?

Нима деган одам бўламан, индамай 10-15 та олиб қолсам-чи деб, охири олиб ҳам қолмайман, сўрамайман ҳам деган қарорга келдим.
Чунки ҳар тонг етти маротаба Аллоҳдан ризқ сўраб: ”Эй ҳамма жонзотга ризқ бергувчи Раззоқ, менга ҳам гўзал ризқ бер, дейман-ку, деб сабр қилдим.

Шу пайт... Келин бўлиб тушганимга ўн йилдан ошган бўлса ҳам бирор маротаба келмаган, борди-келди фақат тўй маросимларда бўлган эримнинг узоқ қариндоши, Гўзалхон аммамиз бир сўмка хом ошлик, нон, гўшт, сабзи-пиёз ўнта нонга етгудай пул билан кириб келдилар.

Мани ичим йиғига тўлган, қўлим ун, бир аҳволда кутиб олдим.
Гўзалхон аммамизни тушларига бизнинг ҳовлимизда ўтган бувилари кирибди экан, шунга йўқлаб келибди.

Шу орада қўшнимизни қизлари чиқиб чучвараларни олиб кириб кетишди, меҳмонимни кузатиб ошхонага кирсам бир тавоқчада чучварадан ҳам қолдиришипти.

Ана ҳалолим, берган ризқингдан ўргулай, Раббим.
Сал қолди нафсимнинг гапига кириб улкан гуноҳ, ўғирлик қилишимга.

Аллоҳ сақламаса, Аллоҳни доим ёдлаб турмасак, шайтон домига тушиб, гунохкор бўлиб қолишимиз, фарзандларимизга ҳаром бериб катта қилиб, яхшилик кутишимиз густоҳлик.