Коронавирус, карантин, картошка - Ўзбекистонда нималар бўляпти?


30 мартдан Ўзбекистон бўйлаб янги карантин қоидалари кучга кирган.

Тошкент ва вилоят марказларида шахсий автомобилда ҳаракатланиш ёки йўловчи ташиш тақиқланган.

Айни пайтда расмийларга кўра, ҳаётий зарурат бўлгани тақдирда, масалан, яқинини касалхонага олиб бораётган фуқарога шахсий транспортида ҳаракатланишга рухсат берилади.

Карантин тартиби кучайтирилиши арафасида пойтахт ва вилоят марказларидаги Давлат хизматлари агентлигида йўловчи ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларнинг махсус стикер олиш учун навбатлари пайдо бўлган.

Бу каби навбатлар бугун ҳам кузатилмоқда.

Бозорларда картошка нархи кўтарилиб кетган.

Расмийлар одамларнинг карантин қоидаларига амал қилмаётганидан нолишмоқда.

Айрим депутатлар фавқулодда ҳолат жорий этишни таклиф қилганлар.

Ўзбекистон барча чекловларга қарамасдан, ҳозиргача расман коронавирус билан боғлиқ фавқулодда ҳолат эълон қилмаган.

Кимларга рухсат берилади?

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати рахбари Шоҳруҳ Ғиёсовнинг душанба куни Тошкентдаги брифингда маълум қилиишча, махсус комиссиянинг талабига кўра кўчада ҳаракатланишга имкон берувчи стикер фақат қуйидагиларга берилади:

  • Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат транспорти ва ходимларининг шахсий транспорти;
  • Санитария ва гигиена маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситалари;
  • Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли автотранспорт воситалари.

"Бошқа транспорт воситаларига стикер берилмайди. Давлат хизматлари марказларида тўпланманг, у ердаги ходимларни ва ўзингизни асабингизни бузманг", дея таъкидлаган ИИВ вакили

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат карантин қоидалари бўйича чеклов эълон қилишда, айни вақтда юзага келган вазиятдан келиб чиқади.

"Фуқароларга кўчага чиқмаслик ҳақида жуда кўп маротаба огоҳлантириш берилишига қарамасдан, кўпчилик бунга риоя этмади. Шунинг учун ҳукумат қатъий чекловларни киритишга мажбур бўлди", деб айтган Шоҳруҳ Ғиёсов Тошкентдаги брифингда.

'Аллоҳга таваккал'

Айни пайтда 30 март ҳолатига коронавирусга чалинганлар сони бир кишига ортиб, 149 нафарни ташкил этган.

Расмий хабарда айтилишича, охирги ҳолат иккинчи вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган жиянида аниқланган.

Шунингдек, 2 нафар андижонлик (аёллар), 1 нафар фарғоналик (эркак) ва 1 нафар тошкентлик (эркак) фуқароларда аниқланди, дейилади расмий хабарда.

28 март куни вазирлик Тошкентда 39 ёшли эркакнинг коронавирусдан вафот этганини эълон қилганди.

Франциядан қайтган биринчи бемор билан мулоқотда бўлган шахс ўзи шифокор бўлишига қарамай, касалликни яширгани ва "ўзича даволашга урингани" айтилган.

Ўзбекистонда ҳозиргача коронавирусдан иккита ўлим ҳолати қайд этилди.

29 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 нафар беморнинг бутунлай соғайиб кетгани ва Республика вирусология илмий-текшириш институтидан чиқарилганини маълум қилган.

Вазирликка кўра, 29 март куни коронавирус инфекциясига қарши курашаётган тиббиёт ходимлари ўрин алмашган.

Улардан бири Хушнура Саидгазиева kun.uz нашрига берган интервьюсида "20 соатлаб" ишлашганликларини айтган.

"Мана шу касалликка қарши кураш бошлганимизда Аллоҳга таваккал қилганимизни яна бир бор ҳис қилдим" деган ўзбекистонлик шифокор.

Картошка биринчига чиқди

ЎзбекистонФото муаллифлик ҳуқуқиKUN.UZ

Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон бозорларида картошкага талабнинг ортиб кетгани коронавирус янгиликларини ҳам босиб кетди.

Пойтахт Тошкентнинг "Чорсу" ва "Фарҳод бозори" сингари йирик бозорларида одамларнинг узундан - узун навбати ва издиҳомлар акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда ёйинланди.

Бир кило картошканинг нархи 5 минг сўмгача чиққани айтилди.

Журналист ва блогерлар "Картошка васвасаси" ҳақида ёзишди.

"Одамлар, охирзамонмас-ку, нега ҳамма бозорга ёпириляпти? Ўзи вирус юқмасин деб чеклов қўйилди, бозорлар, озиқ-овқат дўконлари ишлайди дейилди. Нега яна картошка-пиёз деб тумонат орасига киряпсиз? Тасаввур қиляпсизми: картошкага қўшиб ўша ерда вирус ҳам тарқатиляпти, текинга, ўзингиз ҳам тарқатаётган бўлишингиз мумкин. Картошкани ким ейди кейин???" деб ёзди блогер ва Адлия вазирлиги маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова.

ЎзбекистонФото муаллифлик ҳуқуқиFACEBOOK/ABDULLAAZIZOV

Тармоқ фойдаланувчиларига кўра, картошка ваҳимаси мамлакат бўйлаб транспорт воситаларининг ҳаракатланишига қўйилган чекловлар билан боғлиқ.

Расмийлар душанба куни сабзавот ва озиқ-овқат ортилган юк машиналарининг қатновига чеклов қўйилмагани, улар назорат -ўтиш масканларида дезинфекция қилинганидан сўнг бемалол пойтахт ва бошқа шаҳарларга киритилиши ни маълум қилганлар.

Давлат Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Абдулла Азизов 30 март куни пойхатдаги Корзинка.уз дўконларида картошка нархи 3500 сўм эканини ёзган.

"Кеча шошиб хавотирга тушганлар диққатига:

- Магазинлар ишлаяпти

- Озиқ-овқат етарли

- Бугун Корзинкада картошканинг нархи 3500

Ҳаммадан катта илтимос, хавотирга тушманглар. Ҳар кимни гапига ишонманглар. Соғ бўлинглар ва ўзларингни асранглар" деб пост қолдирган Фэйсбук саҳифасида Давлат Солиқ Қўмитаси мулозими.

Бундан аввал Қўмита раиси ҳам мамлакатда озиқ-овқат заҳиралари етарли экани ҳақидаги баёнот билан чиққан эди.

'Узоққа чўзилмайди'

Айни вақтда қишлоқ жойларидаги аҳоли карантин сабаб зарур дори-дармонларни харид қилиш учун шаҳар ҳудудидаги дорихоналарга боролмаётганини айтмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков "дориларни олдиндан заҳира қилиб қўйиш"ни тавсия қилган.

ЎзбекистонНурмат Отабеков карантин узоққа чўзилмаслигини айтган, аммо аниқ муддатни тилга олмаган

"Ҳозир дорихоналарнинг тури анча катта, мабодо қайсидир дорига эҳтиёж бўлса, унинг тугаб қолишини кутмасдан, ўз ҳудудидингиздаги дорихонага тайинлаб қўйсангиз, албатт а олиб келиб беради", деб айтган 30 март куни Тошкентдаги брифинг чоғида Ўзбекистон ҳукуматининг бош санитар врачи.

"Ўйлаймизки, карантин тадбирлари ҳам жуда катта вақтга чўзилмайди", деб айтган у, аммо аниқ муддат келтирмаган.

Аввалроқ профессор Отабеков апрел-май ойларига бориб, коронавирус ўз-ўзидан йўқолиб кетишини айтганди.

скачать dle 12.0


Фикрлар (0)

изоҳ қўшинг