» » Ҳайдовчи орқа ён ойнага парда ўрнатса бўладими?

Ҳайдовчи орқа ён ойнага парда ўрнатса бўладими?

Ёзнинг жазирама кунларида ҳайдовчилар учун қуёшдан сақланиш муаммога айланади. Қуёшдан сақланишнинг яқинда қонунийлаштирилган йўли, бу - 18 млн сўм эвазига 1 йиллик автомашина ойнаси тусини ўзгартириш (қорайтириш) ҳуқуқини сотиб олиш. Шу ўринда, ИИВ мутасаддиларининг пул тўламай (ёки тўлай олмаган) ойнасини қорайтирган машина эгасини потенциал жиноятчига тенглаштириш ҳақидаги фикрларини ортиқча изоҳсиз қолдирамиз.

Бугун мавзу бошқа: машинанинг орқа ён ойнасига парда ўрнатиш мумкинми?

Амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига биноан, М1 тоифадаги (енгил) автомобилларнинг орқа ойнасига чий парда ва дарпарда ўрнатишга рухсат берилган. Аммо орқа ён ойналарга (тушунарли бўлиши учун қисқа қилиб «орқа эшик» деймиз) парда ўрнатишга-чи, рухсат ёки тақиқ борми? Йўл патрул хизмати ходимларининг орқа эшикка парда ўрнатилгани учун (парда кўтарилмаса ҳам) жаримага тортиши қанчалар асосли?

Жазо белгиланганми?

Аввало орқа эшикка парда ўрнатганлик учун қандай жазо борлигини кўриб чиқиш керак. Боиси, ҳар қандай тақиқ ҳам жазо мавжудлигини англатмайди. Мисол учун, 2011 йилда жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланса-да, мазкур қилмиш учун жарима 2015 йил 29 декабрда жорий қилинди. Бу эса амалда 4 йил давомида жавобгарликсиз жамоат жойларида тамаки истеъмол қилиш мумкин бўлганлигини кўрсатади.

Хўш, орқа эшикка парда ўрнатган ҳайдовчиларни қандай жазо кутиб турибди? Амалиётда бу каби ҳолат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддаси билан жавобгарликка асос бўлмоқда.

Аммо биз ушбу қарорга қўшилмаймиз! Фикримизча, орқа эшикка парда ўрнатганлик учун қонунчиликда жазо белгиланмаган.

Эътибор беринг, МЖтК 126-моддасида қайд этилишича:

«Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно, энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади».

Кўзгусимон ва туси ўзгартирилган ойна, бу – «тонировка» дегани. Пардага доир чекловлар «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган» (русча вариантида «транспортных средств, на которых установлены дополнительные предметы или нанесены покрытия, ограничивающие обзорность с места водителя») деган қисмига тушади.

Бу каби тақиқ «Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентнинг 73-банди иккинчи хатбошисида, шунингдек «Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар»нинг 7.3-бандида ҳам белгиланган.

1-ХУЛОСА: Ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатиш мумкин эмас.

Хўш, «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» деганда қайси ҳудудлар тушунилади? Орқа эшик ойнаси ҳам ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф ҳисобланадими?

Афсуски миллий қонунчилигимизда «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» атамасига таъриф берилмаган. Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган («Ўзстандарт» агентлиги имзолаган) ГОСТ 33988-2016 «Автомобильные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Технические требования и методы испытаний» (Motor vehicles. Visibility from driver's seat. Technical requirements and test methods) давлатлараро стандартнинг 2.12 бандига мувофиқҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши майдонининг устки чегараси деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, учта бошқа текисликлар даражасида ўтадиган, горизонтал текислик орасида жойлашган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланади.

Бу ҳақида «Ўзстандарт» агентлигининг фуқароларга йўллаган расмий жавоб хатлари ҳам қўлимизда мавжуд.

2-ХУЛОСА: Ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланади.

Хўш, орқа эшик ойнаси «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» майдонига тушадими ёки йўқми? Буни кўз олдимизга келтириш учун қуйидаги суратга эътиборингизни қаратинг.

«Ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» майдонига сариқ ранг билан бўялган қисм киради, холос. Яъни 180 градус секторда олд кўриниш мана шу қисм ҳисобланади.

Кейинги суратда эса, ҳайдовчининг ўрнидан кўриниш акс этган.

3-ХУЛОСА: «Ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» майдонига орқа эшик ойналари кирмайди!

Шу ўринда, ҳайдовчиларимизни чалғитиши мумкин бўлган ҳолатга аниқлик киритиш лозим.

Юқорида қайд этилганидек, «Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентнинг 74-банди иккинчи хатбошисида ҳамда «Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар»нинг 7.4-бандида енгил автотранспорт воситаларининг орқа ойнасига чий парда ва дарпарда ўрнатишга рухсат этилади.

Аммо ушбу қоида рухсат берувчи мазмундаги норма ҳисобланади, лекин тақиқловчи қоида эмас. Яъни енгил автомобилларнинг орқа ойналарига парда ўрнатиш рухсат берилгани, аммо бу орқа эшик ойналарига парда ўрнатиш тақиқланганини англатмайди.

Тушунарли бўлиши учун оддий бир мисол. Айтайлик, бирор ҳужжатда Қирғизистонга визасиз чиқишга рухсат берилади, деб ёзилган бўлса, бу Қозоғистонга визасиз чиқиш тақиқланади, деган маънони билдирмайди.

4-ХУЛОСА: Қонунчиликда орқа эшик ойналарига парда ўрнатиш учун тақиқ мавжуд эмас!

Мавжуд хулосаларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, автомашинанинг орқа эшик ойналарига парда ўрнатганлик ҳайдовчини МЖтКнинг 126-моддаси билан жавобгарликка тортишга асос бўлмайди.

Десертига: ижтимоий тармоқлардаги хат

Мақолани тайёрлаш чоғида ижтимоий тармоқларда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Холматжон Сайдалиев имзоси билан ҳудудий бошқамаларга чиқарилган хат тарқаб кетди. Хат мазмунидан аён бўлишича, транспорт воситалари ён ойналарини сочиқ ёки қуёшни тўсувчи бошқа материаллар билан вақтинча ёпиб қўйилган ҳолатлар юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилмаслик ҳақида кўрсатма берилган. Ушбу хатнинг ҳақиқийлиги ҳақида қўлимизда ишончли далиллар мавжуд.

Ушбу хат ҳам юқоридаги фикримизни қисман исботлаб турибди. Хатда айтилганидек, машинанинг (у хоҳ узоқ йўлга, хоҳ яқин йўлга юраётган бўлсин) орқа эшик ойналари сочиқ ёки бошқа материаллар билан тўсилган бўлса, бу ҳаракатга ҳеч қандай хавф келтириб чиқармайди ва жаримага ҳам тортилмайди.

Мантиқий хулоса қилиш мумкинки, орқа эшикка ўрнатиладиган пардалар ҳам хавф туғдирмайди. Чунки одатда орқа эшикдаги пардалар ҳам вақтинчалик бўлади, яъни қачон керак пайти (жазирама иссиқда) кўтариб қўйилади, қуёш йўқ пайтда тушириб қўйилади.

ҚАТЪИЙ ЭСЛАТМА: юқорида қайд этганларимиз бизнинг шахсий фикримиз бўлиб, расмий мақомга эга эмас. «Мақолада орқа эшикка парда ўрнатиш мумкин, дейилибди», дея ўзбошимчалик қилиб, 5 млн сўм жарима тўлаб ўтирманг.

Аслида муаммо жавобгарликнинг йўқлигида эмас, балки қонун нормаларининг нотўғри талқин этилишида. Шу боисдан, мақола юзасидан мутасаддиларнинг тезкор муносабати ва асослантирилган фикрини кутиб қоламиз.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев

скачать dle 12.0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

11:13
АОКА ўрганиши натижасида «UzAuto Motors»нинг айблови ассосизлиги аниқланди
11:12
Жиззахда куёв ўз қайноғасини пичоқлади
11:08
Уч хонали квартира ортидан Бобомурод Абдуллаевга хорижга чиқиш паспорти ҳам берилди
11:06
Энг кўп аҳоли яшайдиган вилоят номи эълон қилинди
11:03
52 компания IT Парк резидентлигидан чиқарилди
09:59
Возвращения с войны
21:45
Ўзбекистонда 2020 йилда етиштирилган пахта хомашёсининг минимал нархлари белгиланди
18:38
ДХА Жиззах вилоят бошқармаси 9 ойлик фаолияти якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказди
13:36
IT Park Жиззах филиали яқин кунларда фойдаланишга топширилади
10:43
Арнасой тумани ҳокимлиги "KPI" тизими бўйича ишлашга тайёр
10:23
Жиззахда ёзувчи Каримберди Тўрамурод билан ижодий учрашув ўтказилди
09:45
Жигар учун фойдали 6 маҳсулот
09:43
Коронавирусга қайта чалинган аёл инфекцияга иммунитет пайдо бўлди деб адашган
09:42
«Салла деса, каллани олиб келишади» – МБ раиси гўшт нархини сунъий туширишга уринаётганлар ҳақида
09:40
Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари «Совбез»га ўтди – ОАВ
09:39
Коронавирус. Ярим оролда бундай ҳолат баҳорда ҳам кузатилмаганди
БАРЧА ЯНГИЛИКЛАР