Журналист Жиззах шаҳар ҳокимлигидан нега норози?

Журналист Жиззах шаҳар ҳокимлигидан нега норози?

Ҳадеб исмини ўзгартириб олаверадиган одамни ким деб атаймиз? Кеча Олимман деган бўлса, бугун Одилга айланиб қолса, эртадан Омил деб чақиринглар дея талаб қўйса... Охири ҳеч ким отини айтмайдиган, субутсизми ёки тутуруқсизми деган лақаби билан чақирадиган бўлади. Жой номларига муносабатда ҳам шуни инобатга олиш лозим. Топонимларни ҳуда-беҳуда янгилайвериш халқни, суд, почта ва бошқа тузилмаларни қанчалик чалғитиб ташлайди, ҳужжатларни алмаштириш учун неча миллионлаб маблағ кетади, биласизми? Одамлар эса қулоғида қолган эски номини ишлатаверади. Айниқса, тарихий топонимлар борасида шошма-шошарлик ярамайди.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – “regulation.gov.uz”га 3 июль куни Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисида қарор лойиҳаси жойлаштирилди. Аввалбошда шаҳардаги бир-бирини такрорловчи кўчалар номини қайта номлаш, жумладан, жойларнинг қадимий номларини тиклаш юзасидан тушган таклифлар кўриб чиқилгани таъкидланади. 18 июлгача кенг жамоатчилик муҳокамаси давом этаётгани боис фурсатдан фойдаланиб, айрим мулоҳазаларимни билдирсам.
Лойиҳага тиркалган икки илова билан обдон танишиб чиқдим. 125 та янги ўзгартириш назарда тутилибди. Иккинчи иловада Жиззах шаҳридаги мавжуд (ўзгартириш киритилмаган) кўча номлари берилиб, эски номлари ҳам кўрсатилган. 532 та топоним солиштириб кўрилганда неча йилдир олдинги таклифлар асосан жўяли бўлгандек таассурот қолдиради, буни ҳам эътироф этмоқ жоиз.
Айни пайтда янгиланаётган жой номларида чучмаллик босим келиши кўзга ташланади. Масалан, Ҳуқуқшунослик, Улуғвор, Тадиркорлик (?), Оҳанграбо (оҳанрабо бўлади, магнит дегани), Муҳташам (турк сериали таъсири-ёв), Саждагоҳ (қайси мантиққа кўра?), Матонат, Шифонур, Тараннум, Софдил, Табаррук, Шаффоф каби баландпарвоз сўзлар танланганки, халқимиз ташқи ялтироқликка нечоғлик ружу қўйгани, ички оламимиз нақадар қашшоқлашиб кетаётгани шу ўринда ҳам сезилиб қолган. Айрим мисоллар келтирдим, холос. Кўча номига танланган бошқа сўзлар ҳам обод эмас. Афсуски!
Қарор лойиҳасидаги баъзи таклифларга 100 фоиз қаршиман! Яна бир бор айтишим мукин, ҚАРШИМАН! Янги қурилган аҳоли пунктлари-ку майли, лекин қадимий жой номларини ўзгартириш халқни тарихий хотирасидан мосуво қилиш билан тенг эмасми? Жиззахлик зиёлилар бу масалага жиддий қарашлари керак. Қарапчи, Сартюзи (ўзбек уруғларининг номи), Қўштепа, Жиловдорота (қадамжолар номи) кабилар аслича тургани маъқул деб ўйлайман. Масалан, Такатош деган топонимда нима айб? Така сўзи сизда салбий ҳис-туйғу уйғотадими? Бу манзилда қадимий петроглифлар, 3-4 мингйиллик қоятош суратлари бор, билсангиз агар. Шуни Серқуёш деб ўзгартиришни чучмаллик деб атасам, жуда ҳаддимдан ошган бўлмайман-ов.
Ёки Сўзмойилтепани олайлик. Биринчидан, иккита хато билан ёзилган. Чўққида жойлашган ноёб қадамжо “Сизмойил ота” дейилади халқ орасида. Тепа қаёқдан келди, ҳайронман. Аслида-ку Чизмали бўлган, маҳаллий шева таъсирида фонетик ўзгаришга учраган. Бу ерда ҳам 30-40 асрлик қадимий чизмалар бор. Афсуски, ўша ерликлар ҳам яхши билмайди. Бундай азалий асосларга эга топонимларни Ҳаловат каби ғалати сўзларга алмаштириш ўрнига тарихни яхшилаб ўрганиш, мазкур манзилларни сайёҳлик объектларига айлантириш керак, оғайнилар!
Тушунаман, асрий қадамжоларнинг эмас, уларга яқин ерда пайдо бўлган кўчаларнинг номи янгиланяпти. Эҳтимол, маҳаллий аҳоли ташқи ялтироқликка учгандир, шуни маъқул кўргандир. Лекин саводли, китоб ўқиган зиёлиларнинг роли нега сезилмаяпти? Ахир, одамларга тушунтирилса, тарихий ҳақиқатлардан хабардор қилинса, мана, мамлакатимизда туризм ривожланяпти, эртага ушбу қадимий манзиллар болаларингни боқади, кўчангнинг номи эса тайёр реклама ёрлиғи бўлиб хизмат қилади... дейилса, ўламан саттор деб оёқ тираб олмаса керак халқ. “Тарона”ю “Тараннум”ларингиз бир пуфласага тўзиб кетадиган номлар, мен сизга айтсам.
Фикримни бир Жиззах шаҳри мисолида баён этдим. Аслида, ушбу салбий тенденция барча ҳудудларимизда урчиб боряпти. Ҳурматли маҳаллий кенгаш депутатлари, илтимос, ўзбекларни тарихий хотирасидан айирманг. Маънавиятимиздаги шунча бўшлиқлар, шунча йўқотишлар етар!