ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИДА КАДРЛАР СЕЛЕКЦИЯСИ ЙЎНАЛИШИНИНГ АҲАМИЯТИ

ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИДА КАДРЛАР СЕЛЕКЦИЯСИ ЙЎНАЛИШИНИНГ АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда, мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб борилмоқда.

Қайд этиш жоизки, бошқарув кадрларини танлаб олиш, саралаш йўналишида белгиланган вазифалар ижроси давлат бошқарувини замон талаби даражасига чиқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва саралаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди”.

Маълумки, инсон ресурлари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш тизимининг энг муҳим бўғинларидан бири кадрлар селекцияси ҳисобланади. Кадрлар селекцияси бу - лавозимларга энг муносиб номзодларни излаш, саралаш ва танлаб олиш жараёнини ўз ичига олади. Бошқача қилиб айтганда, номзодлар билан сухбатлашиш ва уларнинг алоҳида хусусиятларини аниқлашдан иборат.

Хориж тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу тизимни жорий этиш борасида Давлат органлари ва хусусий сектор вакиллари томонидан алоҳида муҳим жиҳат сифатида қаралади ҳамда сармояларнинг катта қисмини айнан шу йўналишга киритишади.

Бу борада мамлакатимизда яқин 3 йилгача хусусий сектор вакилларининг давлат органларига нисбатан қарашлари юқори даражада бўлган ва улар бугунги кунда мазкур тизимдан самарали фойдаланган ҳолда, иш сифати ва унумдорлигини яхшилашга эшириб келишмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги 5843-сон Фармони билан давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини юритиш ва бўш лавозимларни тўлдиришда селекция тизимини амалиётга жорий этишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ваколатли орган этиб белгиланди.

Кўпчиликда танлаш (Selection) билан ёллаш (Recruitment) атамаларини бир-биридан фарқлашда қийинчилик юзага келади. Қайд этиш жоизки, бўш лавозимга энг муносиб номзодни танлаш жараёни - танлаш деб аталади. Ишга ёллаш– бу сараланган номзодни (келишувга шартномага асосан) лавозимга тайинлаш ва/ёки ишга қабул қилиш тушунилади. Танлаб олиш ишга ёллаш жараёнлари бир-бири билан боғлиқ ва ҳар иккиси ташкилот ёки корхонанинг умумий ривожланишида муҳим рол ўйнайди.

Танлаш тизими муҳим жараён, чунки яхши ресурсларни жалб қилиш ташкилот фаолиятининг ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Танлаш тизимини тўғри ташкил қилмаслик ташкилотнинг келгусидаги фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Танлаш тизимининг асосий мақсади: замонавий талабларга жавоб берадиган энг муносиб номзодни белгилаб, танлаш жараёнида уларнинг малака, кўникма ва тажрибаларини ташкилотнинг яқин келажакдаги вазифаларига тўғри келишини аниқлашдан иборат.

Самарали танлаш тизимининг фойдали жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

  • Арзон, кўп вақт ва куч сарфлашни талаб этмайди;
  • Билим, қобилият ва компетенцияси паст бўлган номзодларни камайтиришга ёрдам беради;
  • Турли номзодларни таққослашда уларнинг имкониятлари, билимлари, кўникмалари ва тажрибаларини таққослашда ёрдам беради;

Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, меритократия, очиқлик ва мустақиллик тамойилларига амал қилган ҳолда 7 та босқичда танлов ўтказадиган давлатларга мисол сифатида Скандинавия, Европа мамлакатлари, Козоғистон Республикасини келтириш мумкин. Бундан ташқари, танловни ўтказишда номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ва ижтимоий мавқеи бўйича камситишларга йўл қўйилмайди.

Қуйидаги диаграмма орқали мисол сифатида келтирилган мамлакатларнинг танлов механизмини кўришингиз мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳам халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда, тажриба тариқасида мазкур тизимни амалиётда қўллаб, ҳудудий филиаллардаги вакант лавозимларни малакали ва энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида очиқ мустақил танлов эълон қилди. Мазкур танлов натижасида, Агентликнинг ҳудудий филиалларидаги мавжуд бўш лавозимлар 7 та босқичдан муваффақиятли ўтган энг муносиб мутахассислар билан тўлдирилди.

Юқорида келтирилган танлаш тизимини давлат фуқаролик хизмати соҳасида жорий этилиши, танлаш жараёнларида инсон омилининг камайтирилиши, адолатли, очиқ ва шаффофликнинг таъминланиши натижасида соҳада юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олди олинишига, етук, замонавий билим ва кўникмага эга бўлган кадрларнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасига жалб этилиши таъминланишига эришилади.

С.Норпўлатов - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

 Жиззах вилояти филиали Инсон ресурслари

 ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш

бўлими бош инспектори