“Ҳудудгазтаъминот”: жорий йил якунигача аҳолига 1,2 миллион дона ҳисоблагич ўрнатилади

“Ҳудудгазтаъминот”: жорий йил якунигача аҳолига 1,2 миллион дона ҳисоблагич ўрнатилади

Бугунги кунда электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини тартибга келтириш ҳамда ижро иши юритиш соҳасини такомиллаштиришда замонавий автоматлаштирилган тизимни жорий этиш талаб этилади.

Президентимиз раислигида 14 сентябрь куни электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу масалалар ҳақида сўз борган эди.

Унда электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этиш ҳамда барча ҳудудларда ҳисоблагичлар ўрнатиш, уларга хизмат кўрсатадиган сервислар ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлашга эътибор қаратилди.

Йиғилишда Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятига жорий йил якунигача аҳолига 1,2 миллион дона, келгуси йилнинг биринчи ярмида яна 2,3 миллион дона замонавий газ ҳисоблагич ўрнатиши зарурлиги бўйича вазифалар белгиланди.

ЎзА мухбирига “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг "Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими лойиҳасини жорий этиш дирекцияси" филиали директори Ҳаким ҚЎШБАҚОВ бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.

– Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони электр энергия ва табиий газ етказиб бериш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди, – деди Ҳ.Қўшбақов. – Бу фармон тизимда олиб борилаётган ишлар – ушбу манбаларни етказиш ва уларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини бевосита яратиш билан боғлиқдир. Видеоселектор йиғилишида аҳоли ва иқтисодиётни мазкур ресурслар билан барқарор таъминлашда шаффоф ва замонавий тизимни ташкил этиш бўйича бажарилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси вазифалар белгилаб берилди.

Бу ишлар давомида, биринчи навбатда, табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган 22 та туман ва шаҳар қамраб олинади. 4 мингдан зиёд йирик истеъмолчилар, газ қуйиш шохобчалари ва ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, 850 та иссиқхона автоматлаштирилган тизимга уланади.

Бугунги кунда Тошкент вилояти аҳолиси хонадонларига 138 мингдан зиёд "ақлли" газ ҳисоблагичлари бепул ўрнатилди. Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида янги ҳисоблагичларни ўрнатиш тўлиқ якунланган. Шунингдек, Андижон ва Бухоро шаҳарларида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар якунланиш босқичида турибди. Жамиятимизнинг газ таъминоти филиаллари томонидан хонадонларга ўрнатилган жами 400 мингта янги газ ҳисоблагич келгусида автоматлаштирилган тизимга уланади.

Биргина Тошкент вилоятининг ўзида ақлли ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнига Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийсидан 1300 нафардан ортиқ чилангар ва электр газ пайвандловчи жалб қилинганини ва ушбу ҳажмдаги ишларни икки ойда якунлашга эришилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Вилоятнинг юқоридаги уч туманида янги тўлов интизоми жорий қилинган бўлиб, таъминотчи барча хизматларни сифатли ва тўлиқ ҳажмда тақдим этади. Истеъмолчи эса хизматлар учун тўловни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлайди. Шундай қилиб, жорий ойнинг 23 кунига келиб, Тошкент тумани аҳолисига истеъмол учун 1,8 миллиард сўмлик газ етказиб берилган. Шундан 1,6 миллиард сўм (87 фоиз) қисми газ таъминоти ташкилотлари ҳисоб рақамига келиб тушди. Худди шу даврда Зангиота тумани аҳолиси 2,3 миллиард сўм миқдоридаги "зангори ёқилғи" билан таъминланган бўлса, бугунги кунда истеъмол қилинган ёқилғи учун тўлов 106 фоизни ташкил этмоқда. Қибрай тумани аҳолисига 1,7 миллиард сўм миқдорида табиий газ етказилиб, тўлов кўрсаткичи 124 фоизга ўсди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, газни ҳисобга олиш ускуналарига барча хизмат кўрсатиш ва у билан боғлиқ харажатлар газ таъминоти ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилади. Истеъмолчилар фақатгина уларни хавфсиз сақлаш учун жавобгардир. Шу билан бирга, барча бутловчи қисмлар, хусусан, қувурлар, газ фильтрлари, мурватлар, адаптерлар, пайвандлаш пайчалари ва бошқа қисмлар ҳам газ таъминоти ташкилотлари ҳисобидан сотиб олинади.

Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш ва бу эзгу ишлар йўлида барча зарур талаб ва эҳтиёжларни қондиришга қаратилгани билан эътиборлидир. Шундай экан, аҳоли ва истеъмолчиларга намунали хизмат кўрсатиш, бунинг учун эса автоматлаштирилган тизимни жорий этиш бизнинг бош мақсадимиз ҳисобланади. Сизларга яна бир маълумотни эслатиб қўйишни истар эдимки, агар янги газ ҳисоблагичларини ўрнатилиши билан боғлиқ саволлар пайдо бўлса, газ таъминоти ташкилотлари ходимларининг ноқонуний пул ундириш ҳолатлари ва газ таъминоти тизимидаги бошқа муаммоли ҳолатларга дуч келсангиз, "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг 1104, (71) 200-08-04 телефон рақамларига ёки "Facebook" ижтимоий тармоғидаги "Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал қилиш йўллари", "ТЧСЖ и как с ним жить" каби ижтимоий гуруҳлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА 
скачать dle 12.0


Flag Counter