Давлат тили – бирлигимиз, борлигимиз рамзи

Давлат тили – бирлигимиз, борлигимиз рамзи

Ҳар қандай халқнинг тарихи, ўзига хос табиати, қадриятлари, аввало, ўша халқнинг она тилида акс этади. Бежиз тилни миллатнинг маънавий иммунитети деб баҳоламаганлар. Боиси, ўз тилини асраб-авайлаган, уни замонлар оша ривожлантира олган миллатгина ўзлигини, миллий қиёфасини сақлаб қолади.

Бу йил “Давлат тили ҳақида”ги қонунимизнинг қабул қилинганига 31 йил тўлади. Ушбу қонуннинг мустабид тузум ҳукмронлиги даврида қабул қилиниши халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Бу қонун ўз вақтида халқимизнинг Истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди, Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, муболаға бўлмайди.

Юртимиз озодликка эришгач, ўз она тилимизда эмин-эркин сўзлаш ҳуқуқига эга бўлдик, тилимизнинг камситилишига чек қўйилди. Нуфузли халқаро минбарларда ўзбекча сўзларимиз янграй бошлади, тилимизни ўрганишга қизиқувчи хорижликлар кўпайди. Ўзбек тилида чоп этилаётган матбуот нашрлари, китобларнинг тури ва адади кескин даражада ошди. Замонавий ахборот технологияси бўйича ўзбекча дастурлар пайдо бўлди ва ҳоказо. Шубҳасиз, бу жараёнда бундан ўттиз бир йил олдин қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг хизмати катта бўлди. Аммо шу билан бирга, тан олиш керакки, бу муҳим ҳужжатда акс этган бандлар ижросини ўтган йиллар давомида ҳамиша ҳам таъминлай олдик, дея олмаймиз.

Бугун давр ўзгаряпти. Халқ фикри энг асосий мезон сифатида қаралаётгани, барча муҳим ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий қарорлар юртдошларимиз билан бамаслаҳат қабул қилинаётгани фуқароларда ижтимоий фаоллик ҳиссини кучайтирмоқда. Турли долзарб масалалар қатори, давраларда давлат тили, миллий ғурур, орият, тарих ва қадриятлар ҳақидаги қизғин баҳсларга гувоҳ бўляпмиз. Жумладан, ижтимоий тармоқларда: “Давлат тили ҳақида”ги қонунни ислоҳ қилиб, бугунги кун талабларига мослаштиришимиз керак.

1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилингани катта воқеа бўлганини ёши улуғ зиёлилар яхши эслайди. У пайтда бунақа қонун қабул қилиш ҳазилакам иш эмасди. Қонун муайян маънода ўз вазифасини бажарди, унинг ижроси бўйича кўпгина ишлар қилинди. Буни эътироф этмаслик адолатсизлик бўлади. Агар қонун талаблари тўла бажарилмаган бўлса, бунга биз, ўзимиз айбдормиз.

Бугун давлат тили ҳақидаги қонуннинг янги вариантини ишлаб чиқиш давр талаби. Ахир, 29 йилда мамлакатимизда қанча қонунлар қабул қилинди, уларнинг қанчасига ўзгаришлар, тузатишлар киритилди, қанчаси ўз кучини йўқотди. Конституцияга ҳам ўзгаришлар киритилди-ку. Демак, ҳамма нарсани замонга мослаштириш керак, жумладан, давлат тили ҳақидаги қонунни ҳам.

Қонун ижроси таъминланмаяпти дейиш, унда-бунда гапириш ёки бир-икки мақола ёзиш осон. Унда ҳам, тан олайлик, асосан майда-чуйда мисоллар атрофида ўралашиб қолмоқдамиз. Бордию биз тилимиз фидойилари бўлсак, нега йирик масалаларни кўтармаймиз. Масалан, исм-фамилиямизми нотўғри, бузиб ёзиш ҳамон давом этмоқда. Ҳа, десангиз паспортида шундай, дейди.  Паспортига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси асос бўлган. Хўш, бу ҳужжатларни ким берган? Ўзимизнинг мутасадди идораларми? Шундай экан, нега индамаймиз? Ахир, исм-фамилия одамнинг насл-насабини билдиради-ку.

Айни пайтда фуқаролик ҳолатларига далолатномалар ёзиш бўлимларида имло қоидаларига риоя қилган ҳолда исм-фамилияларни қайд этиш алоҳида назоратга олинган. Шу билан биргаликда ФҲДЁ бўлимларида электрон кўринишда гувоҳномларни чоп этиш йўлга қўйилган.

Мен ўзбек тилининг паспорти деганда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни тушунаман. Чунки тилдаги ҳамма сўзлар унинг изоҳли луғатида  акс этиши керак. Бу гўё бир мамлакат аҳолисининг расмий рўйхатга олинишидай гап. Бизда яхшими-ёмонми, ҳарқалай, беш жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бор. Ушбу луғатни тузган заҳматкаш олимларга ҳурмат бажо келтирган ҳолда бир нарсани айтмоқчиман. Бу луғат 80 000 сўздан иборат. Бу – ўзбек халқи ва тили учун жуда кам. Чунки биздан кўра камсонли халқларда ҳам бу кўрсаткич анча баланд. Изоҳли луғатимизга кўп сўзларимиз кирмай қолган. Чин жаҳд қилсак, бу луғатимизда 200.000 ёки 300.000 сўз йиғилиши мумкин.  Кимдир бу нимани ўзгартиради, дейиши мумкин. Бу жуда муҳим. Чунки тилнинг кўлами, мақоми ва  даражаси шу билан белгиланади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар бир мамлакат аҳолисининг ярми рўйхатдан ўтса-ю, ярми ўтмай қолса нима бўлади? Худди шу каби Тилни бир мамлакат деб фараз қилсак, ундаги барча сўзлар шу тилнинг аҳолисини ташкил қилади.

Чунки миллий тил – миллий дид, миллий тафаккур, миллий савиянинг асоси ва мағзи. Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Умид қиламизки, бу борада кўрсатаётган саъй-ҳаракатларимиз келажак авлодлар томонидан фахрланишга арзигулик натижалар беради.

Элёр Урдушев – ДХА Жиззах вилоят бошқармаси юрисконьсулти