Японча атамаларни ўзбек тилида русча қўллашни қачон бас қиламиз?

Японча атамаларни ўзбек тилида русча қўллашни қачон бас қиламиз?

21 октябрь она тилимизга давлат тили мақоми берилган муҳим саналардан бири. Шу фурсатдан фойдаланиб, Японияда истиқомат қилувчи ватандошлар чиққан таклифни баён этмоқчиман.

Японияда яшовчи ватандошларни доимо қуйидаги қизиқ савол қийнаб келади: нега япон тилидаги атама ва исмларни ўзбек она тилимизда қўллаш пайтда рус тилидаги ёзилишини асос қилиб олишимиз керак? Тилшунос-филологларимиздан бунга бирор сабаб тақдим қилинадими? Саволимнинг сабаби шундаки, ўзбекзабон ватандошларимиз учун япон тилидаги деярли барча сўзлар талаффуз қилиш учун осон бўлиб, рус тили фонетикасига асосланган талаффузлар эса ватандошларимизни қийнаб юборади.    

Аниқ мисоллар берсак. Япониянинг олдинги бош вазир исми япон тилида Шинзо Абе дея талаффуз қилинади ва ёзилади, аммо биз уни Синдзо Абе деб олганмиз. Ҳозирги бош вазир исми Ёшиҳиде Суга болиб, биз уни Йосихиде Суга деб ёзамиз ва талаффуз қиламиз. 三菱- Митсубиши корпорациясини эса Мицубиси деймиз. Бундан ташқари, 渋谷 - Шибуя – ни Сибуя, 新宿 - Шинжуку – ни Синдзюку, 横浜 - Ёкоҳама – ни Йокогама, 広島- Ҳирошима –ни  Хиросима,  ハチコ - Ҳачико – ни Хатико, 九州 – Кюшу – Кюсю, 本州- Ҳоншу – Хонсю дея дудуқ тарзда талаффуз этамиз. Бу каби мисоллар талайгина.

Ҳатто япон терминларини бундай талаффуз этиш япон халқи олдида ҳам миллатимизни ноқулай аҳволга тушириб қўяди. Ва бундай ноқулай мисоллар жуда ҳам кўп. Шундай экан, рус тилига бўлган қарамликдан қутулиб, япон тилидаги оригинал сўзни асос олайлик, шуниси бизга энг қулай ва япон ҳамкорлар олдида ҳам ҳижолат болмаймиз.

Текширувларимизга қараганда, япон тилини ўрганишда асосан 2 хил усулдан фойдаланилади:
1. Поливанов транскрипция тизими.
2. Хепберн тизими.

Биринчисидан асосан собиқ СССР ва Европанинг баъзи давлатлари фойдаланишади. Иккинчисидан кўпроқ Узоқ Шарқ, Жанубий ва Шимолий Америка мамлакатлари фойдаланади. Шундай экан, япон тилини ўрганишда муаллимларимиз маъқул йўл сифатида япон тилининг хирагана алифбосини ёд олишда Хепберн тизимини (ヘボン式(ҳебон шики)) усулини тавсия этишади. Чунки, унда япон тилини ўрганиш жуда ҳам қулай.

Ҳозирги ачинарли ҳолатнинг яна бир сабаби сифатида эса, собиқ Совет давридан қолган луғатларимизнинг ҳали ҳам етарлича янгиланмаганлиги бўлса, бошқа томондан эса ахборот ва янгиликлар бизга рус тилида чоп этилган маълумотларни ўзбек тилига таржима қилингандан сўнг кириб келишида бўлса керак. Лекин, айнан рус японшунослари ҳам охирги 5-10 йилликда исм ва номлар русификациясидан (яъни, рус тили фонетикасига мослаштириш) йироқлашишни афзал кўришмоқда.

Ўзбекистонда эса ҳалигача 1980-1990 йиллардаги рус японологлари ишлатган ибораларни қўллаб келмоқдамиз. Фикримизча, ўзбек тилида ёзилган Япония билан боғлиқ мақола ва матнлардаги русификациядан қутилишнинг бир йўли япон тилидан ўзбек тилига тўғридан-тўғри таржима қилиш ва юқоридаги Хепберн тизимига ўтишдир.

Шундай экан, Япониядаги давлатимиз элчихонаси орқали керакли давлат органлар ва масъул мутахассисларига ушбу эзгу мақсадимизни етказиш пайти келган деб ўйлаймиз. Мисол учун, бизда шундай ташкилот бор: ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти. Унинг сайтида Япония билан алоқалар ва Японияга доир илмий ишлар ҳақида ишонч билан айтилган.

Бундан ташқари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам мавжуд. Ишонамизки, юқоридаги давлат органлари ва соҳа мутасаддилари ушбу долзарб масалага ижобий ёндашиб, амалий қадамларни ташлашади. Натижада, япон тилидаги термин ва атамаларни тўғридан-тўғри она тилимизда ёзиш имкони туғилиб, уларни қўллаш ҳам осонлашади. Бу эса она тили байрамимиз учун яхши совға бўлар эди.