Максимал балл – 189 балл тўплаган контрактга, 72 балл тўплаган грантга. Қабулдаги адолатсиз тизим ўзгариши керак

Максимал балл – 189 балл тўплаган контрактга, 72 балл тўплаган грантга. Қабулдаги адолатсиз тизим ўзгариши керак

 ОТМларга киришда имтиёзлар шу қадар ортиқчалиги бу йил ҳар қачонгидан кўпроқ билинди. Имтиёзли ва имтиёзсиз абитуриентлар тўплаган баллар ўртасидаги фарқ, бунга номутаносиб тарзда уларнинг контракт ё грант асосида қабул қилиниши ҳам кўпчиликнинг ғашига тегди. Улар орасида бўлажак шифокорлар ҳам бор.

Билимли абитуриентлар 189 балл тўплаган бўлса-да, тўлов-шартнома асосида қабул қилинган, лекин ундан анча паст балл олган абитуриент худди шу ОТМнинг худди шу йўналишига грантга ўқишга кирган ҳолатлар талайгина.

Тўғри, спорт мусобақалари ғолиблари умумий квотадан ташқари ҳисобланганда кўпчилик максимал балл тўплаган абитуриентлар грантга ўтказилди. Лекин ҳали ҳам максимал балл билан шартнома асосида талабаликка қабул қилинганлар сафида қолаётганлар кўп. Шундайлар орасида бўлажак тиббиёт кадрлари ҳам бор.

Улар шифокор бўламан деб қарор қабул қилганда ва ўзи танлаган йўналишга ҳужжат топшираётганда тасдиқланган қабул квотасида грант ўринлари бўлмагани учун максимал балл тўпласа ҳам шартнома асосида ўқишини билган. Лекин шунга қарамай қабулдаги тушунарсиз тартиб уларни адолат излашга мажбур қилмоқда.

Республика бўйича тиббиёт ОТМларининг кундузги бўлимларига соғлиқни сақлаш соҳасида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул квоталари тасдиқланган. Унга кўра, тиббиёт ходимларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудда истиқомат қилувчи ёшлар ўқишни тугатганидан сўнг маълум муддат ишлаб бериш шарти билан мақсадли қабул танловида иштирок этади. Ва қайси туманга мақсадли қабул учун нечта ўрин ажратилган бўлса, даъвогар абитуриентлардан энг юқори балл йиғган шунчаси грант асосида талабаликка қабул қилинади.

Масалан, Тошкент Тиббиёт академиясининг даволаш иши йўналишига Бектемир тумани ёшлари учун мақсадли қабул асосида таълим ўзбек тилида олиб бориладиган йўналишда 2та грант ўрни ажратилган. Ва шу туман ёшлари учун грантга ўтиш 148,2 балл бўлган. Ваҳоланки, мақсадли қабул доирасида танловда қатнашмаганлар учун худди шу ОТМ, шу йўналишга тўлов-шартномага ўтиш балли 179,5 баллни ташкил қилган.

Демак, қайсидир абитуриент у яшаб турган туманга мақсадли қабул асосида квота ажратилмаган бўлса ёки мақсадли қабул ажратилган ОТМни эмас, айтайлик пойтахтдаги ОТМни танласа, кўпроқ балл тўплаган бўлса-да, шартнома асосида, ўзидан кам балл тўплаганлар эса грант асосида таълим олади.

Тўғри, мақсадли қабул асосида ўқиганларнинг кейинчалик ўз ҳудудига бориб белгиланган муддат давомида ишлаб бериш мажбурияти бўлади. Лекин юқори балл билан контрактга ўқишга кирган ёш ҳам балки худди шу ишни қила олар: яъни у ҳам шифокорларга талаб юқори бўлган ҳудудларга бориб (ўша ерда туғилиб ўсмаган бўлса ҳам) ишлаб беришни ният қилгандир. Айни пайтда буни рағбатлантирувчи тизим ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Мана шу вазиятда тиббиёт олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, 189 балл олган, лекин мақсадли қабул танловида иштирок этмагани учун шартнома асосида қабул қилинганлар анчагина.

Қудратулло Тўхтасинов Фарғона вилоятининг Фарғона туманидан. У Андижон давлат тиббиёт институтининг «Даволаш иши» йўналишига 189 балл билан тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилган. Лекин шу ОТМнинг шу йўналишига мақсадли қабул асосида 140 балл атрофида тўплаб грант асосида кирганлар ҳам бор.

Жамшидбек Имомов эса Фарғона вилояти Бувайда туманидан. У Тошкент давлат тиббиёт академияси «Даволаш иши» йўналишига ҳужжат топшириб, 189 балл билан тўлов-шартнома асосида талаба бўлган. Бу ОТМнинг шу йўналишига ҳам анча пастроқ билан грант асосида талаба бўлган мақсадли қабул ёшлари анчагина. Масалан, Арнасой тумани абитуриентларига 132,7 балл грантга кириш учун кифоя қилган.

Максимал балл йиғган энг билимли ёшлар эса мақсадли қабул квотасида иштирок этмагани учун пул тўлаб ўқишади.

«Бухоро тиббиёт институтининг ўқитиш рус тилида бўлган даволаш иши йўналишига ҳужжат топшириб, 189 балл билан контрактга кирдим. Лекин худди шу йўналишга Жондор туманидан бўлган талаба 72,7 балл билан грант асосида қабул қилинган», – дейди биринчи босқич талабаси бўлган Диёра Исматова.

Aбитуриент бир неча йиллар давомида ўқишга тайёрланади, тестга киради ва барчасини 100 фоиз тўғри ишлаб, вилоятига грант квота йўқлиги учун контракт чизиғида қолиб кетади. Лекин ундан камроқ балл тўплаган бошқа бир киши мақсадли қабул билан грантга ўқишга киради.

Тўғри, бу ерда ҳаммаси қонуний эди, лекин шу қонунларнинг ўзи хато эди. Қайси йўналиш бўлмасин, грант ажратиладими, ажратилмайдими, лекин билими билан тестларни 100 фоиз тўғри ечиб, максимал баллни тўплаган абитуриент грантда ўқиши шарт. Негаки у билими борлигини исботлади. Грант ўқиши учун яна нима қилиши керак?

Ўқишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Ҳар қанақа ҳолатда ҳам, қайси йўналиш бўлишидан қатъи назар, тестларни 100 фоиз тўғри ишлаб, максимал балл йиғган абитуриентлар ҳеч қандай истисносиз ўқишга грант асосида қабул қилиниши керак.

Мантиқсиз имтиёзлар тўлиб ётибди. Бўлар-бўлмасга имтиёз ажратавермай, максимал баллни йиғиб қўйган билимли абитуриентлар грантда ўқишини аниқ белгилаб қўйиш керак. Бу имтиёз эмас, мантиқли ва адолатли тизим бўлади.

Пандемия кучли тиббиёт ходимларига эҳтиёж жуда катталигини кўрсатиб қўйди. Билимли абитуриентлар максимал балл билан контрактга киргани учун шароити сабаб тиббиёт йўналишини ташлаб кетишига йўл қўймаслик шарт.

Абитуриентлар ўзи танлов қилади: касб танлайди, шароити қайси ОТМнинг контрактини тўлашга етишини ҳам чамалайди. Бироқ улар шунчаки қайсидир туман ёки ҳудудда туғилмагани учун ўша ерда туғилган бирортасидан кўпроқ балл йиғиб ҳам контракт тўлаши тўғри эмас.

Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси бунга етарлича эътибор қаратади, деган умиддамиз.

Равшан Мелиқўзиев,  Sof.uz