Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аҳамияти

 Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига ишонч ҳосил қиламиз.

Бундан ташқари, бошқа аксарият давлатлар Конституцияларида учрамайдиган, Конституциямизнинг муқаддимасида улуғ мақсадларимиз ўзининг аниқ ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрь куни ХII-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг ХI-сессиясида қабул қилинган.

Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.

Конституциянинг қимматли аҳамияти шундаки, уни пухта ўзлаштирган шахс, ўзини янада кучлироқ, янада мукаммалроқ ва албатта, янада кафолатланганроқ сезади. Унинг мазмуни ва моҳияти остида назарда тутилган тинч ва фаровон ҳаётга бўлган ишончлари янада мустаҳкамланади, Конституцияни тўла англаб етган ҳар бир фуқаро юқоридагилардан келиб чиқиб, ўзи ва фарзандлари, ота-онаси ва яқинлари келажаги ва бугуни учун кўнгли хотиржамлик билан ўз вазифаларини, бурчларини бажаришга киришади, деб ишонамиз.

Албатта ҳар бир ўзини англаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциянинг мазмуни ва моҳиятини тарғиб қилиш ишларида ўзининг бор кучи ва маҳорати билан ҳиссаларини қўшади, десак муболағи бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, Конституция - тарихий аҳамияти беқиёс бўлган ҳужжатдир. Унда тарихийлик замонавийлик билан уйғунлашиб, жаҳоннинг ижтимоий, сиёсий, фалсафий ва ҳуқуқий тафаккури соҳасида эришилган барча ютуқлар мужассамлашган. Бош қомусимиз мазмунан ва моҳиятан демократик руҳ билан суғорилган бўлиб, унда демократия тамойиллари устувор бўлган адолатли жамият барпо этиш кўзда тутилган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевордир. Конституциямиз Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилаверади.

 

Жиноят ишлари бўйича

Зафаробод туман суди раиси

Низомов Сардор Нурутдинович


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив