Ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди

Ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди
Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солса уни тарқатган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача (22 млн 300 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.

Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача озодликни чеклаш жазоси билан жазоланиши мумкин.