Фуқароларнинг ҳуқуқлари доим ҳимояда

Фуқароларнинг ҳуқуқлари доим ҳимояда

Ҳуқуқий давлат ва ҳуқуқий маданият ўзаро узвий боғлиқ тушунчалар ҳисобланади. Аҳоли, хусусан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий шартидир. Агарки, инсоннинг ҳуқуқий маданияти, онги, савияси юқори бўлса, бу соҳадаги ўзгаришлардан хабардор бўлса, демак жамият ривожланиш сари юз тутади.  

Обод юртда яшаш ҳам инсон ҳуқуқига киради. Бу ишлар кўп жиҳатдан янгича ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш билан боғлиқ. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади. Шу боис, одамларда Конституцияга, қонунларга ҳурмат ҳиссини тарбиялаш муҳимдир.

Ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг асосий принципларини ҳамда давлатимиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий тузилишини, умуминсоний қадриятларга асосланган эркин демократик келажагимизни белгилаб берган Конституция ҳуқуқий давлат пойдеворини қуриб берди. Конституция ҳар бир инсон ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Ҳуқуқий маданият бўлмаса, ҳуқуқий онг ҳам бўлмайди. Ҳуқуқий онг дегани бу — қонунларни фақат билишгина эмас, уларни изчил ижро этиш ҳамдир. Президентимиз уқтирганидек, “Қонунлар сўзсиз бажарилгандагина биз ҳуқуқий давлат қуришимиз мумкин”.

Ҳаётда ҳар бир инсон ўзининг инсонлигини, ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини англаб етгандагина қонунни тўла ҳис этади. Ўзининг ва ўзгалар ҳуқуқини тан олмаган инсон жамиятнинг жонсиз бир “мурвати” бўлиб қолаверади.

Айтиш керак бугун Давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам ходимларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонликларини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар ҳафтада янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, хусусан соҳага оид қарор ва фармонларни ўрганиш, юртимизда олиб борилаётган  ислоҳотлар, содир бўлаётган янгиликлар юзасидан “Ҳуқуқий маънавият соатлари” тадбирлари ташкил этиб борилади.

Шунингдек, агентликнинг Жиззах вилоят бошқармаси ташаббуси билан телеграм мессенжерида ташкил этилган қайта алоқа боти (@DxaJizzaxBot) орқали фуқаролардан тушаётган мурожаат ва саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб бериб борилмоқда.

Ўтган ҳафтада эса яна бир ташаббусга қўл урилди. Телеграмда бошқарманинг “ДХМ+Маҳалла” номли гуруҳи ташкил этилиб, унга 295 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, масъуллар, ҳамда вилоят Оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари аъзо қилинди. Ҳозирда ушбу гуруҳ орқали Давлат хизматларига оид маҳалла фаоллари томонидан юборилган муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинмоқда.

Ҳурматли жиззахликлар! Агар сиз давлат хизмталари агентлиги тизимига оид саволларингиз, мурожаатларингиз бўлса бизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга аъзо бўлган ҳолда мутахассисларимиздан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ва амалий кўмак олиш имкониятига эгасиз. Исталган вақтда Фейсбукдаги https://www.facebook.com/jizzaxdavxizmat,  Телеграм тармоғидаги @jizzaxdxa канали,  ва мурожаатлар учун @DxaJizzaxBot телеграм ботлари ёки маҳалла раисларингиз орқали “ДХМ+Маҳалла” гуруҳи орқали мурожаат юборишингиз мумкин.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати