Ўзбекистонда фуқароларга қачон ниқобсиз юришга рухсат берилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда фуқароларга қачон ниқобсиз юришга рухсат берилиши маълум бўлди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева Ўзбекистонда фуқароларга қачон ниқобсиз юришга рухсат берилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон аҳолисининг 60–70 фоизи коронавирусга қарши вакцина билан эмланганидан сўнг иммунитет ҳужайралари мавжуд инсонлар ниқобларсиз юриши ва ижтимоий масофани сақламаслиги мумкин.

«Вакцинациянинг тўлиқ босқичларини олган инсон организмида коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилувчи иммун ҳужайралар ишлаб чиқилади. Мазкур ҳужайралар қанча муддат ҳимоя қилиши борасида тўлиқ маълумот бўлмаса-да, бу ҳужайралар титри юқори бўлган даврда инсонга коронавирус инфекцияси юқмайди», — деди коронавирусга қарши курашиш штаб аъзоси.

Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатда вакцинация тўлиқ босқичларини олган ва иммунитет ҳужайралари мавжуд инсонлар ниқобларсиз юриши ва ижтимоий масофани сақламаслиги мумкин.

Маълум қилинишича, АҚШ ва Европа аҳолиси орасида эмланганлар сони 50 фоиз ва ундан кўпроқ ҳамда аҳоли орасида оммавий иммунитет ҳосил қилинган.

Аввалроқ ЖССТ коронавирус пандемиясининг болалар учун жиддий хавфини маълум қилганди. Шунингдек, Ўзбекистонга «ZF-UZ-VAC2001» вакцинасининг яна 500 минг дозаси келтирилгани хабар қилинган.