Сурхондарёда маҳкумни қамоқдан чиқариб бериш учун 70 минг доллар сўраган шахс ушланди

Сурхондарёда маҳкумни қамоқдан чиқариб бериш учун 70 минг доллар сўраган шахс ушланди

Сурхондарёда маҳкумни қамоқдан чиқариб бериш эвазига 70 000 АҚШ доллари сўраган ва ундан 25 000 доллар олган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 9 июль куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган ва унда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи, муқаддам судланган 1989 йилда туғилган фуқаро Э. ушланган.

Қайд этилишича, Э. Термиз туманида яшовчи 1983 йилда туғилган танишига Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 10-сон жазони ижро этиш колониясида 19 йиллик қамоқ муддатининг 10-йилини ўтаётган маҳкумни чиқариб беришини айтиб, 70 000 доллар сўраган. У фуқарони ишонтириш учун Жазони ижро этиш департаментида яқин таниши ишлашини айтган.

Қайд этилишича, фуқаро Э. Тошкент шаҳрида айтилган пулдан 25 000 доллар олаётганда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Э.га нисбатан Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми ва 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро Э. Жиноят-процессуал кодекснинг 224-моддаси тартибида қўлга олинган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.