Ёшларга мадад - келажак устуни

Ёшларга мадад - келажак устуни

Барчамизга маълумки бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устивор ва асосий вазифаларидан бири ёшларни қўллаб қувватлаш, уларга ижтимоий кўмак беришга қаратилган.

Сўнги йилларда Парламент томонидан ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан чиқарилаётган қонунлар, Фармон ва Қарорларнинг аксарияти ёшларни қўллаб қувватлашга қаратилган.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6260-сонли қабул қилинган Фармони ҳам фикримизнинг исботидир.

Фармонга кўра, мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Айниқса, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IT-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қабул қилинган Фармондан келиб чиқиб эндиликда, 2021 йил август ойида «Темир дафтар»даги оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

«Темир дафтар»даги оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

«Темир» ва «Аёллар» дафтарлардаги оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 млн. сўмгача гаровсиз
кредит ажратилади.

Ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шарти асосида таълим кредити берилади.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатидаги хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) 2021 йил ва келгуси йилларда тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассислар лавозим маошига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ой қўшимча устамалар тўлаб борилади;

ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап ғоялари танловларини ташкил этиш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилади.

ҳар йили ёшларга мўлжалланган бадиий асарлар муаллифларини  рағбатлантириш мақсадида «Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб» танлови ташкил этилади.

Танловда ғолиб деб топилган муаллифларга 1-ўрин учун – 100 млн. сўм, 2-ўрин учун – 75 млн. сўм, 3-ўрин учун – 50 млн. сўм мукофот маблағлари ажратилади.

Бундан ташқари, ёшлар учун бир қатор имкониятлар яратилган.

Мамлакатимиздан бундан олдинги ва бугундаги ёшлар учун қабул қилинаётган қулайликлар, имкониятлар, инновациялар, буларнинг барчаси ёшларга яратилаётган қулайликларнинг давомийлигини англатади.

Ёшлардан биргина талаб, бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, давлатга хизмат, ватанга садоқат рухида шаклланиб, Конституцион бурчларимизга таянган холда, жаннатмакон юртимизнинг равнақи ва келажиги учун юқори марраларни заб этиш.

 

Зафаробод туман Адлия бўлими бошлиғи

Б.Икромов