Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида фирибгарлар ушланди

Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида фирибгарлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Урганч туманида яшовчи, 1990 й.т. “М.Қ.” фирибгарлик йўли билан ўзганинг 11 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, мазкур шахс ушбу пул маблағлари эвазига, ички ишлар органлари томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида маҳаллий фуқарога нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танишлари орқали бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартириб беришни ваъда қилган. 

Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Термиз шаҳрида яшовчи, 1970 й.т. “Ш.Р.” ўзини гўёки ДХХ ходими дея таништириб, алдов йўли билан ўзганинг ишончига киради ва уни давлат хавфсизлиги тизимига ишга киришида ёрдам беришини айтиб, эвазига 10 млн. сўм талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан сўралган пулдан 2,4 млн сўмни олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, мазкур шахс муқаддам 3 нафар фуқарони ҳам ДХХ идораларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан жами 22 млн. сўм миқдорида пул маблағлари олган. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.