Коррупция, порахўрлик, таъмагирлик ва “ўзбекчилик” – менинг, сенинг, унинг хуллас бизнинг келажагимизга болта уриб йиқитувчи иллатдир

Коррупция, порахўрлик, таъмагирлик ва “ўзбекчилик” – менинг, сенинг, унинг хуллас бизнинг келажагимизга болта уриб йиқитувчи иллатдир


 Коррупция бу — жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради. Порахўрлик, коррупция замонавий жамиятларни, уларнинг иқтисодиётини емирадиган энг катта таҳдидлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда коррупция шу қадар осон илдиз отиб кетганки, неча йиллардан бери бош мавзу бўлиб келган бу иллатга қарши курашлар ҳанузгача катта натижа ва самара бергани йўқ.

Коррупция йирик давлатларда асосан юқори табақа ва элита доирасида авж олган иллат бўлса, Ўзбекистонда коррупция энг қуйи қатламларгача етиб борган ва ниҳоятда илдиз отиб кетган ҳодисадир. Ўзбекистонда давлат даражасида коррупцияга қарши кураш етарли самара бермаётгани учун баъзи зиёлилар, ижтимоий тармоқлар фаоллари ўта радикал чораларни таклиф қилади. Масалан, Хитойдан ўрнак олиб, порахўрларни қатл этиш кераклиги айтилади. Менимча эса, коррупция ҳам, бошқа ижтимоий ҳодисалар сингари, илмий тадқиқот объекти бўлиши лозим. Илмий тадқиқотларга асосланиб, коррупция нималигини тушуниб, унинг ечимлари ҳақида бош қотириш керак, назаримда.

Келинг, энди коррупциянинг пайдо бўлиши, сабаблари ва омиллари тўғрисида 3 фактни ўрганамиз:

  1. Иқтисодий – давлат хизматчиларининг паст ойлик маоши, уларнинг тадбиркор ва фуқаролар фаолиятига таъсир кўрсатишда юқори ваколати борлиги;
  2. Институционал – давлат идоралари ишидаги ёпиқлик, ҳисоботлар тизимдаги қўшиб ёзишлар, қонунчилик тизимида шаффофликнинг йўқлиги, давлатнинг кучсиз кадрлар сиёсати;
  3. Ижтимоий-маданий – жамиятнинг интизомсизлиги, фуқароларнинг тартибсизлиги ва ахборотга эга эмаслиги, жамоатчилик пассивлиги ҳамда ҳуқуқий билимнинг камлиги ёки йўқлигидир. 

Юқоридаги фактларга қўшиб яна бир қанча омилларни келтиришимиз ва инсон туғилишидан, то вафот этгунича содир бўладиган коррупсион ҳодисаларни бирма-бир айтишимиз мумкин. Лекин мавзуимизнинг асосий қисми шу билан ўтиб кетиши хавфи бор. Демак, коррупцион ҳолат келиб чиқишининг қисқача сабабларини билиб олдик. Энди атрофимиздаги порахўрлик ва таъмагирликларга назар ташлаймиз. Хусусан, Жиззах ҳақида.

Жиззах вилоятидаги коррупцион ҳолатлар сўнгги 2-3 йил ичида шов-шувли тарзда ёйила бошланди. Чунки мана шу йилларда очиқлик сиёсати, ижтимоий тармоқлар ривожланиши ва жамоатчиликнинг бунга бефарқ эмаслиги Жиззахда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига қараганда кўпроқ порахўрлар бор деган маънони англатди. Аслида вазият қандай? Аслида ҳам ҳақиқат бу гап-сўзлардан йироқда эмас. “Сўз исботи билан”, - деганларидек, Жиззахда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан таништиришга ҳаракат қиламан.

Коррупционер амалдорлар

“Номзод”ларни саралашда қонун ҳимоячилари бўлган прокурорлардан бошлаймиз. “Қонун хизматчиси бўла туриб коррупцияга қўл урадими?”, деган савол туғилса, ажабланманг. Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Янгиобод тумани прокурори ўринбосари 8 000 АҚШ доллар пора билан, сентябрда яна бир туман прокурори 2 000 АҚШ доллари билан, 25 октябрда Жиззах шаҳар суди судьяси 1 500 АҚШ доллари билан, 21 март куни Дўстлик тумани суди раиси 11 000 минг АҚШ доллари билан ҳамда 6 май санасида Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари 2 000 АҚШ доллари ашёвий далиллари билан ушланган. Булар 2021 йилнинг ўзида аниқланган ҳолатлар. Ҳали аниқланмагани ва ўз қора ишида давом этаётганлари қанча бўлиши мумкин. Эътибор қилинг, бу ҳолатлар Жиззахда содир бўлмоқда.

Юқорида мисол қилиб олинган шахслар Ўзбекистон миқёсида олиб қараганда денгиздан томчи бўлиши мумкин. Бундайлар ўзининг ва яқинларининг манфаати йўлида қонун ва жазодан қўрқишмайди. Коррупцияга паст қатламдагилар эмас, юқори ўринда турувчи амалдорларнинг ўзлари қўл уриши – тизимнинг “синган”лигини англатади.

Мен бу гап-сўзлардан кейин қуйи бўғимдаги порахўрлик ва таъмагирлик ҳақида ёзишим шарт эмас деган тахминга келдим. Айримларнинг ўз манфаати йўлида қилаётган ишини кўриб кулгингиз қистайди. Яъни коррупциянинг шундай турлари борки, фолбинлик орқали ҳам битади. Мисол учун бир фолбин фирибгар бор. Унинг олдига одамлар депутат ва ҳоким бўлишни сўраб келишади. Сизга ҳолат қанчалар аҳмоқона туюлмасин бу Ўзбекистонда, бу Жиззахда содир бўлмоқда.

Қизиқарли таҳлил

Шу ерда сизга бир қизиқ маълумот: Дунёнинг энг нуфузли молиявий нашрларидан бири The Economist жуда қизиқ мақоласига кўра, қайси давлатларда ортиқча вазнга эга сиёсатчилари кўп бўлса, ўша ерда коррупция ҳолати кўп учрар экан. Таниш ҳолатми? Бизнинг онгимиз “раис бува” ҳамда “ҳоким бува”ларни семиз тасаввур қилади ва бу азал-азалдан шаклланган. Ўйлаб кўрсак ҳозир ҳам миямиз бу гап ҳақиқатга яқинлиги тўғрисида сигнал беради. Яхши, энди жиддийлашиб мавзуга қайтамиз ва статистик рақамлар билан танишамиз.

Коррупцион ҳолат бўйича ярим йиллик таҳлил

Антикоррупция агентлигига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2 минг 544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1 минг 676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган. Қайд этилишича, 107 та Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 74 та Халқ таълими вазирлиги, 69 та давлат улуши бўлган давлат ташкилотлари, 66 та банк, 64 та Мактабгача таълим вазирлиги, 55 та Транспорт вазирлиги ва бошқа бир қанча вазирлик ва ташкилот мансабдорлари коррупцион жиноят билан қўлга олинган. Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 млрд сўмлик моддий зарар аниқланиб, шундан 170,8 млрд сўми ёки (28%) ундирилиб, 421,7 млрд сўм Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ томонидан ундирилиши белгиланган.

 

“Очиғини айтиш керак, ҳали бизда ўғрилик кўп. Коррупция кўп. Ҳеч шубҳасиз, бу моддий зарарлар айбдорлардан ундириб олинади. Коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилишга қаратилган сиёсат келгусида ҳам қатъий давом эттирилади”, дейди ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Хорижий ташкилотларнинг Ўзбекистонга берган баҳоси

“Transparency International” халқаро нодавлат ташкилоти томонидан юритиладиган “Коррупцияни тасаввур қилиш 2020 индекси” бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикаси 26 балл билан 146-ўринни эгаллаган. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан, Қозоғистон - 38 балл билан 94 ўринда, Қирғизистон – 31 балл билан 124 ўринда, Тожикистон – 25 балл билан 149 ўринда ва Туркманистон – 19 балл билан 165 ўринни эгаллаб турибди.

 

Муаммонинг ечими ва ривожланиш сари илк қадам

Ўзбекистонда сўнгги йилларда коррупцияни йўқотиш ёки бундай ҳолатларни камайтириш юзасидан яхшигина ташкилий ишлар бошланди. Агентликнинг ташкил қилиниши ва ижро ҳокимиятида назоратнинг кучайтирилиши ҳамда Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши тузилиши шулар жумласидандир. Масъул ташкилотлар ўзларининг коррупцияга қарши курашишга хизмат қиладиган лойиҳаларини ишга туширди. Бу лойиҳаларнинг натижа беришига албатта, вақт керак. Шу боисдан кўпчиликнинг фикрига кўра ҳанузгача коррупция билан курашилмаяпти деган фикр уйғонмоқда.

Коррупция энг юқори бўлган соҳалар – қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, давлат хизматлари ва бошқа соҳаларда янгиланишлар ҳамда янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу борада ҳуқуқий, иқтисодий ташкилотларнинг ташаббуси орқали “очиқлик”, “тендер”, “кадрлар масаласи”, “амалдорларнинг бойлигини декларациялаш”, "манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш", “open budjet”, “давлат ҳаридлари” ва яна бир қанча атамалар тизимларда ислоҳотлар натижаси ўлароқ қаралмоқда. Бундан ташқари шу йилнинг ўзида коррупция билан муросасиз курашиш бўйича преиздент томонидан иккита қонун ҳужжати қабул қилинди ва бу билан бемалол Lex.uz сайти орқали танишишингиз мумкин. Унда нафақат бу икки ҳужжат, балки коррупцияга қарши курашишда билимингизни оширувчи бошқа қонун ҳужжатлари ҳам мавжуд.

Умуман олганда, тизим ўзгармоқда, лекин мавзуимиз “қаҳрамон”лари ҳам қарама-қарши томонга ўзгаришмоқда. Аммо улар бир жиҳатни унутишмоқда! Улар бугун бойлик, машина, данғиллама уй ва бир пулга қиммат обрў-эътибор топишлари мумкин. Бироқ, унинг касрига қуйи поғонада қанчадан-қанча одамлар қийналишаётгани, муаммолар кўплигидан стрессга тушиб турли касалликлар орттираётгани, ҳаттоки ўлим билан якунланаётганига гувуҳ бўлиш оғир ботади. Яъни мен ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолар – йўлнинг носозлиги натижасида минглаб инсонлар ҳалок бўлиши, уйини иситолмагани учун ҳавфли бўлсада газ ёқиб тунда вафот этиши, бу ойдан бу ойга маоши етмай қимор ўйнаб ютқазганидан кейин ўзини ўлдиришгача бўлган ҳолатларни назарда тутдим. Ўзингдан 10 минг 15 минг километр наридаги одамлар ижтимоий муаммоларни унутиб маза қилиб яшаётганида сен қандайдир тезак ёқиб, чувалашиб юришинг пешонанга битилган тақдирдай туюлади. Айниқса ерости, ерусти ва бошқа ҳар қандай имконияти мавжуд бўлган давлатда шу ҳаёт тарзида яшашинга сабабчилар умуман бошқа ҳаётда яшаши алам қилади. Зеро, коррупция – давлатни емирувчи, инсонни тубанлаштирувчи иллатдир.

Бекжон Жўрақулов