“Автобусга сиғмай қолган” ҳарфлар ёки биз қаерда хато қилдик?

“Автобусга сиғмай қолган” ҳарфлар ёки биз қаерда хато қилдик?

“Cumadm...” Бу сўз деярли ҳар кун қулоғимизга чалинади, аммо у ҳеч қайси луғатда келтирилмаган. Унинг асл талаффузи  бироз бошқача шаклда, яъни “Тушунмадим” тарзида айтилиши керак. Ачинарлиси, бундай сўз  ягона  эмас…- дея ёзмоқда "Zamon.uz" нашри.

Ижтимоий тармоқлар бизга ёрдам бериш билан бирга саводсизлик даражасининг ҳам ошишига сабаб бўлaётгани  кўнгилни бироз ранжитади. Асосан, ўсмирлар, ёшлар ўзаро суҳбатларда имло қоидаларига деярли  риоя қилмайди. Сўзларни шевада айтилиши бўйича ёзиш, унли ҳарфларни қолдириб кетиш, тиниш белгиларини деярли ишлатмаслик ҳолатлари ижтимоий тармоқларнинг махсус «клавиатура тили» ни юзага келтириб улгурди.

Ҳозирга келиб эса айрим ҳарфларимиз ижтимоий тармоқларда, ўзаро суҳбатларда умуман ишлатилмайди. Келинг,унутилган ҳарфларни бироз ёдга оламиз: «i» ҳарфи, ўз ўрнини борган сари йўқотиб қўйган, баъзида  ишлатилмайдиган, фақат тушиб қоладиган, автобусга сиғмасдан, қолиб кетган йўловчи ҳарфга ўхшайди.

Иккинчи қурбон ҳарфимиз эса «sh»,  фақат алифбода бор, ёзувда ўрнини «w» га топширишга мажбур этилган қўшма бирикмали ҳарфдир. «Warxsz» мана бу эса юқоридаги баъзи ҳарфларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги кўринишидан оддий мисол.

Тиниш белгиларини эса умуман гапиришнинг ҳожати йўқ. «G‘» ҳарфи ўрнига ҳам «g» ёзилаверади.Қўштирноқ эса меҳрибонлик уйига ташлаб кетилган боладек умуман кераксиз.

Инсон табиатан шундай яратилганки, ўзига ҳамма қулайликни яратмоқчи бўлади. Бу техниками, уй-жойми ёки бугун биз тўхталган ҳарфларми… Фарқи йўқ.  

Ҳозирги ривожланган  дунёда ҳар бир шахс  ўз фикрини оммага кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали тарқатмоқда: ёзмоқда, ўқимоқда, фикр билдирмоқда. Шундан кўриниб турибдики, ҳарфлар борасида ҳам қулайликлар яратган. “Ch-с, sh-w, o‘-6, ch-4”- булар эса ана шу қулайликка айрим мисоллар.

Хўш, биз нима учун  «клавиатура тили» ни яратмоқдамиз? Ўзимизга қулайлик бўлиши учунми? Ёки вақтни камроқ сарфлаш учунми?

Ўйлаб кўринг, қачон бутун бир гапни ҳарфларни туширмасдан, тиниш белгилари билан ёзгансиз? 

Бир хорижий фильмдаги айтилган «олуринглар, давлатимиз камайиб қолмайди» гапини бироз ўзгартиб «ташлаб кетаверинглар, ҳарфларимиз камайиб қолмайди» деб айтгувчилар ҳам орамизда йўқ эмас. Лекин, ана шу камайиб қолган ҳарфимизни кейин тополмасдан қолсак ажаб эмас.