Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни биласизми?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни биласизми?

2022 йил 18 январь куни “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-746-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан кучга киради, бунда Қонун 1-моддасининг 1, 2, 6 ва 11-бандлари мазкур Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

▪️Қонун қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, сотувчининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

Янги қонунга кўра:

➖ ишлаб чиқарувчи(ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади;

➖ товарлар (ишлар, хизматлар) учун нақд пулсиз шаклда ҳақ тўланганда, истеъмолчиларга рағбатлантиришлар берилиши мумкин;

➖ товарларни кредитга сотиб олиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганлиги муносабати билан товар қайтарилган тақдирда, товар қайтарилгунига қадар шартнома бўйича истеъмолчи томонидан тўланган пул суммаси унга қайтариб берилади, шунингдек кредит олиш билан бевосита боғлиқ бўлган барча ҳаражатларнинг ҳамда кредит бўйича ҳисобланган фоизлар суммасининг ўрни қопланади;

➖шартномага истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритиш, шунингдек уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни бермаслик таъқиқланади.

➖ Товарда нуқсонлар борлиги ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмаслиги тасдиқланган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) текширув (тест, экспертиза) ўтказишни ташкил қилган истеъмолчи ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органларига товарларни текшириш (тестдан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ қоплаши керак.