“Ҳудудгазтаъминот” фуқароларнинг газ тўлови ва қарзлари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш учун штаб тузган

“Ҳудудгазтаъминот” фуқароларнинг газ тўлови ва қарзлари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш учун штаб тузган

“Ҳудудгазтаъминот” компанияси газ истеъмолчилари томонидан сарфланган табиий газни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва тўлаш билан боғлиқ мурожаатлар билан ишлаш бўйича штаб ташкил қилган. Газ учун номаълум қарздорлиги пайдо бўлган ўзбекистонликлар бу штабга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юзага келган муаммолар қисқа фурсат ичида бартараф этилади.  

Марказлаштирилган ишчи гуруҳни тузишдан асосий мақсад - мамлакатнинг энг чекка бурчакларидан келган фуқароларнинг ҳар-бир мурожаати ёки шикоятига зудлик билан жавоб бериш, етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, газ таъминоти тизимидаги коррупцияни бартараф этиш ва олдини олишдир.

Марказлаштирилган штаб ўзаро ҳисоб-китобларни реал вақт режимида таҳлил қилиш, тўловларни ва табиий газни истеъмол қилиш ҳажмларини солиштириш, хатоларни топиш ва камчиликларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ тузатишга имкон берадиган барча зарур ускуналар ва дастурий таъминот билан таъминланган.

Айни пайтда мазкур штабда 10 нафар малакали мутахассис фаолият олиб бориб, улар билан бевосита “1104” қисқа рақам, 71 281-15-67 (310) рақамига қўнғироқ қилиб ёки Телеграмдаги "Ҳудудгазтаъминот” ишчи гуруҳига мурожаат " гуруҳи орқали боғланиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича марказлаштирилган штаб ўз самарасини кўрсатган. Кун давомида бу ерда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан табиий газ бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар билан боғлиқ 100 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинмоқда. Ўтган 10 кун давомида мингга яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган. Айни пайтда аҳоли билан ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини тузатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

"Ҳудудгазтаъминот" истеъмолчилардан ўзаро ҳисоб-китобдаги муаммолар юзасидан юқоридаги алоқа рақамлари ва гуруҳга боғланишларини илтимос қилиб, тизимдаги кўрсаткичлар ва хатоларни тузатиш бўйича газ таъминоти ташкилотларининг собиқ ходимлари ёки шубҳали шахслар билан келишувга бормасликларини сўрайди.

"Замонавий технологиялар ва дастурий таъминот табиий газ учун қарзларни ўзгартириш бўйича ноқонуний ҳаракатларни аниқлашга имкон беради. Бундай ҳуқуқбузарликлар эса аниқланиб, ахборот ҳуқуқий чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилади”, - дея таъкидламоқда компания.