Sangzor.uz / Cарсон бўлган болалик...

Cарсон бўлган болалик...

Биласизми, фарзанд олдидаги энг қийин танлов отаси ёки онасини танлаш. Бола ҳар иккиси бўлмаса, бахти ҳам, болалиги ҳам тўкис бўлмаслигини билади. Шу сабабдан уларни бирга яшашини, ота ва онали тўкис оиласи бўлишини истайди. “Дадангни яхши кўрасанми ёки ойингни?” деб кўпинча катталар болаларга нотўғри савол беради. Аслида ҳар иккиси ҳам ягона, уларни танлаб бўлмайди. Бироқ мана шу савол билан боланинг оппоқ онгига ғубор қўндирамиз.

Бугун суд мажлисларида ажримлар масаласи жуда кўп қайд этилмоқда. Биз ҳозир статистикани айтишдан йироқмиз. Бироқ, алиментни ўз вақтида тўламагани учун ҳаётининг 2-3 йилини маҳкум сифатида ўтказаётган оталар борлиги айни ҳақиқат. “Ёлғиз она” бўлиб фарзанди ортидан гарчи унга яхши тарбия, кераклича меҳр бермас-да ҳақини талаб қилаётганлар ҳам бор. Бола қачон она меҳрини ҳис этади? Вақти болаларини боқиш учун кўчада ўтса, бу қийинчиликларида, эрининг қилган ишида фарзандларини айблаб, уларга зуғум қилаётган оналар қандай ҳам меҳрли бўлсин.

“Сен етимсан, ҳеч кимга керагинг йўқ!” бу сўзни кўпчилик яхши эслайди. Ижтимоий тармоқларда тарқалиб, аёлга нисбатан тегишли чоралар кўрилганига ҳам кўп бўлгани йўқ. Бир бурчакда мунчоқдай кўзларини жавдиратиб, қаҳр муштидан митти жуссасини тўсаётган қизалоқнинг айби нимада эди? Ёки бўлмаса хорижга ишлаш учун кетаётган аёлнинг дарахтзор чеккасида боласини бўғиб турган вақтида, “Фарзандим ойим мен билан ўйнаяпти деб ўйлади”, дея изтироб билан айтган сўзларидан энди қандай наф! Ахир болаликни ҳис қилмаган гулдай вужуд сўниб бўлди-ку. Ажримлар, оиладаги носоғлом муҳит митти юраклари ҳаприқиб ураётган болаларнинг сўлғин юзларида акс-садо бераяпти. Бола-да, биз уларни бола, дея ноласини эшитмаймиз.

Болаларнинг ҳуқуқларини бузилиши борасида бугун мурожаатлар кўпаймоқда. Хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 325 та мурожаат келиб тушгани ҳақида маълумот берди. Унга кўра:

- вояга етмаган болаларни алимент олиш ҳуқуқига доир 29 та;
- судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг ижро этилмаётганлигидан норози бўлиб 48 та;
- бирга яшамайдиган ота-она ўртасида боланинг яшаш жойини белгилаш борасида ўзаро низо бўйича 43 та;
- судларда боланинг фикрини инобатга олиш, болаларнинг хоҳишига қарши бирга яшамайдиган ота ёки она билан яшаш белгиланганлигидан норозилигига доир 31 та;
- шаръий никоҳдаги аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларига доир 29 та;
- боланинг турар жойга бўлган ҳуқуқига доир 19 та мурожаатлар бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинди ва 48 та мурожаат идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилди. 189 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан маълумотлар олишни сўраб 38 та хат давлат ташкилотларига юборилган.

Фарзандининг бир бора кулгусини эшитиш илинжида дунёларини сарфлаётган инсонлар бор. Ҳар куни Аллоҳга нола қилиб, фарзанд сўраётганлар қанча. Фарзанд аслида Аллоҳнинг неъмати эканлигини ҳар куни қон ютиб, бефарзанд номи остида юрганлар яхши билишади.

Бу рақамларни кўриб, тўғриси ҳайрон қоласан. Бу дегани шунча боланинг моддий аҳволи қийин. Уларнинг қанчаси носоғлом муҳитда улғаймоқда. Ўзимизнинг уйимиз бўлганида ижарадаги совуқ уйда ўтирмасдик, деб отаси ё онасига умид кўзини тикаётган болаларнинг кўзидаги илинжга жўяли бир жавоб борми?

Бир аёл қўшнисига бир даста қоғоз кўтариб чиқибди. “Ўғлимни ишсиз эканин тасдиқлаб беринг, ажрашган келин алимент талаб қилаётган экан”, “Ўғлингиз бинойидек киракаш-ку, ахир фарзанд уники, қанча пул тўламасин, отанинг ўрни бўлак”, дебди қўшнилар. Мана шунақа, ўз суягидан тониб, ҳужжат қилиб юрганлар бор.

Бугун болаларнинг меҳнатидан ҳар доимгидан кўп фойдаланяпмиз. Атрофингизга қаранг, бозорда сув сотиб юрган бола, автобусда чиптачилик қилаётганлар бор. Йўл бўйида машиналарни тозалашга қатор турган болалар. Болаларимиз болаликни кўрмай, нозик жуссаларига қийинчиликларни олмоқда. Отаси бўлганида пул бериб, уни спортга юборган бўлармиди? Ўртоғи хориж тилида гапириб, тўгаракка борганини айтаётганида қизалоқнинг кўнглидан “менинг ҳам дадам кўп пул топганида, мен ҳам тил ўрганардим”, деган гаплар ўтмайдими?

Ҳа деб бу масалада статистика ҳақида гапириш ёки бўлмаса мурожаатларни муҳокама қилиш эмас, жамиятни кузатиш, одамлар турмуш тарзини ўрганиш тўғри бўлар эди. Ахир бола ўз-ўзидан кўчага чиқмайди-ку. Афсуски, айрим ҳолларда боланинг меҳнатига нисбатан ота-оналарни ёки уларга масъул бўлган инсонларни жавобгарликка тортиб ҳал қиламиз.

“Унинг шароити йўқ, кредит берсак эплолмайди” ёки бир-икки марта моддий ёрдам бергандек бўламиз. Бу каби аксари оилаларда оталар ичадиган, дангаса ёхуд дардманд ва ё оиласини ташлаб кетган, ёлғиз она эса ҳунарсиз... Шундай ҳолларда, бола меҳнатидан фойдаланишга мажбур бўлаётганлар қанча?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ота фарзандига чиройли тарбиядан кўра, яхши одоб беришдан кўра яхшироқ нарса мерос қолдирмаган», деган ҳадислари бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний, ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар». Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар хоҳласангиз, «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Мана шу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».

Болаларимиз фитратида тобора йўқолиб бораётган болаликни қайтариш ўз қўлимизда. Зеро, улар юртма-юрт, судма-суд сарсон бўлишга маҳкум эмас.

Камола Адашбоева
скачать dle 12.0
5-08-2022, 09:19
Ортга қайтиш